Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қўйиш мумкин эмас.
Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, ўша нарсага қаттиқ эътибор бериб, уни беҳуда йўқотмасликка ҳаракат қилади. Вақт киши имкониятидаги энг қадрли нарсадир. Негаки туғилишимиздан то вафот этгунимизга қадар берилган мана шу қисқа муддат ичидагина охиратимизни обод қилиш учун амал қилиш имконияти бор. Ибн Қаййим айтади: «Инсоннинг вақти – бу, аслида, унинг умридир. Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, бас, вақт у кишининг ҳаёти ва умридир. Бундан бошқалари эса инсоннинг ҳаётидан ҳисобланмайди». Инсон ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу вақтда энг афзал сўзу амалларни бажармоғи лозим. Унинг нияти мудом яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган амалларда сусткашлик қилмаслиги керак». Қуръони Каримда вақтнинг бебаҳо ва қадрига етмаса бўлмайдиган улуғ неъмат эканига ошкора ёки зимдан далолат қилувчи кўплаб ишоралар бор. Аллоҳ таоло вақтнинг бўлаклари ва ажралмас қисми бўлмиш кеча ва кундуз ила қасам ичади. Тонгга, чошгоҳ вақтига қасамёд қилади. Масалан, «Лайл» сурасида: «Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам», «Зуҳо» сурасида: «Чошгоҳ вақтига қасам», дея марҳамат қилади. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло Ўз бандалари ва махлуқотларидан бири билан қасам ичса, бу қасам ичилаётган у ёки бу мавжудотнинг буюклигига ва қадри баландлигига ишора қилиш билан бир қаторда қасамдан сўнг айтиладиган нарсанинг ҳам юксак аҳамиятга молик эканлигини билдиради. Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим:1. Вақт тез ўтади. Хоҳ шод-ҳуррамлик билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади, холос.
Шоир айтади:Бахту саодатга тўла ойларим Гўё давом этди кундан ҳам қисқа Ва лекин ҳижронга тўла кунларим Йиллардек кўринди менинг кўзимга, Наҳот, энди ўтди йиллар, дўстларим, Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.