Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ҲАЖНИНГ ВОЖИБЛАРИ
Ҳажнинг 20дан ошиқ вожиблари бор. Қуйидагилар шулар жумласидандир. 1. Мийқотдан бошлаб эҳромга кириш.2. Қурбон ҳайитининг биринчи куни тонг отгач, кун ёришгунча, бир лаҳза бўлса ҳам, Муздалифада туриш. 3. Сафодан бошлаб Марвада битириш шарти билан Сафо билан Марва орасида 7 марта саъй қилиш (югуриш).
Изоҳ: Сафо билан Марва Макка шаҳри ичида жойлашган бўлиб, ораси, тахминан, 305 метрча бўлган икки тепаликдир. Ораларидаги ушбу масофа бугунги кунда икки томони дўконлардан иборат кўчадир.Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳиссалом аёллари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни, егулик ва сувсиз бугунги Макка шаҳри жойлашган водийга ташлаб, ўзлари Фаластинга қайтадилар. Шундан сўнг ёлғизлик ва чанқоқликдан сиқилган Ҳожар онамиз бирор-бир ёрдам ёки сув топиш умидида бу икки тепалик орасида югуриб, етти марта у ёқдан бу ёққа бориб келадилар. Ҳаж асносида ҳожилар томонидан бажариладиган саъй ибодати ушбу ҳодисадан қолган..
4. Маккалик бўлмаган ҳожиларнинг видо (хайрлашув) тавофи қилишлари. 5. Қурбон ҳайити ва ташриқ кунларида шайтонга тош отиш.6. Соч олдириш ёки қисқартириш. 7. Тикилган кийимларни киймаслик ёки бош ва юзни ёпиш каби ножоиз ҳаракатларни қилмаслик.
Қурбонлик қилишни лозим этадиган амаллар (ҳажнинг) вожибларидир.1. Эҳромли ҳолда қилиниши тақиқланган барча ҳаракатлардан ўзини тийиш. 2. Каъбани тавоф қилаётганида жунуб ва бетаҳорат бўлмаслик ҳамда аврат жойларининг ёпилиши. 3. Байтни ҳар етти марта айланганидан сўнг икки ракъат намоз ўқиш. 4. Ҳар бир тавофни Ҳатим деб номланган жойнинг (Каъбанинг эски пойдевори) орқасидан бошлаш. 5. .Ҳажарул Асвад қаршисидан бошлаб, Байтуллоҳни чап тарафида тутган ҳолда тавоф қилиш.
ҲАЖНИНГ СУННАТЛАРИ
Ҳажнинг суннатлари жуда кўп бўлиб, ассосийлари қуйидагилардир:1.Эҳромга киришдан аввал ғусл қилиш. 2. Эҳромга кираётганида эҳромнинг суннати ниятида икки ракъат намоз ўқиш. 3.Эҳромга киргач, талбияни кўп айтиш. 4.Маккалик бўлмаганларнинг тавофи қудум қилишлари.
5.Тавофни кўп қилиш. Бу тавоф маккалик бўлмаганлар учун нафл намоздан афзалдир.6.Имомнинг ҳаждаги ибодат тартибларини тушунтириш мақсадида Зулҳижжанинг еттинчи куни пешиндан сўнгра, Маккада хутба ўқиши. 7.Тарвия (Зулҳижжанинг саккизинчи) куни қуёш чиққач, Маккадан Минога йўл олиш ва ўша тун Минода қолиш. Изоҳ: Мино Маккадан 6,5 км шарқда жойлашган шаҳарчадир. «Мино» истак, орзу деган маънони англатади. Аллоҳнинг амри билан Иброҳим алайҳиссалом, ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни мана шу ерда қурбонлик қилишга киришган эдилар. 8. Зулҳижжанинг тўққизинчи куни қуёш чиққач, Минодан айрилиб, Арафотга чиқиш. 9. Иложи борича хушуъ билан ва ёлворган ҳолда, кўпроқ дуо-илтижога ғайрат қилиш.
ЭҲРОМ
Эҳром муайян (жинсий яқинлик, соч ва тирноқ олиш, хушбўйланиш, бош ва юзни ёпиш, тикилган кийим кийиш, ов қилмаслик ва унга ундамаслик, дарахт кесмаслик каби) нарсаларни қилмасликка азм этишдир.Эҳромнинг рукни талбия айтиш (Аллоҳни улуғлаш), шарти эса ният қилишдир.
Муслима Робиа