«Омина» 1 ёшга тўлди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл – беназир мавжудот. Аллоҳнинг яратмишлари ичида ўхшаши йўқ нозик бир ҳилқат. Асрлар бўйи аёл зоти гоҳ мақтов, мадҳиялар қанотида самоларга учирилди, гоҳ мазамматлар арқонига маҳкам боғлаб, ер қарига улоқтирилди. Унга «ақли ноқис, шу боис аёллардан пайғамбар чиқмаган», «аёл одам эмас, шайтоннинг урғочиси» деган ноўрин ва қабиҳ таъна-маломаттлар чопланди.

Нодон инсон пайғамбарларни ҳам она, яъни аёл туққанини назарга илмади. Фиръавн Яратганни тан олмай, ўзини «илоҳ» деб эълон қилганида, унинг саройида туриб, унинг хотини бўла туриб, Аллоҳни таниган, унинг розилигини истаган Осиё бинти Мазоҳим ҳам аёл эканини инсон унутди.Яман маликаси Билқис бинти Шароҳил Сулаймон алайҳиссаломнинг даъватлари билан ҳеч тараддудсиз Аллоҳга иймон келтиргани ва тахтдан воз кечгани, анча-мунча эр кишини қўлидан келмаслигини тушунмади.Аллоҳ ҳузурида руҳ илқо қилинишидан Исо алайҳиссаломдай Пайғамбарни отасиз дунёга келтирган Биби Марям ҳам аёл эканини унутди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва умр бўйи фахри коинотга сафдош, кўмакдош, сирдош бўлган Хадича бинти Хувайлид ҳам аёллар жумласидан эканлигидан фаромуш бўлди. Ислом динигина аёлнинг даражасини кўтарди, унинг ҳақ–ҳуқуқларини ҳимоя этди. Унга саодат эшикларини, нажот манзилларини кўрсатиб берди. Бугунги кунда муслималар дунёдаги барча ҳамжинслари ичида энг саодатлиси, энг бахтиёри, энг арзандаси ва ҳурматга сазоворидир. Бундан бир йил муқаддам сайтимиз қошида аёлларимиз учун махсус бир илмий-маърифий журнал чиқариш ғояси устоз Абу Муслим томонидан таклиф қилинган эди. Ва биз« Муслимаат.уз» сайтига ҳам бу таклиф жуда маъқул келди. Журнал қандай рукнлардан иборат бўлади, кўпроқ нималар ҳақида ёритилса, аёлларимиз учун манфаатли бўлади, кўпроқ нималарга аҳамият бериш лозим? каби саволлар устида обдон, яхшилаб мулоҳазалар юритилди. Чунки ҳали юртимизда бундай аёлларга бағишланган журнал мавжуд эмас эди. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари журналимизга рамзий маънода Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари ва барча мўминларнинг оналари бўлган Омина онамизнинг номларини бердилар. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, Ўзининг ёрдами туфайли бугунги кунгача «Омина» журналининг 11 та сони мухлисаларимизга ҳавола этилди. Ва ўзининг кўп сонли ўқувчиларига эга бўлди. Журнал 18 та рукндан таркиб топган бўлиб, асосан, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби илмларга оид маълумотлар, Ислом арконлари, шариатимизнинг қонун-қоидаларини, шунингдек, муслима аёлнинг кундалик ҳаётида учраб турадиган масалаларни ўз ичига олади. Масалан, одоб,миллат, оила, фарзандлар ҳақида, охират, саломатлик, рўзғор, пардоз-андоз каби рукнлардан ташкил топган. Охирги чиққан иккита сонига яна Ақида ва Либос рукнлари ҳам қўшилди. Шу кунгача журналимизда 200 дан ортиқ мақолалар чоп этилди. Айниқса, журналимизнинг Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларига бағишланган сони кўпчиликнинг эътирофига сабабчи бўлди. Замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда, яқинда журналимизнинг Андроид варианти Абу Муслим томонидан яратилди. Шу кунларда Абу Муслим журналнинг овозли варианти, яъни mp3 форматида ҳам чиқариш таклифини киритдилар. Иншааллоҳ, бу таклиф ҳам амалга ошса, ўқувчилар учун яна ҳам қулайлик бўлади, деган умиддамиз. «Омина» журналининг нашрига ҳам ушбу янги кирган Ражаб ойида роппа роса бир йил тўлди. «Омина» журнали 1 ёшга тўлди. Албатта, биз комилликни даъво қилмаймиз. Журналимиз камчиликлардан холи эмас. Журнални янада ўқишли бўлиши учун, ундаги берилаётган мақолаларни яна ҳам аёлларимиз учун манфаатли бўлиши учун доимо ҳаракатдамиз. Аллоҳ Ўзи «Омина» журналимизни ўқувчиларга фойдали ва манфаатли бўлишида бардавом қилсин. Ишларимизга Ўзи ривож берсин. Омин.
Мавзуга оид мақолалар
Ўлкамизга баҳор фасли келиб, кони фойда бўлган кўкатлар бўй чўзган маҳалдир.  Сиз азизаларимизга мана шу давоми...

11:27 / 04.03.2017 5995
Зулқаъда уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг биридирҲижратдан аввалги 53 йил, зулқаъда ойи мил. 571 йил декабрьndash давоми...

00:42 / 22.05.2023 2035
Жароҳатни боғлаш ёки тўсиб қўйиш, гипслаб қўйиш, ярага бирор нарсани ёпиштириб қўйганда, устига масҳ давоми...

11:38 / 16.05.2017 3622
Ўн еттинчи кун... Ассалому алайкум Бугун ўн еттинчи кун Бугун дадам билан бозорга бордик. Бозорда одам кўп. давоми...

17:54 / 14.06.2017 2882