Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ижара – исломий фиқҳга оид атама бўлиб, луғатда «бирор нарсани ижарага (маълум эвазга вақтинча фойдаланишга) беришга» айтилади. Истилоҳда эса «ижара» атамаси икки турли маъноларни ифодалашда қўлланилади. Биринчиси, кўрсатилган хизматга тўланган ҳақ эвазига бирор кишининг хизматларидан фойдаланиш (ишга ёллаш)ни билдиради. Иш берувчи одам «мустаъжир», ишга ёлланган одам эса «ажир» деб айтилади. Демак, А одам Б одамни идорасига менежер (бошқарувчи) ёки ойлик маош олувчи ходим сифатида ишга олса, А мустаъжир, Б эса ажир бўлади.
Худди шунингдек, агар А ўз юкларини аэропортга элтиш учун ҳаммол хизматидан фойдаланса, А мустаъжир, ҳаммол эса ажир бўлади. Иккала ҳолатда ҳам тарафлар ўртасидаги муносабат ижара деб номланади. Ижаранинг бу тури бир киши иккинчи бир кишининг хизматидан фойдалангандаги ҳар қандай жараённи ўз ичига олади. У шифокор, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, ишчи ёки бирор қийматга эга бўлган бирор хизматни кўрсатадиган (тақдим этадиган) ҳар қандай киши бўлиши мумкин. Исломий ҳуқуқшунослик атамашунослиги, мусталаҳга кўра, уларнинг ҳар бири ажир бўлади, хизматлардан фойдаланган (ижарага олган) инсон «мустаъжир», хизмат учун тўланган ҳақ эса «ужра» дейилади. Ижаранинг иккинчи тури инсонлар хизматига эмас, активлар ёки мулк бировнинг мулки ёки даромадидан фойдаланиш ҳуқуқига боғлиқ. Бунда ижара «маълум мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа бировга у тўлайдиган ижара ҳақи эвазига бериш»ни билдиради. Бу ҳолатда «ижара» атамаси инглиз тилидаги «лизинг» атамасига мос келиши мумкин. Бунда ижарага берувчи «муъжир», ижарага олувчи «мустаъжир», ижарага берувчига тўланадиган ҳақ эса «ужра» дейилади. Ижаранинг икки тури ҳам Ислом ҳуқуқшунослиги адабиётларида муфассал баён қилинган бўлиб, иккисининг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Биз учун ижаранинг иккинчи тури аҳамиятлироқ, чунки у асосан сармоялаш шакли, шунингдек, молиялаштириш модели сифатида ишлатилади. Лизинг шаклидаги ижаранинг қонун-қоидалари савдо қоидаларига ўхшаб кетади. Зеро, иккала муносабатда ҳам мулк бошқа шахсга маълум қиймат эвазига ўтказилади. Ижара ва савдо ўртасидаги ягона фарқ шундаки, савдода мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқи бутунлай харидорга ўтади, ижара муносабатларида эса мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқи мулк эгасида қолади, ижарачига фақат мулкдан фойдаланиш ҳуқуқигина берилади. Шундай экан, ижара аслида молиялаштириш модели эмас эканлигини кўриш мумкин. Бу худди савдо сингари оддий тадбиркорлик фаолияти, холос. Лекин баъзи сабабларга кўра, айниқса, солиқ масаласида юзага келадиган афзалликлари туфайли бу жараён ғарб мамлакатларида молиялаштириш манбаси сифатида тарқалиб борди. Одатий фоизли қарзлар тақдим этиш ўрнига баъзи молиявий институтлар мижозларига жиҳозларни ижарага беришни бошлади. Жиҳозларнинг ижара ҳаққини белгилашда улар мулкни сотиб олиш билан боғлиқ умумий ҳаражатларни ҳисоблаб чиқадилар ва ижара даври давомида эришиш мумкин бўлган фойда миқдорини қўшадилар. Шу тарзда ҳисоблаб чиқилган умумий миқдор ижара муддатидаги ойлар сонига бўлинади, натижада ойлик ижара тўлови аниқланади. Ижара операциясидан шариат доирасида молиялаштириш манбаси сифатида фойдаланиш масаласи шартноманинг шартларига (шарт-шароитларига) боғлиқ. Айтиб ўтилганидек, ижара молиялаштириш модели эмас, балки стандарт тижорий операция ҳисобланади. Шундай экан, ижара операцияси ижара муносабатлари учун белгиланган шариат қоидаларига асосланган ҳолда олиб борилади. Демак, биз фиқҳда ижара учун белгиланган асосий қоидаларни кўриб чиқишимиз керак бўлади. Бу қоидаларни ўргангач, ижарани молиялаш мақсадида қандай шартлар асосида ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз. Ижара билан боғлиқ қоидалар жуда кўп, биз эса бу бўлимда операциянинг моҳиятини тушуниб олиш учун зарур бўлган ва замонавий иқтисод амалиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган қоидаларни умумлаштиришга ҳаракат қиламиз. Бу қоидалар ўқувчига осон бўлиши учун қисқа тезислар (шарҳлар) тарзида келтириб ўтилади. Ижаранинг асосий қоидалари 1. Ижара – бу, бирор мулкнинг эгаси мазкур мулкнинг фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга маълум муддат ва маълум тўлов эвазига беришини ифодалайдиган шартнома. 2. Ижара объекти фойдаланишга яроқли нарса бўлиши керак. Фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган (фойдаланиб бўлмайдиган) объектлар ижарага берилиши мумкин эмас. 3. Ижара шартномаси кучга эга (яроқли) бўлиши учун мулкни тўла тасарруф қилиш (эгалик қилиш) ҳуқуқи мулк эгасида қолиши, ижарачига эса фақат ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши керак. Демак, истеъмол қилмай туриб, фойдаланиб бўлмайдиган нарсаларни ижарага бериб бўлмайди. Шунинг учун пул, ейиладиган нарсалар, ёқилғи, қурол каби нарсаларда ижара муносабатлари мумкин эмас. Чунки уларни истеъмол қилмай туриб, ишлатиб бўлмайди. Агар бундай нарсалар ижарага бериладиган бўлса, бу қарз деб эътибор қилинади ва бу борада қарз муносабатларига оид меъёрларга амал қилинади. Яроқсиз ижара устида олинган ҳар қандай тўлов қарз ҳисобидан олинган даромад деб ҳисобланади. 4. Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи мулк эгасида қолар экан, мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар ҳам унинг зиммасида бўлади, мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар эса ижарага олган шахс зиммасида бўлади. Масалан, А ўз уйини Б га ижарага берди. Бунда мулк билан боғлиқ бўлган солиқлар (мулк солиғи) А нинг зиммасида бўлса, сув учун тўлов, электр қуввати учун тўлов ва уйдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа барча ҳаражатлар Б нинг зиммасида бўлади. 5. Ижара муддати шартномада аниқ ифодаланиши керак. 6. Ижарачи ижарага олинган мулкни ижара шартномасида кўрсатилган мақсадлардан бошқа мақсадда ишлатиши мумкин эмас. Агар шартномада бундай мақсад кўрсатилмаган бўлса, ижарачи ундан одатда қўллаш мумкин бўлган ҳар қандай мақсадда ишлатиши мумкин. Агар ижарачи ундан ноодатий тарзда фойдаланмоқчи бўлса, бунинг учун мулк эгасидан қўшимча рухсат олиши шарт. 7. Ижарачи ижарага олинган мулкка ижарачи томонидан нотўғри фойдаланиш ёки эътиборсизлик оқибатида етган ҳар қандай зарарни қоплаб бериш мажбуриятига эга. 8. Ижара муддатида ижара мулкига нисбатан таваккалчилик мулк эгасида қолади, яъни назоратдан ташқари омиллар туфайли етган ҳар қандай зарар мулк эгаси томонидан қопланади. 9. Икки ёки ундан ортиқ шахс эгалик қиладиган мулк ижарага берилиши мумкин, ижара ҳаққи мулкнинг барча эгалари орасида уларнинг мулкдаги улушларига биноан (пропорционал равишда) тақсимланади. 10. Мулк эгаларидан бири мулкдаги ўз улушини бошқаларга эмас, фақатгина ўзининг мулкдаги шеригига (мулк эгаларидан бошқа бирига) ижарага бериши мумкин. 11. Ижара яроқли (жоиз) бўлиши учун ижарага берилган мулк (нинг қисмлари) тўла аниқлаб (белгилаб) берилган бўлиши керак. 12. Ижара ҳаққи шартнома тузилаётган вақтда бутун ижара муддати учун белгиланиши керак. Ижара муддатининг турли даврлари учун турли хил миқдордаги ижара ҳақи белгиланиши жоиз (мумкин), шарт шуки, ҳар бир давр учун ижара ҳақлари ижара бошиданоқ белгиланган бўлиши керак. Агар ижара муддатининг кейинги даврлари учун маълум ижара ҳаққи (миқдор) белгиланмаган бўлса ёки мулк эгаси ихтиёрига қолдирилган бўлса, бундай шартнома кучда эмас (яроқсиз) деб ҳисобланади. Биринчи мисол: А ўз уйини Б га 5 йил муддатга ижарага берди. Ижара тўлови биринчи йил учун ойига 2000 рупия деб белгиланди ва кейинги йилдан ҳар йили ўзидан аввалги йилдан кўра 10% кўп бўлишига келишилди. Мазкур ижара жоиз (шаръий, яроқли) ҳисобланади. Иккинчи мисол: Юқоридаги мисолдаги каби А биринчи йил учун ижара ҳаққини 2000 рупия деб белгилади. Кейинги йиллар учун ижара тўлови миқдори эса белгиланмади ва мулк эгаси (А) ихтиёрига берилди. Шартнома яроқли эмас, зеро, ижара тўлови миқдори белгиланмаган. 13. Мулк эгаси активни сотиб олиш (эришиш, қўлга киритиш) жараёнида сарфлаган умумий харажатларига асосланиб, ижара тўловини белгилаши (одатда молиявий лизингда шундай қилинади), агар икки тараф ҳам бунга рози бўлса, шариат қоидаларига зид эмас. Лекин бунда шариатда белгиланган барча бошқа қоидаларга риоя қилиниши шарт. 14. Ижарага берувчи ижара тўлови миқдорини бир тарафлама ошириб олиши мумкин эмас, бунга олиб борувчи барча шартлар ҳам жоиз эмас. 15. Ижара тўлови ёки унинг бирор қисми ижарага берилган актив етказилишидан аввал аванс сифатида тўланиши мумкин, бироқ мулк эгасининг бу тарзда олган тўлови унда «кейинги тўловлар ҳисобига» қолади ва белгиланган санадан сўнг (ижара муддати бошланганда) ижара тўлови сифатида қабул қилинади. 16. Ижара муддати ижарага берилаётган актив ижарачига топширилган пайтдан бошланади, ижарачи ундан фойдаланишни бошлаган-бошламагани аҳамиятсиз. 17. Агар ижарага олинган актив ўз функциясини (ижарачи уни айнан шу функцияси учун ижарага олган) йўқотса ва уни қайта тиклаш имконсиз бўлса, ижара мазкур йўқотиш содир бўлган пайтдан тўхтатилади. Бироқ агар бу йўқотиш ижарачининг нотўғри фойдаланиши ёки эътиборсизлиги оқибатида рўй берган бўлса, ижарачи мулк эгасига активнинг қийматини қоплаб беришга масъул бўлади.
Шайх Тақи Усмоний
«islam.ru» сайтидан олинди.