Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бизларни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилиб яратган ва Ўзининг мукаммал дини Ислом орқали биз аёл, зотини улуғлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ва Ўзи билган ададича ҳамду санолар бўлсин.
Умматларига аёлни ҳурмат ва эҳтиром қилишда энг юксак намуна бўлган, аёл зотига қандоқ муомалада бўлишни ҳадислар орқали таълим берган, Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин. «Islom.uz» портали қошидаги« Muslimaat.uz» сайти мана 9 йилдирки, халқимизга динимиз йўлида, Аллоҳ таоло қодир қилганича, холис хизмат қилиб келмоқда. Ҳозирда сайтимиз портал ичидаги ўз фойдаланувчилари сони жиҳатидан юқори ўринда турувчи сайтлардан бири ҳисобланади. «Facebook» ижтимоий тармоғи эса 1300 дан ортиқ ўзининг ўқувчиларига эга ва кундан кунга уларнинг сони ортиб бормоқда. Албатта, бунда устозимиз Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг, сайтимиз ходим ва ходималарининг ва ўзларининг холис хизматлари билан кўмак бериб турувчи кўп сонли инсонларнинг хизматлари каттадир. Ўтган бир йил давомида сайтимизда анчагина янгиликлар ва ўзгаришлар амалга оширилди. Устозимиз Одинахон Муҳаммад Юсуф ташаббуслари билан сайтимиз янгича кўринишда намоён бўлди. Жорий йилнинг январида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган мавлуд ойини сайтимизда ҳақиқий байрамона руҳда ўтказишга муваффақ бўлдик. Ушбу ойда сайтимизда мавлуд ойига бағишланган туркум мақолалар ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини халқ оммасига тарғиб қилувчи «Суннатга амал қилайлик» рукни остида кундалик суннатлар бериб борилди. Аёл ва қизларимизни диний билим ва савияларини ошириш мақсадида ташкил қилинган сийратга оид танловимизда ҳам сайтимиз фойдаланувчилари фаол қатнашдилар. Уларнинг ичидан беш нафарини ғолиб деб топдик ва эсдалик совғалари билан тақдирлашга муяссар бўлдик. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг февраль ойидаги Кувайт давлатига қилган сафари «Muslimaat.uz» Кувайтда» рукни остида бир ҳафта давомида репортажлар орқали ёритиб борилди ва бу ўқувчилар томонидан жуда яхши кутиб олинди. Сайтимизда болалар тарбиясига бағишланган янги «Фарзанд» бўлими очилди. Бўлим икки қисмдан иборат бўлиб, фарзанд тарбияси ва болажонлар номли кичик бўлимларни ўз ичига олади. Бу бўлимларда оналар учун ва болажонларнинг ўзлари учун тайёрланган мақолалар мунтазам равишда қўйилиб борилмоқда. Сайтимиздаги яна бир янгилик «Психолог маслаҳати» хизматининг очилишидир. Ушбу хизмат орқали сайтимиз фойдаланувчилари ўзларининг шахсий ҳаётида юз бераётган ва уларни қийнаётган муаммолари юзасидан савол бериб, мутахасис-психолог томонидан жавоб олишлари мумкин. Ва албатта, иккала томоннинг суҳбати махфий тутилади. Келажакда сайтимиз фаолиятини кенгайтириш мақсадида бир қанча ишларни амалга ошириш ниятидамиз. Жумладан, болалар тарбиясига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказиш, аёлларимиз маърифатини оширувчи турли танловлар ўтказиш, мультимедиа маълумотларини кўпайтириш, Ғаззолий, Шаъровий, Надавий, Рамазон Бутий каби машҳур ва кўзга кўринган Ислом уламоларининг ҳаётлари билан халқимизни яқиндан таништириш ва уларнинг асарлари таржималарини мунтазам равишда сайтга қўйиб бориш каби ишларни амалга оширмоқчимиз. Ушбу хайрли ишларни бажаришда Аллоҳ таолодан нусрат ва сиз, азизлардан дуои хайрлар сўраб қоламиз.