Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир кекса отахон набираси билан тоғлар орасида яшар экан. Ҳар тонгни Аллоҳнинг каломи Қуръон қироати билан ўтказар экан. Набираси бобосига ўхшаш учун ҳар ишида унга тақлид қиларкан. Бир куни: «Бобо, мен ҳам Қуръонни сиз каби ўқишга ҳаракат қиламан, аммо ҳеч нарсани тушунмайман. Мусҳафни ёпишим биланоқ барча ўқиганларим эсимдан чиқиб кетади. Тушунмадим, унда Қуръон ўқишдан нима фойда?» – деб сўрабди бола.
Сандалга кўмир қалаб турган қария жавоб берди: «Кўмирнинг саватини олда, сой бўйига бориб, унда тўлдириб сув олиб кел».
Бола харчанд топшириқни бажаришга уринмасин, уйга қайтгунча саватдан сув оқиб тугарди. Буни кўрган бобо кулиб, тезроқ ҳаракат қилишини тайинлади. Бу сафар бола югуриб сув олиб келишга уринда, бироқ яна бунинг уддасидан чиқа олмади. Саватда сувни ташиб бўлмаслигини айтиб, болакай челакни қўлига олди.
Шунда бобо эътироз билдириб: «Менга челакдаги эмас, саватдаги сув керак. Сен фақатгина бор кучингни сарф қилмаяпсан», – деди.
Болакай, барибир, натижа чиқмаслигини кўрсатиш учун саватдаги сув билан олдингидан ҳам тезроқ югурди. Лекин бобосини қошига етганда сават бўм-бўш эди. «Кўрдингизми бобо, барибир, фойдаси йўқ», – деди ҳолдан тойган бола.
«Ростдан ҳам бефойда деб ўйлайсанми? Саватга бир қара-чи», – жавоб қилди қария. Боланинг қўлидаги қоп-қора сават ички ва ташқи тарафлари бир хилда тоза бўлганини кўрди.
«Мана, болажоним, Қуръон ўқиганингда нима юз беради. Ҳеч нимани тушунмай, эслаб қолмаслигинг мумкин. Бироқ уни қироат қилаётганингда сенинг ички ҳамда ташқи дунёйингни ўзгартиради. Шу тарзда Аллоҳ ҳаётимизни изга солади».