Ихтиёримизда фақат бугун бордир.....
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Уламою ҳукамолардан шундай сўзлар нақл қилинган: «Бу дунё уч кундан иборат:
1. Кечаги кун, у ўтиб кетиб бўлди, унинг китоби ёпилди. Энди сен қайғурсанг ҳам, қайғурмасанг ҳам, уни ортга қайтаролмайсан. Демак, кечанг ҳақида ўйлама.
2. Эртанги кун, сен унга етмаслигинг мумкин. У – бир Сир. Эртага қандай аҳволда бўлишинг номаълум.
3. Бугунги кун, у – сеники, сен унда амал қилиб қол. Чунки эртанг ҳам бугунингда қилган амалингга боғлиқ бўлиши мумкин. Агар бугун бирон амал қилмай, танбаллик қилиб ўтираверсанг, эртанг ўта серкулфат ва қайғули бўлиши мумкин. Демак, имкониятингда фақат БУГУН бордир».
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».
Баъзи донишмандлар, манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир, деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади, яъни умринг беҳуда кечади, деган ҳикматли сўзларни айтишган.
Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳеч бир нарсага Қуёш ботиб, куним ўтиб ва менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби ачинмадим».
Вақтни зое қилувчи офатлар
Ҳаётда мусулмон кишининг вақтини зое қиладиган кўпгина офатлар мавжуд.
1. Ғафлат.
Бу аксарият мусулмонлар чалинган хатарли касалликдир. «Биз жин ва инсдан кўпларини жаханнам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бор-у, англай олмайдилар, кўзлари бор-у, кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у, эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан хам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир».[15]
2. Пайсалга солиш. Бу вақтни барбод ва умрни беҳуда ўтишига олиб боради. Афсуслар бўлсинким, бугун пайсалга солиб, кейинроқ қиларман, деган сўз кўпчилик мусулмонларнинг шиори ва мижози бўлиб қолган.
Азиз дўстим, хусусан, тавбани кечиктиришдан сақланинг. Зеро, бугун борсиз, эртанинг эса кафолати берилмагандир. Гарчи эртанги куннинг умидида яшасангиз ҳам, сизни ибодатдан тўсиб қўядиган хасталиклар, кулфатлар ва ўткинчи ишларни ёдга олсангиз, ҳар бир куннинг ўз амали ва ҳар бир вақтнинг ўз вазифаси борлигини тушуниб етасиз. Демак, мусулмоннинг ҳаётида бўш ўтадиган вақти йўқ экан. Тоат-ибодатларни кечиктириш инсонни ўша ибодатларни буткул тарк қилишига олиб боради.
Ҳаёт – бу, аслида улуғ неъматдир,
Уни емиргувчи, билгин, ғафлатдир.
Дема ажал кечдир ёки барвақтдир,
Ўлим ҳақиқатдир, ўлим барҳақдир.
Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, тонгда ухлаш ризқни камайтиради.
Сахр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилдилар: «Эй Аллоҳ, умматимнинг барвақт, эрта тонгдан қилган ишларига барака бергин!»
Шунингдек, мусулмон киши ғайрат-шижоатли бўлиши, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиши зарур. Чунки ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларидан қуйидагиларни биламиз: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради».
Умрни ғанимат билишимиз, олтиндан қиммат бўлган вақтларимизни ўз ўрнига сарфлашимиз лозимлиги ҳақидаги мавъизамизни қуйидаги ибратли, амалий ривоят билан якунласак.
Саҳобалардан бири Искандария шаҳри фатҳи ҳақидаги хабарни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етказиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб, Мадинага етиб келади. У қайлула қилиш вақтида келиб қолибди ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам қайлула қилиб, дам олаётган бўлса керак, деб ўйлабди-да, масжид сари борибди.
Қараса, ҳазрати Умар масжидда экан. Ҳазрати Умар унга қарата: «Агар кундузи дам олсам, раъият ҳаққини зое қиламан. Мабодо кечаси ухласам, Аллоҳ таолонинг ҳаққини зое қиламан. Бу икки ҳақ ўртасида қандайин ухлаб дам оламан», деган эканлар.
Ушбу амалий ривоятдан ибрат олиб, ҳаётимизни чиройли ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиб, вақтимизнинг қадрига етиб, турли беҳуда гап-сўзлардан, ҳар хил асоссиз мишмишлардан, иғво ва бўҳтонлардан йироқда бўлиб, ҳар бир дақиқаларимиздан самарали фойдаланиб, умр кечирайлик.
Абдуллоҳ Ансорий ўзининг «Туҳфатул мулук» асарида ҳар бир масалани тўрт тушунча билан шарҳлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди. Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар. Демак, азиз умр инсонга бу дунёда яна бир бор қайтиб келмас экан.
Ундан, иложи ва имкони борича, тўғри истифода қилиб, азиз умр давомида яхшилик қилиш, инсон ўз қўли билан эҳсону садақотларини керакли ўринларда нисор айлаши айни муддао ва мақсаддур.