Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тозалик барчамиз учун муҳим ўринда туради. Озодалигимизга ҳаммамиз эътиборли бўламиз. Аммо шундай нарсалар борки, айнан уларга биз унчалик ҳам аҳамият бермаймиз. Бу қандай нарсалар экан деб қизиқаётгандирсиз? Ҳозир билиб оласиз. АҚШнинг Аризона университетининг Микробиология бўлими олимлари олиб борган тадқиқотлари натижасида, улар хонадонимиздаги энг микробли 10 та ашёни аниқлашди. Улар қуйидагилар: 1. Ошхонамиздаги тахтакач. Тахтакашни доимо иссиқ сувда ювиб, сўнг яхшилаб артишимиз лозим. Мутахассисларнинг тавсия этишларича, уйимизда камида 6 та тахтакач ишлатишимиз лозим экан: товуқ, балиқ, гўшт маҳсулотлари учун, қайнатилган сабзавотлар учун, нон учун, мевалар учун алоҳида-алоҳида тахтакач ишлатиш лозим.
2. Уй телефон гўшаги. Телефон гўшагини 2-3 кунда бир яхшилаб артиб туриш керак. Уни тозалаш учун, гўшакни аввал нам латтада, кейин қуруқ латта билан артиш керак бўлади.
3. Идиш-товоқ учун мочалка. Уни ҳар хафта янгилаб туриш маслаҳат этилади.
4. Ҳаммом пардаси. Ҳаммомингиздаги пардани ҳам ойда бир марта алмаштириб туриш керак. Акс ҳолда, у ўзида барча зарарли микробларни йиғиб ўтиради.
5. Ахлат челак. Ошхона, ҳаммом ва ҳожатхонадаги ахлат челакни бир ойда 2 марта махсус суюқликлар билан дизенфекциялаш керак.
6. Кир ювиш машинаси. Кир ювиш машинаси ҳам ўзида микробларни тўплаш хусусиятига эга. Кир ювиш машинаси ичидаги резина зичлагични ҳам 1 ойда 2 марта махсус суюқликлар билан дизенфекциялаш лозим.
7. Пульт. Қўлдан қўлга ўтадиган пультни тозалаш учун қоғоз сочиқчадан фойдаланишингиз мумкин.
8. Эшик дастаги. Уй тозалаш вақтида аҳамиятсиздек туйилган эшик дастаги, микроблар учун аслида катта аҳамиятга эга. Эшик дастагини ҳар куни уй тозалагандан сўнг, антибактерияли нам сочиқда артиш керак.
9. Тиш чўткаси. Тиш чўткаси бизни ишимизни енгил қилиб, тишларимизни тозалаб беради, аммо аслида унинг ўзи ёрдамга муҳтож ҳисобланади. Уни тозалаш учун тиш пастасининг ўзи кифоя. Тиш пастаси билан уни иссиқ сувда ювишингиз керак.
10. Компьютер клавиатураси ва сичқонча. Уни тозалаш учун, аввало, компьютерингизни токдан суғуришингиз керак, сўнгра чангютгичнинг юмшоқ чўткаси билан клавиатурангизни тозаланг. Аввал нам мато билан, сўнг қуруқ матода артинг.
ДИҚҚАТ!!! Нам ва илиқ нарсалар бактериялар ривожи учун ҳақиқий ўчоқлигини унутманг!
Maslahat.uz сайтидан олинди.