Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кўп хислатлари, мақтовга лойиқ сифатларига рози бўлган ҳолда битта-иккита камчилиги учун дўстдан кечиш тўғри эмас. Чунки майда нуқсонлар доимо кечирилган, мукаммал дўст топиш эса амри маҳол. Табиати бир-бирига зид тўрт унсурдан таркиб топган инсондан битта хулқни талаб қилишнинг ўзи қизиқ.
Ўзгани қўйинг, инсон ўзига энг яқин, хоҳиш-иродаси ўзига боғлиқ қилиб яратилган нафсини бир хулқда ушлолмайди-ю, ўзганинг нафсини қандай ўзи хоҳлагандай қилолсин?! Шу нуқтаи назарга кўра бўлса керак, донишмандлардан бири: «Инсоф талаб қилиш инсофнинг камлигидан далолат», деган экан.
Ҳикоя қилинишича, Абдуллоҳ ибн Мутиънинг қизи Қурайшнинг саховатли кишиларидан бўлган эри Талҳа ибн Абдураҳмонга шикоят қилибди:
― Сизнинг дўстларингиздан пасткашроғини кўрмадим.
― Жим бўл, нима деяпсан?! – дебди Талҳа аёлига.
― Аҳволингиз яхши пайтда сиздан ажралишмайди, сал қийинлашса, ташлаб кетишади.
― Э хотин, ахир, бу уларнинг яхшилигидан-ку! Бақувват пайтимизда келиб, ҳолимиздан хабар олишади. Ожизлашиб қолганимизда эса тарк этиб, бизни ҳижолатдан халос этишади, – дебди Талҳа.
Талҳанинг бу гапларини фақатгина вазиятни юмшатиш учун айтилган ҳозиржавоблик сифатида қабул этсак, камлик қилади. Бу жавобнинг ортида кўпроқ, муттасил риёзат билан касб этилган улуғфеъллик, суннатга қаттиқ риоят билан ҳосил қилинган софлик, айни пайтида лозим бўладиган тағофул (ўзни ғафлатга солиш) яширинган.
Ҳа, дўстсиз қолмаслик учун баъзан шундай йўл ҳам тутилади, киши билиб туриб, ўзини билмаганга, кўриб туриб кўрмаганга олади. Чунки шундай вазиятлар бўлади, дўстингдаги айбни айтганингдан кўра, айтмаганинг ислоҳга яқинроқ ва манфаатлироқ.
Ўзни ғафлатга солиш кишининг фатонати (зийраклик) ва дўстлик аҳдига нақадар вафодорлигининг белгисидир. «Дунё ишларининг аксари тағофул билан жорий бўляпти» дейилиши бежиз эмас. Абу Таммом Тоий бу мазмунни шунда назмга солган:
Кўрганмисан аҳмоқнинг халққа бошлиқ бўлганин.
Лек ўзин аҳмоққа солган кишидир қавм саййиди.