Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хотирасига
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оппоқ қорлар Беҳиштлардан даракмиди,
Поёндозлар тўшаб, сизни олиб кетди.
Аҳли Ислом, қулади бир тоғинг яна,
Юрагида армонлари қолиб кетди.
Бу кун гувоҳ бўлдим ғалат ҳодисотга.
— Шайх ўлди! деб бир бандаси эди нолон.
Амриқога етган баттол оёғимни,
Ҳузурига етмагани менга армон...
Дўкон қурдим қатор-қатор, олдим улов,
Ўз ўрнимни топдим не-не давраларда.
Бир боргина суҳбатларин соғинмадим,
Ғофил бўлиб ул муборак лаҳзаларда.
Юзга кирса, мингга кирса бўлмасмиди,
Қуёш янглиғ сочиб илм зиёсини.
Бир шаҳарда, бир даврда яшабманғу,
Олмабман-а биттагина дуосини.
Бу бандага юпанч қайда, пушаймони
Виждонини доғлаб-доғлаб ўртар эди.
Атрофидан кимдир йиғлаб, кимлар бефарқ,
Замондошлар индамасдан ўтар эди.
«Қийналмасдан жон бермоқ ҳам саодатдир!»
Дея қалбга таскин бердим кўкка қараб.
Маволардан титратгувчи наъра келди:
Ҳазратимни риёкорлар еди, Ё Раб!
Йиғланг иним, бир яхшига камайди дун,
Йиғланг оға , алломайи жаҳон кетди.
Юзларидан тараларди илоҳий нур,
Роббим суйган покиза дил инсон кетди.
Фосиқ сиққан, қаллоб сиққан майдонингга
Фаришта қалб фозилингни сиғдирмадинг.
Жоҳиллари устун бўлган жаҳонингга,
Нечук шундай оқилингни сиғдирмадинг.
Фитна бирла қаро қилиб Ислом юзин,
Бир ўзакли биродарлар ётлашмоқда.
Ўзга эмас, ўзингники ўйиб кўзинг,
Қон-қариндош душман каби довлашмоқда.
Йиғла юртим, қадим Кўкча мозорида,
Яна битта дониш дилинг топди ором.
Бу дунёнинг ҳеч тугамас озорида,
Дуоларга маҳтал бўлиб қолди авом.
Чорладими ал-Бухорий суҳбатлари,
Пайғамбарлар саломига муштоқмиди?
Зиёратлар қиёматга қолди, мана,
У Яратган жамолига муштоқмиди?
Йиғла дунё, бир яхшингни асролмадинг,
Энди бошинг емасайди қабоҳатлар.
Одамзодни ҳар куни минг ўлдирмоқда,
Бани башар қалбидаги Қиёматлар.
Муаззам Иброҳимова