Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаракат инсон ҳаётида муҳим ўринни эгаллайди. Кам ҳаракатлилик XXI асрнинг энг долзарб масалаларидан бири, десак, адашмаймиз. Соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишда энг катта муаммо ҳам кам ҳаракатлиликдир. Кун бўйи компьютер ёки телевизор олдида ўтириш, машина рулида кун ўтказиш ҳозирги замон одамлари учун оддий ҳолга айланган.
Ваҳоланки, 40 ёшдан ошган соғлом инсон кунига камида 10 км йўл юриши керак. Бундай масофани босишга бизда вақт ва имконият йўқ, деб ўйладингиз. Аёл киши, одатда, оиладаги майда–чуйда ишлар билан ҳам анчагина юриб қўяди. Аммо қайноналикни бўйнига олган ўзбек аёли баъзида ҳаддан ташқари ҳаракатларининг камайиши ҳисобидан семириб кетадиган ҳоллар тез-тез учраб туради.
Ҳозирги замонавий эркакларнинг кўпчилиги эса яхшигина «дангаса» лик касаллигига чалинган. Дангасалик ― бу, ором олишга интилишдир. Ором олиш ўзининг олий кўринишига мутлақ ва мангу оромга айланишга интилади. Дангасалик – бу, ўлимнинг митти кўринишидир. Соғлиги ўзи учун қадрли бўлган инсон эса ҳаракат исмли энг оддий «табиб»нинг кўрсатмаларини амалга оширишга вақт топа олади. Бунинг учун дангасалик касаллигини йўқотишга ўзида етарли ирода топа олса бўлгани. Сиз ҳеч қачон бир жойда турмайсиз, ё олдига, ё орқага юрасиз. Ҳар куни дангасалик устидан кичкина ғалаба қилиш иродани чиниқтиради. Аксинча дангасаликка озгина йўл берсангиз, уни ривожланишига катта ёрдам берасиз. Кам ҳаракатлиликнинг энг оддий давоси бу пиёда юриш бўлиб, организм ва умуртқа поғонаси учун ўта фойдали эканлигини унутмаслигимиз керак. Ўзингиздаги ирода кучини ишга сола олсангиз, ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради ва соғлигингиз янада мустаҳкамланади. Кам ҳаракатликнинг энг кўп учрайдиган асоратларидан бири семизликдир. Табиатан ҳаракатчан, куюнчак, меҳнаткаш инсонлар камдан-кам семизлик касаллигига дучор бўлади. Лекин баъзи бир касб эгаларида ёш улғайган сари касбидан келиб чиққан ҳолда, кам ҳаракатлилик ортиқча вазн йиғилишига олиб келадики, бу ҳолларда инсон ўзи ҳаракат кўламини кенгайтириб, вазн ортиқчалигига қарши курашмаса, бу ҳолат янада чуқурлашиб кетади ва семизлик касаллигига олиб келади. Ҳар бир аъзо маълум бир вазифани бажариш учун яратилган. Ўз вазифасини етарли бажара олмаган аъзо заифлашади. Бадан оз ҳаракатланган аъзога барча ортиқча ва зарарли моддаларни юбориб, уни ахлат қутиси сифатида ишлата бошлайди. Масалан, умуртқа поғонаси танани олдинга, орқага, ўнгга, чапга эгилиб, бадандаги нервларни ушлаб туриш учун яратилган. Умуртқа ҳар куни маълум даражада фойдали машқ олиб туриши керак. Эгилиш ҳаракатларини етарли даражада бажара олмаган умуртқа ўз атрофида туз йиғилишига олиб келади. Ҳаракат мувофиқлиги ишдан чиқади. Умуртқа поғонасида жойлашган асаб томирлари тананинг ҳар бир қисмига ва аъзосига улангани учун барча аъзо ва тўқималарда бунинг натижасида модда алмашинув жараёни бузилади. Қон айланиши секинлашади. Бунга боғлиқ бўлган бел мускуллари кучсизлашади, эластиклигини йўқотади. Умуртқани тута олмайдиган ҳолатга келтиради. Умуртқа чўкиб, шаклини йўқотади, чурралар юзага келади, нервлар қисилади. Умуртқа поғонаси ҳолатининг ёмонлашуви остеохондроз, миозит, кифоз, сколиоз, Шморл чурраси ва қон томирлари, ички аъзолар, асаб тизими касалликларига олиб келади. Ҳаракатчан ва кам ейдиган инсон доим соғлом бўлиб, унинг мускуллари умр бўйи эластикликни йўқотмайди. Соғликни сақлаш учун инсон доимий равишда ҳаракатга ва спортга муҳтождир. От миниш, сузиш, югуриш, велосипед миниш, томорқада ишлаш, пиёда юриш табиий ҳаракатлар бўлиб, организмнинг барча аъзо ва тизимларига яхши таъсир қилади. Бу ҳаракатлар қон айланишини яхшилайди, нафас тизимини муҳофаза қилади, танани қувватлантиради. Унда оҳак (занг) тўпланишининг олдини олади. Умуртқа поғонасида ўзгариши бор ва ясси товонли инсонлар эшкак тортиш, сузиш, отга миниш каби ҳаракатлар билан умр бўйи шуғулланишга муҳтож бўлишади. Ортиқча ҳаракат эса юрак уришини тезлаштириб, нафас олишни оғирлаштиради. Юрак уриши тезлашмаслиги учун ҳаракат табиий ва одатий бўлиши керак. Юрак уриши тезлашганда пропорционал ҳолда ҳаракат ила умр қисқара бошлайди. Зеро, нафас каби юрак зарби ҳам инсонга ҳисобли берилгандир. Шу ўринда намоз ҳаракатларининг организмга бебаҳо таъсирини эслатиб ўтамиз: Рукуъ: ички аъзоларни, тухумдон, бачадон, простата бези, буйрак, сийдик йўллари ва умуртқа поғонаси соғлигини сақлайди. Ошқозон, қорин, бел ва гардан мускулларини кучлантиради. Сажда: баданнинг устки қисмларида қон юришини орттиради, мияда суюқлик ва қон айланишини тартибга солади ва сақлайди. Мияни тозалайди, хотирани кучайтиради, тушуниш ва фикрлаш қобилиятини оширади, ўпка, юрак ва асаб тизимини дам олдиради.Салом бераётиб елкаларга қараш кўзлардаги қон айланишини бузилишидан, кўз мускулларини дангасаликдан, энса ва бўйин суякларига оҳак йиғилишидан сақлайди.
Саждага кетаётиб ва тураётиб қилинадиган ҳаракатлар тананинг барча бўғимлари ва мускулларининг соғлигини муҳофаза остига олади. Таҳорат ва намознинг моддий фойдаларини санаб охирига етиб бўлмайди.
Бу ерда мисол тариқасида факатгина бир нечтасини айтиб ўтдик, маънавий ҳикматлар ҳақида гапирмадик. Яна бир марта таъкидлаб ўтамизки, соғлиқни сақлаш учун таҳорат қилиш, беш вақт намоз ўқиш, ҳалол таом ейиш ва тўғри овқатланиш, ейишни камайтиришнинг аҳамияти жуда катта.Раъно Тожибой қизи тайёрлади.