ОГОҲ БЎЛАЙЛИК
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Ижтимоий тармоқларда турли номлар билан телеграм каналлари очган ҳурматли ходимлар!  Ижтимоий тармоқларга жойланадиган оддийгина маълумотни ҳам алоҳида эътибор, қизиқиш ва ихлос билан ўқиб, кузатиб борувчи барча инсонлар номидан сиз хоним ва жанобларга қатъий бир илтимос билан мурожаат қилмоқчиман.

Гап эгасини топади, деганларидек, ушбу саҳифани ўқигач, бу илтимоснома кимларга қаратилганини тушуниб етасиз, иншааллоҳ.

Сиз очган, ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчиларга эга бўлган каналларингиз нима эканини, кимларга, нима учун хизмат қилиши кераклигини ўзингиз яхши биласизларми?! Бу нарса кишилар қалбига, онгига таъсир этувчи, таъбир жоиз бўлса, уларни ўз измига юритувчи асбоб-ку!

Каналларингизга жойлаётган маълумотларни ўқиган инсон улардан ўзи учун фойда олишни хоҳлайди, зарур ва қизиқарли янгиликларни ўқиб, томоша қилиб, маънавий озуқа олишни истайди. Бир сўз билан айтганда, сизлар тақдим этган ҳар бир маълумот соддагина ўзбек халқи учун маълум маънода далил-ҳужжат ҳисобланади. Сиз бунинг масъулиятини сезяпсизми ўзи?!

Ҳар бир айтилган сўз учун сўроқ-савол қилинадиган Охират кунида бу ёлғон-яшиқ маълумотларингизнинг сўроқ-саволи қанчалик оғир бўлишини тасаввур қилиб кўряпсизми?!

Сиз каналларга жойлаётган ҳар бир маълумот жавобгарлигингизни ҳисоблаб  бўлмайдиган даражада ошириб юбориши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Агар сиз ўзингизни мусулмонман, деб даъво қилаётган бўлсангиз, ҳар қандай маълумотни аввал минг чиғириқдан ўтқизишингиз, уларнинг тўғри эканлигига, ҳақиқатга хилоф (фейк) эмаслигига, ҳужжати, яъни манбаси ишончли, тўғри маълумот эканига ишонч ҳосил қилганингиздан сўнггина инсонлар эътиборига ҳавола этишингиз кераклигини биласизларми ўзи?!

Албатта, мен бу ерда Қуръон-ҳадислар тўғрисида гапирмоқчи эмасман, бунга ҳаддим ҳам сиғмайди. Мен фақат ўзим кузатган, кўрган-билган, ақлим етадиган дунёвий мазмундаги маълумотларингизни таҳлил қилиб, баъзи хулосаларимни баён этмоқдаман.

Сизлар саҳифангизга жойлаётган хабарларингизнинг кўпчилиги ҳеч бир асосга эга бўлмаган, тўғридан-тўғри ёлғон бўлган хабарлар-ку!

Минглаб инсонларнинг онгу шуурини бу ёлғон маълумотларингиз билан тўлдириб ташлаяпсизлар-ку!

Вақтинчалик, ҳеч нарсага арзимайдиган шов-шувнинг кетидан қувиб, мусулмонларнинг, Исломнинг обрўсини тўкишдан сизларга қандай наф бор ўзи?!

Агар иймонни даъво қилмаётган бўлсангиз, унда ҳеч бир чегара йўқ, катта кўча, тўрт томонингиз сиз учун очиқ (инсофингизни берсин). Мен фақат бир марта эслатиб қўйиб, ўзимдан соқит қилиб, тавба қиламан-у, каналингизга бошқа кирмайман.

Аммо кўпчилигингиз иймонни даъво қиляпсизлар-ку. Огоҳ бўлинг! Ахир инсонга ақл неъмати нима учун берилган? Ҳозирги синовли кунларда ўзингизни йиғиштириб олинг! Бу сиз ўйлаганчалик енгил нарса эмас, мусулмон одам ёлғондан ҳазар қилиши керак!

Мен ҳеч бир каналнинг номини келтирмайман, ниятим уларни фош қилиб, одамларга ёмон кўрсатиш, «рейтингини пасайтириш» эмас. Фақат эътирозларим қуруқ бўлиб қолмаслиги учун баъзи аниқ маълумотларни келтириб ўтаман:

Аэропортдаги намоз, ёппасига Исломга кираётган хитойликлар, испанлар, «Италия Ислом динини қабул қилди. Оллоҳга ишонди» деган ёзувлар билан бошқа бир ҳодиса акс этган лавҳалар,  Хитой президентининг намоз ўқигани ва ҳоказо, фанер ишлаб чиқаришни кўрсатиб туриб, «қоғоз чиқазяпти», дейиш ва ҳоказо…

Энг алам қиладиган жойи, сизлар мана шу арзимас нарсаларни деб, ғайридинларнинг мусулмонлар ва Ислом устидан кулишларига йўл очиб беряпсиз-ку!

Каналга жойланган изоҳли банерлар ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин: суратлар ҳақиқий, лекин ёзилган изоҳлар ғирт ёлғон!

Ислом дини биз мусулмонларга берилган энг олий, бебаҳо неъматдир, Роббимизнинг сўнгги, мукаммал динидир. Бу улуғ неъмат мана бундай ёлғонлардан, сунъий мақтовлардан анча юқори ва бу нарсаларга зор эмас! Бу улуғ неъмат ҳар хил ёлғон-яшиқларга, сохта мақтовларга, тутуриқсиз, бир тийинга қиммат «мўъжиза»лар излаб, чиранишингизга, ўз саҳифаларингизни ҳеч бир асосга, ҳужжат-далилга эга бўлмаган маълумотлар билан тўлдириб, одам йиғишингизга муҳтож эмас! Бу билан фақат Исломнинг, мусулмонларнинг обрўсини тўкишга эришасиз, холос.

Тутуруқсиз «мўъжиза»лар деганда кимнингдир кўрган тушидан таъсирланиб, бошқа пайт бирон марта қўлимизга олмаган муборак Китобимизни очиб, ундан ҳикмат ва илоҳий хитоб эмас, қандайдир тўкилиб қолган тукни излашни назарда тутяпман. Сиз бу билан кимни алдамоқчисиз? Аввало ўзингизни, опа-синглингизни, ака-укангизни, бир сўз билан атганда мусулмон биродарингизни алдаяпсиз, устидан куляпсиз!

Охирги пайтда одамларни мана шундай ғайритабиий ҳолатлар билан ҳайрон қолдириш, қотиб қолган қалбларини юмшатишга уриниб, беҳуда чиранишлар кўпайиб кетди. Бир қарасангиз, осмонда алланима кўринган, бир қарасангиз, қайси бир ҳайвон ёки қуш нимадир деган, кимнингдир қабри очиб қаралса, жасади чиримаган ва ҳоказо.

Компьютер ёки телефонда мана шундай товушли ёки овозли лавҳаларни ясаётганлар, ижтимоий тармоқларда канал очиб, уларни тарқатаётганлар ва уларни кўра солиб, ҳаммага улашаётганлар, Аллоҳдан қўрқайлик!

Бу нарсаларни жойлаётган канал эгаларию, уларни кўриб, улашаётган биродарлар, ҳар бир амалимиз ҳисоб-китобли эканини унутмайлик!

Ўзингизни ўйламасангиз, ўша сиз жойлаётган ёки улашаётган нарсаларни очиб, кўриш ёки эшитиш учун пулини, вақтини сарфлаётганларни ўйланглар, агар ўша одамлар пулига ёки вақтига рози бўлмаса, билиб-билмай қилган бу савдоингиз ботил бўлиб, бировнинг ҳаққига жавобгар бўлиб қолмасликни ўйланглар!

Сизлардан илтимос! Қўйсангиз, ишончли, расмий манбалардан асосли, ҳужжатли, манфаатли илмий-маърифий маълумотларни тарқатинглар, барака топкурлар.

«Бугун фалон жойда фалон бўпти, ана Аллоҳнинг қудрати, ана Аллоҳнинг мўъжизаси!» деб жар солаётган нарсаларингиз аслида бутунлай бошқа пайтда, бутунлай бошқа жойда содир бўлган, динга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган нарса бўлиб чиқяпти кўпинча. Сиз ҳовлиқиб тарқатган бу  нарсаларни ҳамма ёпирилиб кўриб, танишларига улашаётганини ғайридинлар кўрса, улар устимиздан кулмай, ким кулсин?

Исломнинг энг буюк мўъжизаси, охир замон Пайғамбарига ато этилган энг улуғ мўъжиза – Қуръони карим эканини тушунасизларми ўзи? Умуман, бу дунёда мўъжиза бўлмаган бирон нарса борми ўзи? Бир ўйлаб, тафаккур қилиб кўринглар ахир.

Бир оддий тажриба ўтказиб кўринг: ёнингиздаги кишига икки оғиз гап айтиб, бошқа бир одамга етказишини илтимос қилинг. Шу тариқа бу гапингиз оғиздан-оғизга ўтиб, бешта одамдан кейин ўзингизга етиб келсин. Айтган гапингиз охирги – бешинчи одамдан ўзингизга қай алфозда қайтиб келаркин? Бир неча дақиқа ичида айтган гапингиз анчагина ўзгариб кетган бўлади. Энди бир солиштириб кўринг: Қуръони Карим салкам бир ярим минг йилдан (!) бери оғиздан-оғизга ўтиб келяпти, аммо бирорта ҳарфи, бирорта нуқтаси ўзгармаган. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай ўқиб берган бўлсалар, шундайлигича сақланиб келяпти! 

Шундай экан, ўзини билган одамга бундан ортиқ мўъжиза керак эмас аслида.

Нима қиласиз бу арзимас матоҳларга учиб, бўлар-бўлмас нарсалар билан мусулмон одамнинг шаънига доғ тушириб? Аллоҳ таоло ҳаддан ошувчиларни суймаслигини айтиб, ҳаммамизни огоҳлантиряпти. Шундай экан, огоҳ бўлайлик! Ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам чалғитиб, хаёлини бузмайлик, залолатга солмайлик!

Мусулмон одам ҳеч қачон, ҳеч бир нарсада, ҳеч бир жойда ёлғон маълумот ишлатиш тугул, бу ёлғонларга яқин йўламаслиги керак.

Ҳақда собит туринг, диндошим! Ҳар бир ишингизни тўғрилик, инсоф, виждон асосида амалга оширинг. Шунда мухлисларингиз ўз-ўзидан кўпайиб кетади, биз каби ҳақ йўлни танлаганлар каналларингизни тарк этмайди. Энг асосийси, Аллоҳ таолонинг назаридан тушиб қолмайсиз!

Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳидоят қилсин, Пайғамбари алайҳиссаломга муносиб уммат, Ўзига муносиб бандалардан қилсин!

Фирдавс

Муҳаррир: Барно Саидраҳмон

Мавзуга оид мақолалар
26 август куни Маккаи Мукаррамадаги Ўзбекистонлик ҳожиларга мўлжалланган меҳмонхонада Улуғ Ватан уруши давоми...

23:25 / 26.08.2017 15577
Мусулмон жамияти учун йилнинг энг афзал мавсуми бўлган Рамазон кириб келди. Келаси бир ой давомида бутун давоми...

12:32 / 06.05.2019 2580
АЛБАТТА, СИЗ БУЮК ХУЛҚДАСИЗ, Ё РАСУЛУЛЛОҲ     Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ Менга салавот айтишга қодир давоми...

13:05 / 08.12.2017 3571
Мажлис оиладаги қўполлик ва унинг муолажаси масаласини ва унга бағишланган илмий тадқиқотларни кўриб чиқди давоми...

17:55 / 16.10.2016 3196