Жаннатга ёки дўзахга кирмай қолиш амал туфайли
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаннатга кирмай қолиш.

Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга чуқур назар соладиган бўлсак, банданинг жаннатга киришдан маҳрум бўлиши ҳам унинг қилган баъзи амаллари туфайли бўлади. Аллоҳ таоло шуни ирода қилган.

Мўмин банда ўзи қилган баъзи гуноҳлар туфайли маълум муддат жаннатга киритилмаслиги маълум. У мазкур гуноҳнинг жазосини ўтагунича жаннатга киришдан маҳрум қилинади.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баъзи катта гуноҳларни қилиш жаннатга киришни ман қилиши ҳақида хабарлар бор.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир», деган (93-оят).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва шубҳасиз, дўзахга кирурлар», деган (10-оят).

Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди», – дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилган.

Муслимнинг ривоятида:

«Қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди»,–дейилган.

Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга:

«Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», – дейилди.

Шунда Ҳузайфа унга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», – деди».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Демак, баъзи бир амаллар ўз эгасининг жаннатга киришига монеъ бўлиши мумкин экан. Албатта, мўмин банда диндан чиқмаса ва шариатнинг фарзу вожибларини инкор қилмаган, ҳалол ва ҳаромни инкор қилмаган бўлса, қилган гуноҳига яраша жазосини олгандан кейингина жаннатга киритилади.

***

 

Дўзахга кирмай қолиш.

Баъзи мўмин бандалардан дўзахга мубтало қиладиган амаллар содир бўлса-ю, у кейин бошқа керакли амалларни қилса, дўзахга кирмай қолиши мумкин. Маълум гуноҳларни қилган одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амалларни уламоларимиз учга бўлганлар.

  1. Тавба.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:

«Сен (Менинг тарафимдан): «Эй, ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас», деб айт», деган (53-54-оятлар).

Аллоҳ таоло «Марям» сурасида:

«Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар», деган (59-60-оятлар).

Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида:

«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган Зотдир», деган (68-70-оятлар).

  1. Яхши амаллар.

Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига сабаб бўладиган амаллар тоифасига ҳасанот – яхши амаллар ҳам киради.

Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (114-оят).

Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади ва ўз эгасининг дўзахга киришдан сақланишига сабаб бўлиши мумкин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

  1. Мусибатлар.

Маълум гуноҳларни қилган мўмин одамнинг дўзахга кирмай қолишига унга бу дунёда етган мусибатлар ҳам сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикон киришми, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорот қилур», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Мавзуга оид мақолалар
Тангрим кўрсатган йўлдан бир умр собит кетар, Пайғамбар суннатларин бенуқсон адо этар, Қуръон, ҳадис давоми...

19:28 / 04.02.2017 4700
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ «Рамазон суҳбатлари» да гўзал давоми...

08:17 / 09.02.2017 3102
Витаминлар алифбоси ВИТАМИНЛАР АЛИФБОСИ Боланинг соғлом ва гўзал бўлиб ривожланишида давоми...

11:42 / 25.11.2016 8598
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Куни кеча бозордан қайтаётиб муслима онахоннинг давоми...

14:32 / 29.11.2016 3800