Ўтган салафи солиҳлар билан бугунги халаф (ўринбосар)лар ўртасидаги фарқ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳамнафас бўлиш неъматини берган биринчи гуруҳ мусулмонлари ва улардан кейин келган салафи солиҳлар Аллоҳ таоло бизларни мушарраф қилган ушбу динга итоат этиб ўтдилар.
Дин уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаган томонга, яъни қудрат, куч, бошчилик ва бирдамликка етаклаб борган эди.
Кейинчалик улардан сўнг ортларидан ўринбосарлар келиб, улар ҳам ушбу динга кирдилар. Лекин улар динни ўзлари хоҳлаган томонга бошлаб борувчилардан бўлишни истадилар.
Улар динни ҳавойи истаклари учун улов, орзу-мақсадларига етказувчи йўл қилиб олдилар.
Бас, кейин уларнинг ҳавойи истаклари уларни хорлик, таҳқирланиш ва бўлиниб парчаланишнинг сўнгги чегарасигача тушириб, таназзулга учратди.
Мен сизларни ушбу ўтган салафлар билан кейинги халафлар ўртасидаги фарқни мулоҳаза қилишларингизни хоҳлар эдим.
Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлайдиган жойга олиб борувчи динга бўйсундилар, биз эса динни ўзимизнинг ҳавойи нафсларимизга ва орзу-истакларимизга олиб борувчи жойга тобе қилдик.
Ўтган салафлар ва кейинги халафларнинг барчалари зоҳиран қараганда ушбу динга боғлиқ ва уни маҳкам тутувчилардан ҳисобланадилар. Лекин бир нарсани ўзига етакчи қилиб ушлаган киши билан ўша нарсани ўзининг ҳавойи истакларига тобе қилиб ушлаган киши ўртасида катта фарқ бор.
Бу бугунги мусулмонлар билан кечаги ўтган мусулмонлар ўртасидаги қисқагина фарқдир.
Лекин нима учун бундай фарқ юзага келди? Нима учун Расулуллоҳга ҳамнафас бўлган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейин келган салафи солиҳларнинг Исломи Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми?!» – деган сўзини очиқ ва равшан кўрсатиб турган? Нима учун уларнинг воқеликлари бундай бўйсунувчанликни намоён этувчи бўлган? Нима учун бизнинг ҳолимиз Исломни ўзимиз учун бўйсундириш даражасига етиб келди? Нима учун биз Исломни ўзимизнинг ҳавойи истакларимиз учун бўйсунадиган хизматчига айлантирдик? Фарқ бир нарсада, у ҳам бўлса, ўша биринчи гуруҳ мусулмонлар юзлари ва қалблари билан юзланган Исломида Аллоҳ азза ва жаллага содиқ бўлганлар. Улар Аллоҳнинг: «Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин». Каҳф, 110-оятига бўйсуниб, унга эргашганлар.
Яъни Аллоҳ таолонинг тўғри йўлида ҳаракат қилаётганида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога шерик бўлиш учун унинг қалби ва ҳис-туйғуларига сизиб кирадиган бирор нарсага илтижо қилмасин.
Улар Аллоҳ таолонинг: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», – деган сўзига бўйсунишда барчага намуна бўлганлар.
Содиқлик, бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ азза ва жалланинг динига самимий бўлишдир.
Мўмин, динини Аллоҳга ихлос билан бажарувчи бўлгандагина, содиқ бўлади. Инсон, тили ва дили билан Аллоҳга содиқ бўлсагина, самимий мухлис бўлади.
Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга буюрилган эдилар» – деган сўзининг изидан боришда ҳаммага ўрнак бўлганлар. Аллоҳ азза ва жаллага садоқатли бўлиб, инсонлар мақтовини ва ҳавойи истакларининг улушини четга суриб қўйганлар ва муросасизлик ва барча ғаразлардан ажраб ўзларини четга олганлар. Ҳатто уларнинг қалблари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ишонч ва муҳаббат билан юзланиш учун бошқа нопокликлардан тоза бўлган покиза идишга айланишгача етиб борган.
Ана шунинг учун улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйсунганлар, ана шунинг учун улар Аллоҳнинг динига эргашганлар. Нафслари ва ҳавойи истакларидан воз кечиб, Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсага тобе бўлганлар.
Улар ўз жиловларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло динининг қўлига топширган эдилар, улар бу динни бўйсундирувчи бўлмаганлар. Шунинг учун ҳам улар унинг шариатига омонатдор, ақидаларига вафодор бўлиб, бу диннинг ақоидларидан бирор нарсани алмаштириб бу буюк диндаги мустаҳкам ўрнашган қонунларнининг бирортасини ўзгартирмаганлар.
Бу уларнинг Исломи ва Аллоҳ таоло айтганидек, унга таслим бўлишлари эди.
Аммо биз! Биз ташқи кўринишдан тамоман уларга ўхшашмиз. Шиорларга тўхталадиган бўлсак, биз улардан кўра порлоқ, кенг ва ялтироқ шиорларга эгамиз, даъво қилишда, эҳтимол, улардан ҳам ўтиб кетганмиз. Лекин улардан бизни ажратиб турадиган нарса шуки, бизларнинг қалбимиз у инсонларнинг қалблари каби тоза ва мусаффо эмас. Ҳавойи истакларимиз ҳаётимиз тарзини эгаллаб бўлган.
Ҳис-туйғуларимиз, орзу-истакларимиз қалбларимизга моғор бўлиб ўрнашган дунё муҳаббатидан иборат...
Буларнинг бари ички яширин вужудимизни эгаллаб бўлган. Шунинг учун Ислом овози бошқа баланд овозлар орасида ва қалбимизда тинчиб ўчган ва Аллоҳга бўлган ихлосимиз йўқолган. Риё, ҳавойи нафс ва унинг истаклари, муросасизлик сизиб кирган. Оқибатда ақлдан озиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», – деган сўзини тутиб туришдан узоқлашувчи кишилардан бўлиб қолдик. Шу туфайли Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», – деган сўзидан йироқлашувчи кишиларга айланиб бўлдик.
Натижа нима бўлди? Натижада бу динга ҳар хил ҳийла найранг ишлатдик, ҳатто уни ҳавойи истакларимиз ва орзу-ҳавасларимиз орқали бошқариладиган қилдик. Хуллас, бу катта фарқнинг сабаби, улар динларида Аллоҳга содиқ бўлиб, Аллоҳнинг ҳукмронлиги ва қарорига бўйсундилар ҳамда омонатдор бўлиб уни ўзгартирмадилар. Аммо биз ҳавойи истакларимиз ва орзу-ҳавасларимизга таслим бўлдик. Бу натижанинг хулосаси шу бўлдики, биз ўзгардик ва бунга парво ҳам қилмадик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларини унутдик ёки ўзимизни унутганга солдик. Балки оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолонинг буйруқларини ва Расулуллоҳ вафотларидан бир неча кун олдин қабрлар олдида туриб айтган саҳиҳ ҳадисда келган маълум ва машҳур ушбу сўзларини ёдимиздан чиқардик.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлар олдига келиб:
«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз», – дедилар.
Кейин яна: «Мен дўстларимизни бир кўргим келди», – дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз дўстларингиз эмасмизми?» – дедилар.
У Зот: «Сизлар саҳобаларимсиз. Дўстларимиз эса ҳали келганларича йўқ, мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчилариман», – дедилар.
Кейин яна: «Огоҳ бўлинким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар. Шунда мен уларга: «Ҳой, бу ёққа келинглар», – деб айтаман.
Шунда: «Батаҳқиқ, сен билмайсан, улар сендан кейин қанчалар ўзгартириб юборадилар», – дейилади.
Мен: «Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар, дейман», – дедилар».
Мен Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтаётган ана шу нарса бизнинг ва бизга ўхшаганларнинг бошига тушган, деб ўйлайман. Мана, кўриб турибсизлар, қанчалик алмаштириб, ўзгартириб ташладик, алмаштириб, ўзгартиришга қанчалар мойил бўлдик. Уламолардан бирлари: «Қаерда маслаҳатни (манфаат) топсанг, у ерда Аллоҳнинг шариати бор», – деган машҳур сўз кўп одамлар томонидан қанчалар кўп жаранглади.
Айтдилар: «Ҳукмларнинг ўзгариши замонлар ўзгаришига қараб бўлади». Бу ҳавойи шаҳватга эга бўлган кишиларни ўйинга туширадиган нарсадир. Бу – Исломга макру ҳийлалар тўқиб ҳатто уни ўзларининг орзу-ҳавасларига бўйсундиришни хоҳлаган ўша дунё эгаларини ўйинга туширадиган нарса.
Улар ўзларини ана шу сўз билан беркитадилар.
«Ҳукмларнинг ўзгариши замонлар ўзгаришига қараб бўлади». Улар бу сўзни фаҳмига бориш масъулиятини ўзларига юкламадилар. Агар замон ўзгарса, ҳукмлар қайси қонун билан ва қайси сабаб билан ўзгаради? Бу қонунни ва бу сабабни ким шарҳлаб, ким ёритиб беради? Бу аҳкомлар доим қийинчилик бўлганида осончиликка ўзгартириладиган нарсами?! Бугунги кундаги ҳавойи шаҳват эгалари тушунаётганларидек ҳар доим ҳаромдан рухсатга ўзгариб турадими? Ёки бу алмашиш мана шундай тамом бўлгани каби мубоҳдан ҳаромга, мумкиндан тақиққа кўчиш билан тугайдими?
У ҳам йўл, буниси ҳам йўл, буларнинг ҳар бирини дастури бор, қонун ва ўлчови бор. Унинг қонун ва ўлчовини ўрганишда динларида Аллоҳга содиқ бўлган ушбу диннинг ходим ва соқчиларига мурожаат қилинади.
Мана шу – бизнинг дардимиз, эй дўстларим! Биз Аллоҳга бўлган ихлосни йўқотиб бўлдик.
Сизлар сўрашингиз мумкин: «Бизларни ушбу ихлос неъматига қайтаришнинг иложи борми, бунинг йўли қандай? Бунинг иложи тўғрисида гапирадиган бўлсак, гап кўп, эй дўстларим! Лекин имкониятга қараб ўзим ва сизларга бир нарсани айтаман:
Инсонни хаёли ва туйғуларида ўлимга яқинлашиш қанчалик кўпайса, Аллоҳ таолога бўлган садоқати ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган ихлос лаззатини ҳис қилиши шунчалик кўпайиб боради. Инсоннинг хаёли ўлимдан қанчалик узоқлашса ҳамда ўзини ёш ва ўспирин деб ҳис қилса, шунчалик Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган ихлосдан ҳам узоқлашиб боради.
Ким Аллоҳга ихлосли бўлишни хоҳласа, икки кўзини юмиб, эшигини ўлим тақиллатаётганини ёки тақиллатиш яқинлашганини хаёлига келтирсин. Ўзининг ёшлик, ўспиринлик даври ўтиб кетгани ва бу дунёдан ўтиб Аллоҳга йўлиқиш вақти етганини хаёлига келтириб, кейин қалбига мурожаат қилсин.
Шунда ўзининг қалбида Аллоҳнинг динига бўлган ихлос уйғонаётганини ҳис қилади. Ҳавойи истак ва орзу-ҳавасларнинг бари йўқолиб, қалбининг тубида бир овоз жаранглайди. Билингки, у натижа ва оқибатдан огоҳлантириш, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога садоқатли бўлишдир.
Инсон қачон вақти тугашини билмайди. Уни ўзининг ёшлик кунлари ва кучга тўлган ўспиринлик даври алдаб қўймаслиги керак. Ўлим ёшу қари демайди, кучлик билан кучсизнинг фарқига бормайди.
Ўлим доим Аллоҳнинг:
«Ажаллари келган вақтида бирор соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», – деган сирли қарорига мувофиқ уларни пойлаб териб олади.
Агар инсон ўлимни кўз ўнгига келтирса, унинг қалбидаги дунё ўчиб кетади. Агар инсон ўлимдан узоқлашса, дунё унинг қалбини эгаллайди.
Мана шу қисқача даводир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан доимо ўлимни кўз ўнгимизга келтиришини сўрайман, тоинки шу билан ҳавойи истакларимиздан қутулиб, кейин Аллоҳга бўлган ихлос таъмини тотайлик.
Ушбу сўзимни айтиб, Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
21 апрель 1995 йил.
Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.
15 февраль 2016 йил.