Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Йўл жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий этишлари воситасидир. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида ҳаётлари учун керак бўлган юкларини ташийдилар. Ибтидоий жамият давридан бошлаб, ҳозиргача йўллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаб келган. Йўлларнинг инсоний жамият учун катта аҳамиятга эга омил эканини улар ҳақида Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлганидан ҳам билиб олиш қийин эмас.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:
«Ерда уларни тебратмаслиги учун тоғлар қилдик ва шоядки, тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик» (31-оят).
Бу оятдан тоғлар ер мувозанатини сақлаб туриш вазифасини ўташини, тоғлар орасидаги даралар, ер юзидаги йўллар ҳам Аллоҳ томонидан бандаларга яратиб берилган қулайликлар эканини билиб оламиз.
Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига ер юзида йўллар қилиш фикрини, амалини беришининг ўзи бандалар учун улкан неъматдир. Бу неъматнинг қадрини билиш учун ер юзини йўллардан холи ҳолда тасаввур қилиб кўришнинг ўзи кифоя. Хусусан, биз яшаб турган даврга келиб, йўлларнинг инсоният ҳаётидаги аҳамияти ва қадри яна ҳам ўсди. Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, қулайлик учун йўллар ўта зарур омилга айланиб қолди. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига ўзига яраша алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган.
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Фиқҳ, ҳадис ва одоб китобларимизда йўл ҳаққи ва одоблари ҳақида жуда гўзал маълумотлар тақдим этилгани бизларнинг нақадар саодатли уммат эканимиздандир. Қуйидаги сатрларда Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур одоблардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этамиз:
Йўлга яхши ният билан, керакли дуоларни ўқиб чиқиш.
Яхши ният – ярим мол. Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади. Ривоятларда келган йўлга чиқиш олдидан ўқиладиган дуоларда ҳам айнан яхши ният ифода қилинган.
Йўлнинг ўнг тарафида юриб, ўнг тарафида тўхташ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: «Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳабдир», деганлар.
Йўлда юришда тавозели бўлиш.
Йўл одамлар бир-бирлари билан учрашадиган ва улар кўп қатнайдиган жойдир. Бундай жойларда шайтон одам боласини васвасага солиши ҳам мумкин. У лаънати баъзи одамларнинг кўнглига: «Шунча одамнинг ичида энг афзали сенсан, шакли-шамойилинг, қадди-қоматинг, мансабинг, бойлигинг ҳамманикидан устун», дея иғво қилиши турган гап. Шайтоннинг бу каби иғвосига учган айрим кишилар кибру ҳавога берилиб, тавозени унутишлари мумкин. Шунинг учун йўлда юрган одам қуйидаги оятни эслаши ва унга амал қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлишга ҳаракат қилиши лозим
Мусулмон киши йўлда виқор билан, ўртача юриши ва овозини баланд кўтармаслиги одобдандир.
Йўлда юриб бораётган мусулмон кишининг барчага табассум билан боқиши одобдандир.
Йўлда кетаётган мусулмон киши Аллоҳ таолонинг зикрини мунтазам қилиб бориши йўл одобларидандир
Йўлда кетаётган мусулмон одам ўз зиммасида йўл ҳаққини адо этиш бурчи борлигини зинҳор унутмаслиги керак.
Мусулмон инсон йўлда эканида номаҳрамларга кўз тикмаслиги, ношаръий нарсаларга назар солмаслиги керак.
Агар беихтиёр мазкур нарсаларга кўзи тушиб қолса ҳам, дарҳол бошқа тарафга қараши ва ўзини кўрмаганга олиши зарур.
Мусулмон одам ҳамма жойда, жумладан, йўлда ҳам ҳеч кимга озор бермаслиги матлуб.
Албатта, бундан фақат бировни ушлаб олиб уриш ёки сўкишгина тушунилмайди. Балки йўловчиларга озор берадиган барча нарсалар ирода қилинади.
Мисол учун, қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:
Йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, тамаки қолдиқлари, турли қоғозлар ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик.
Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида «поклик иймондан» экани қатъий таъкидланган.
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.
Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва ҳожат ушатишдан қайтаради.
Мусулмон киши одамларга зарар етказадиган ва озор берадиган нарсаларни йўлда ўзи билан олиб юрмайди.
Бундан инсоннинг баданига, кийимига, соғлигига ва мол-мулкига зарар етказадиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, турли тиғи бор нарсалар, қуроллар, кийимга тегса, йиртадиган ёки ифлос қиладиган нарсалар, итга ўхшаш одамни кўрқитувчи, бадбўй нарсалар каби ҳавони бузувчи нарсаларни йўлда олиб юриш одобдан эмас.
Йўл одобларидан бири ёрдамга муҳтож йўловчиларга ёрдам беришдир.
Йўл тасодифларга тўла, баъзи йўловчилар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишади. Мана шундай вазиятларнинг устидан чиқиб қолган кишилар, агар эҳтиёжи бор одамнинг ўзи ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдам беришга шошилишлари керак.
Йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл ва унинг ёрдамчи тармоқларидан тўғри фойдаланиш ва бунда ўз фойдасига суиистеъмол қилмаслик.
Йўл ҳақларидан бири йўловчилар билан саломлашишдир.
Хусусан, салом берганларга алик олишдир. Зотан, Исломда таниган ва танимаган ҳар бир киши билан саломлашишга катта эътибор берилгани ҳаммага маълум.
Йўл ҳақларидан яна бири кишиларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришдир.
Бу иш доимо қилиниши лозим бўлган ишлардан эканини яхши биламиз. Жумладан, йўлда жамият аъзоларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришга эҳтиёж жуда ҳам кучли бўлади.
Йўл ҳақларидан бири адашган йўловчига йўл кўрсатишдир.
Йўлда борадиган жойини топа олмай, ёрдамга муҳтож бўлиб юрган кишилар тез-тез учраб туради. Уларга йўл кўрсатиб қўйиш бошқаларнинг бурчидир
«Ижтимоий одоблар» китобидан олинди