Шафоат ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шафоат» луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашни англатади. Кўпинча, шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан пастроқ одамнинг тарафини олиб, унга маънавий ёрдам бериши ила содир бўлади.

Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳнинг ҳузурида шафоат берувчилар ҳам гуноҳкорларга кўмак берадилар. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда қиёмат куни шафоат берилиши ҳақида бир қанча хабарлар келган.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (255-оят).

Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси, ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто, ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади. Бу сифат ўтган оятдаги «... ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканлигини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида, Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади: «У Зот ишнинг тадбирини қилур. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас» (Юнус: 3).

Бу оятда ҳам шафоат фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан бўлиши таъкидланмоқда.

«У Зот ишнинг тадбирини қиладир.»

Бу дунёда нима иш бўлса, ҳаммасининг тадбирини Аллоҳ қилади. Ҳар бир ишнинг аввали ҳам, охири ҳам, фойдаси ҳам, зарари ҳам, бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ана шу сифатларга эга бўлган Зот бандаларига шафоатни ҳам жорий қилади.

«Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас.»

Демак, Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди.

Аллоҳ таоло «Марям» сурасида шафоат ҳақида қуйидагиларни айтади: «Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлар)» (87-оят).

Қиёмат куни ҳеч ким бировни шафоат қила олмайди ва бировнинг шафоатидан баҳраманд ҳам бўла олмайди. Бундан мустасно бўладиганлар, шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермас», деган (109-оят).

Қиёмат кунида ҳеч кимга шафоат фойда бермайди. Биров ўртага тушиб, бировни оқлай олмайди. Фақат Аллоҳ бу дунёдаги сўзидан – «Ла илаҳа иллаллоҳу»ни айтганидан рози бўлиб, Ўзи шафоат қилинишига изн берган киши учунгина шафоат,иншоаллоҳ, фойда беради.

Қиёматдаги шафоат ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг шафоатим умматимдан аҳли кабоирларгадир», – дедилар.

Муҳаммад ибн Али айтадики: «Менга Жобир «Эй Муҳаммад! Ким аҳли кабоирлардан бўлмаса, унинг шафоат билан нима иши бор!» – деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ҳузуримга Роббим ҳузуридан бир келувчи келди ва менга умматимнинг ярми жаннатга кириши ёки шафоат берилишидан бирини ихтиёр қилишимни сўради. Мен шафоатни ихтиёр қилдим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлган одамгадир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларгадир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен жаннатга шафоат берувчи биринчи одамман. Мен набийлар ичида эргашувчиси энг кўпиман», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг умматимдан бир катта жамоага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир қабилага шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир уруғга шафоат қиладиган кимса бор. Улардан бир кишига шафоат қиладиган кимса бор. Улар жаннатга киргунларича шафоат қиладилар», – дедилар».

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳид ўз аҳли байтидан етмиш кишини шафоат қилади», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: анбиёлар, уламолар ва шуҳадолар», – дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шафоат ҳақида келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни қисман ўрганганимиздан кейин, баъзи хулосалар қилсак ҳам бўлади. Шафоат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф ила собит бўлган ёрқин ҳақиқатдир. У ақлан жоиз ва шаръан вожиб нарсадир.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби шунга иттифоқ қилгандир. Фақат Хаворижлар ва Мўътазилийлар бунга хилоф қилишган. Улар ўзларининг «Гуноҳкорлар дўзахда абадий қолурлар» деган фикрларига таассуб қилиб, шу фикрга кетганлар. Ҳозирги кунда ҳам баъзи бир хавориж ёки мўътазилий фикрида бўлиб, шафоатни инкор қиладиганлар, онда-сонда бўлса-да, учраб туради. Улар ўз фикрларига далил ҳам келтирадилар.

Биринчи далиллари «Муддассир» сурасидаги: «Бас, уларга шафоатчиларнинг шафоати манфаат бермайдир» оятидир (48-оят).

Иккинчи далиллари «Ғофир» сурасидаги: «Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» оятидир (18-оят).

Улар бу оятларни далил қилишлари хатодир. Чунки бу икки оят кофирлар ҳақида келган. Шафоат эса мўмин-мусулмонлар ҳақида бўлади.

Шафоат беш қисмга бўлинади:

- Биринчи қисм: Улкан шафоат. Бу шафоат барча халойиқ учун бўлиб, одамлар маҳшар даҳшатидан бироз роҳатлантирилади ва ҳисоблари тезлаштирилади.

- Иккинчи қисм: Баъзи қавмларни жаннатга ҳисоб-китобсиз киритиш учун бўлади. Бу икки шафоат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғиз ўзларига хосдир.

- Учинчи қисм: Баъзи аҳли жаннатларнинг жаннатдаги даражаларини зиёда қилиш учун бўлади.

- Тўртинчи қисм: Баъзи дўзахга тушиши вожиб бўлган қавмларни ундан қутқариб қолиш учун бўлади.

- Бешинчи қисм: Баъзи гуноҳкорларни дўзахдан чиқариб олиш учун бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Исломда поклик иймондандир. давоми...

18:52 / 12.11.2019 2127
«The Herald» газетасининг интернетсайти машҳур футболчи, Асли Того мамлакатида туғилган, ҳозирда «Тоттенхэм» давоми...

17:30 / 12.02.2017 4788
Бас, Биз унинг дуосини ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз. Анбиё, давоми...

06:33 / 28.12.2016 2695
  Шуни эсда тутингки, инсоннинг гўдаклигидаги бахтиёрлиги унинг ёшлигида ҳам, ўсмирлик даврида ҳам, балоғат давоми...

20:35 / 11.03.2017 4438