Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
2013 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Камолон даҳасининг Хўжа Аламбардор жомеъ масжидида XXIV Республика қорилар мусобақаси бўлиб ўтди. Унда «muslimaat.uz» сайти ходималари ҳам иштирок этиб, мусобақа иштирокчиларига «Қуръон фазилатлари ҳақида қандай ҳадислар биласиз?»,«Қуръонни ўқишга ва ёдлашга муҳаббатингиз сизда қачон уйғонган?», «Устозларингиз ким», «Машҳур қориларидан кимларга ўхшашга харакат қиласиз?», «Иштирокчиларга тилакларингиз?» каби саволлар билан мурожаат қилдилар.
Сайёра Исломова,« Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти, 3-курс талабаси — Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатганингиздир», деб марҳамат қилганлар. Қуръони Каримдан таълим олишни 4-5-синфлик пайтимдан бошлаганман. Устозларим Нарзуллоҳ Аҳмедов, Роҳат Маматшоева бўладилар. Машҳур қорилардан Абдулбосит қори ва ал- Афасий, ўзбек қорилардан Ҳасан ва Ҳусан қорилар, наманганлик қори Абдулқодир Неъматуллоҳ ўғилларига ўхшашга ҳаракат қиламан. Иштирокчиларнинг ҳаммаларига Аллоҳ ёр бўлсин, икки дунёда ҳам Аллоҳ таоло олдида юзларимиз ёруғ бўлсин. Робия Аҳадова , Тошкент Ислом институти, 2-курс талабаси — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисда Қуръон охиратда ўқувчисига шафоатчи бўлиши ҳақида айтилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳулқлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан сўралганда, «Ҳулқлари Қуръон эди» деб жавоб берганлар. Бир нарса дейишдан ожизман, зеро Аллоҳ азза ва жалла Таквир сураси 29-оятда «Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар», дея марҳамат қилган. Қалбимдаги муҳаббат Аллоҳнинг менга берган иноятидир. Устозларим институтимиздаги барча устозлар ва шунингдек, Жаҳонгир Нурматов бўладилар. Аллоҳ барчаларимизга тавфиқ берсин. Шаҳло Саидова, Тошкент Ислом институти, 4-курс талабаси — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ҳисобланади», деганлар. Ёшлигимдан Қуръондан таълим олишни бошлаганман. Устозларим Жабборали Неъматов, Муҳаммадзафар Аҳмаджонов, Абдуллоҳ Салоҳиддиновлар бўладилар. Мусобақага қатнашишимиздан мақсадимиз бирон мансабга эришиш эмас, балки Қуръон тиловати орқали бирор кишининг қалбида Қуръонга муҳаббат уйғота олсак, шу бизнинг ютуғимиз бўлади. Мадинабону Мирҳамидова, Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти, 4-курс талабаси Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бўлади. Қуръоннинг қалби Ёсиндир», дея марҳамат қилганлар. Устозларимнинг аввалида биринчи бўлиб ота-онам турадилар ва яна шайха Одинахон Муҳаммад Юсуф, Гулобод Қудратуллоҳ қизлари бўладилар. Машҳур қорилардан Ғомидий ва Шатрийга, ўзбек қориларидан Раҳматуллоҳ қори Обидовларга ўхшашга ҳаракат қиламан. Ҳар бир иштирокчига Қуръони Каримни мукаммал ёд олиб, икки дунё саодатларига эришишларини тилаб қоламан. Мусобақа якунларига кўра, қуйидаги натижалар эълон қилинди: — Мураттаб қориялар йўналиши бўйича: 1- ўрин — Мадинабону Мираҳмадова (Ҳадичаи Кубро ўрта махсус Ислом билим юрти)2- ўрин — Шаҳло Саидова (Тошкент Ислом Институти)
3- ўрин — Сайёра Исломова «(Жўйбори Калон» ўрта махсус Ислом билим юрти)
— Мужаввид қориялар йўналиши бўйича: 1- ўрин — Муқаддамхон Абдулаҳадова (Ҳадичаи Кубро ўрта махсус Ислом билим юрти)2- ўрин — Робия Аҳадова ( Тошкент Ислом Институти)
3- ўрин — Озода Очилова («Жўйбори Калон» ўрта махсус Ислом билим юрти)
Ғолиблик муборак бўлсин, азиза қориялар!