Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди», деган (Наҳл, 80).
Шарҳ: Ушбу ояти каримада уй жиҳозлари ҳақида сўз кетгани учун, бу масала Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган масала эканлигини таъкидлаш мақсадида бобнинг аввалида келтирилмоқда.
Инсоннинг уйи энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйидан бошқа жойда одам оромини йўқотади, уйидагидек тинчлана билмайди. Буни ҳар бир инсон, хусусан, уйи йўқ кишилар жуда яхши ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга, уй жиҳозларига ва унинг осойишта, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди».
Ҳар бир уй – оромгоҳ. Мусулмон инсон учун унинг уйи емакхона, омонлик жойи, хотиржамлик маскани ва тинчлик-осойишталик марказидир.
«У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди».
Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Агар шундай қилмаганида кўчиб юрувчи, саҳро, чўлу биёбонларда яшовчи қабилалар оромгоҳ топа олмай қийналар эдилар.
«Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди».
Қўйнинг жуни, туянинг юнги ва эчкининг қилида уйга ишлатиш учун жуда кўп манфаатлар бор. Айниқса, кейинги вақтларда бу матоларнинг қиймати янада ортди, талаб кучайди. Инсон Аллоҳнинг бу неъматига ҳам шукр қилиши керак. Уларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ибодат этиши лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрадан ҳужра қилиб олиб, унда намоз ўқир эдилар. Кундузи уни солиб устига ўтирар эдилар. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёпишиб у Зотнинг намозидек намоз ўқий бошладилар. Улар кўпайиб кетганларида у Зот уларга юзланиб:
«Эй одамлар! Амаллардан ўзингиз тоқат қиладиганингизни олинглар. Албатта, сиз малол кўрмагунингизча Аллоҳ малол кўрмас. Албатта, Аллоҳ учун амалларнинг энг маҳбуби оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятнинг бу ерда келтирилишининг сабаби очиқ-ойдин кўриниб турибди. Унда ўша вақтда кенг тарқалган уй жиҳози бўлмиш бўйра ҳақида сўз кетмоқда.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрадан ҳужра қилиб олиб, унда намоз ўқир эдилар».
Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрани масжиднинг бир бурчагига тиклаб ҳужрага ўхшатиб олиб, ичига кириб нафл намоз ўқир эдилар.
«Кундузи уни солиб, устига ўтирар эдилар».
Ўша кечаси ҳужра қилиб олинган бўйрани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз куни тагларига солиб ўтирар, ундан уй жиҳози сифатида фойдаланар эдилар. У Зотнинг уйлардаги ҳаёт ана шундоқ камтарона ва содда бўлган эди.
«Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёпишиб, у Зотнинг намозидек намоз ўқий бошладилар».
Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйрадан ҳужра қилиб нафл намози ўқиётганларини кўрган одамлар у Зотнинг бўйра ҳужраларига яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиб, унга ёпиштириб жой қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига қўшилиб ўқий бошладилар.
«Улар кўпайиб кетганларида у Зот уларга юзланиб:
Яъни кечаси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб нафл намоз ўқийдиганлар кўпайиб кетганларида уларга бу борада мурожаат қилдилар.
«Эй одамлар! Амаллардан ўзингиз тоқат қиладиганингизни олинглар».
Яъни нафл ибодат қиладиган бўлсангиз имкон ва шароитингизга қараб кучингиз етадиганини олинг. Ўзингизнинг қурбингиз етмайдиган ишни ўз ихтиёрингиз ила вазифа қилиб олиб, кейин қийналиб юрманг. Агар бошқаларга қизиқиб, бирданига кўп нафл амални ўзингизга вазифа қилиб олсангиз, кейин малол кўриб қолишингиз мумкин.
«Албатта, сиз малол кўрмагунингизча Аллоҳ малол кўрмас».
Шунинг учун сиз ўз имконингизга қараб тоқатингиз етадиган ишни қилинг.
«Албатта, Аллоҳ учун амалларнинг энг маҳбуби оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир», дедилар».
Шунинг учун нафл ибодат қилишда ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бир-икки қилиб, кейин ташлаб юборадиган эмас, балки бардавом бўладиган амални ихтиёр қилмоқ керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устида ухлайдиган тўшаклари ичига лийф солинган теридан эди».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Лийф» хурмо пўстлоғининг ички тарафидаги майин толалар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий тўшакларининг ичига хурмо пўстлоғининг майин толалари солинган, жилди ошланган теридан қилинган экан. У Зот ўша тўшакни кундузи тагларига солиб ўтирар, кечаси тагларига солиб ётар эканлар. Бу ҳам камтарона ва содда ҳаёт намунаси.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суянадиган ёстиқлари ичига лийф солинган теридан эди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ёнбошга олиб суянадиган ва ёки ухлаганда бошнинг остига қўядиган ёстиқни арабчада «висада» дейилади. Бу ривоятда ўша висада ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болишлари бўлган экан. Бу ҳам уй жиҳозларидан бири ҳисобланар экан.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, у Зот теридан қилинган қизил қуббанинг ичида эканлар. Билолнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини олиб турганини кўрдим. Одамлар таҳорат сувига ўзларини уришар эди. Ким ундан бирор нарсага эришса, ўзига суртар, ундан бирор нарсага эриша олмаганлар эса соҳибининг қўлидаги ҳўлдан оларди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Ваҳб ибн Абдуллоҳ ас-Сувоийдир. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ўз кўзлари билан кўрган бир ҳодисани сўзлаб бермоқдалар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, у Зот теридан қилинган қизил қуббанинг ичида эканлар».
«Қубба» – маълум нарса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам бир неча бор қубба тикилгани ривоятларда келган. У капага ўхшаш нарса бўлган. Ушбу ривоятни бу жойда келтиришдан мақсад ҳам унда худди шу нарсанинг зикри борлигидан. Сафарга чиққанда, зарурат туғилганда қубба қилинса, жоиз экан.
Ушбу ҳадиси шарифнинг давомида саҳобаи киромларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган улкан муҳаббатларидан бир кўриниш васф қилинади.
«Билолнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини олиб турганини кўрдим».
Бу ҳолат ҳам Билол розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиш муҳаббатлари кучли бўлганини кўрсатади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша Билол розияллоҳу анҳу келтирган сувдан таҳорат қилар эдилар.
«Одамлар таҳорат сувига ўзларини уришар эди».
Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилганларида аъзоларидан ажраб тушган сувга саҳобалар ўзларини уриб, уни илиб олишга ҳаракат қилар эдилар.
«Ким ундан бирор нарсага эришса, ўзига суртар, ундан бирор нарсага эриша олмаганлар эса соҳибининг қўлидаги ҳўлдан оларди».
Саҳобалардан ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларидан бирор томчини илиб қолишга эришса, дарҳол уни ўз баданига суртар эди. Улардан ким бевосита ўша сувдан олишга эриша олмаса, эришган кишининг қўлидаги ҳўлдан олишга шошилар эди.
Абу Рифоъа розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб борганимда у Зот хутба қилаётган эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир ғариб одам дини ҳақида сўраб келди. У ҳеч нарса билмайди», дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қарадилар, хутбани тарк қилдилар ва олдимга юриб келдилар. Оёқлари темир бир курси келтирилди. У Зот унга ўтирдилар ва менга Аллоҳ у Зотга таълим берган нарсаларни ўргата бошладилар. Сўнгра бориб, хутбаларини тамомладилар».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда ўша вақтда тез-тез такрорланиб турадиган ҳодисалардан бири васф қилинмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзаро муомала маданиятидан умуман бехабар кишилар билан муомала қилиб, уларни маданиятли қилишга қанчалар меҳнат қилганларини шундан билиб олсак бўлаверади. Мана, ўшандоқ кишилардан бири бўлган Абу Рифоъа розияллоҳу анҳунинг гапларига қулоқ осинг.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб борганимда у Зот хутба қилаётган эканлар».
Ўзини билган, жамоатчилик орасида ўзини тутишдан заррача хабардор одам бўлса, албатта, бир чеккага ўтириб, кўпчиликка айтилаётган ваъз-насиҳатни тинглашга ўтиши керак. Сўнгра қанча гапи бўлса, гапираверади. Қанча саволи бўлса, сўрайверади. Аммо бу борадаги маданият нима эканини билмаган одам хаёлига келганини қилади.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир ғариб одам дини ҳақида сўраб келди. У ҳеч нарса билмайди», дедим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларида бошқа ҳар қандай одам бўлса, «Ғариб бўлсанг, нима қилибди?! Ўтир! Хутбани тингла! Бунча шанғиллайсан! Билмасанг, хутбани тамом қилгандан кейин ўргатиб қўяман», дейиши энг яхши муомала бўлар эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқача тасарруф қилдилар.
«Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қарадилар, хутбани тарк қилдилар ва олдимга юриб келдилар».
Қаранг-а! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликка қилаётган хутбаларини тўхтатиб, минбардан тушиб, гапни бузиб чақирган одамнинг олдига юриб келдилар. Юриб келиб, жим ўтир, деб қайтиб кетмадилар. Балки у Зотга саҳобалар томонидан ўтиришлари учун;
«Оёқлари темир бир курси келтирилди».
Айни жумла борлиги учун ушбу ҳадиси шариф «Уй жиҳозлари» бобида келтирилган.
Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам курсига ўтирган эканлар. У Зотнинг уй жиҳозлари ичида темир оёқли курси ҳам бор экан.
«У Зот унга ўтирдилар ва менга Аллоҳ у Зотга таълим берган нарсаларни ўргата бошладилар».
Бу у Зотнинг камтарликлари, динга қизиққан кишиларга алоҳида эҳтимом беришларининг намунасидир.
«Сўнгра бориб, хутбаларини тамомладилар».
Даъват иши билан шуғулланувчи одамлар бу ҳолга алоҳида эътибор беришлари ва ўрнак олишлари лозим.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркакка бир тўшак. Унинг аёлига бир тўшак. Учинчиси меҳмонга. Тўртинчиси шайтонга», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бундан уй анжомлари оила аъзоларига ва уларга келадиган меҳмонларга етарли бўлиши матлуб экани, ундан ортиғи макруҳ экани келиб чиқади. Чунки кераксиз нарсани тўплаш исрофдир. Исрофчилик Исломда қораланади. Ундан сўнг кераксиз уй жиҳозларини тўплаш риёкорлик, фахрланиш, ким ўзарга беҳуда уринишга, ўзаро ҳасад ва камбағаллар кўнглининг синишига олиб боради.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Уйланганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Наматлар олдингми?» дедилар.
«Бизга намат қаердан бўлсин», дедим.
«Аммо, албатта, улар бўлажак», дедилар.
Ҳозир хотинимнинг намати бор. Уни мендан нари қил, десам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аммо, албатта, улар бўлажак», деган эдилар-ку!» дейди».
Шарҳ: «Намат» бизда кигиз ҳам дейилади. У жундан бўладиган нарса бўлгани учун ўша вақтда қимматбаҳо, камчил нарса бўлган экан. Унча-бунча одамнинг намат олишга қурби етмас экан. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан,
«Наматлар олдингми?» деб сўраганларида
«Бизга намат қаердан бўлсин», деб жавоб беришлари ҳам шундан. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло келажакда бўладиган баъзи нарсаларни ҳам билдирган эди. Шунинг учун намати йўқлигидан ўксигандек бўлиб гапирган Жобир розияллоҳу анҳуга у Зот:
«Аммо, албатта, улар бўлажак», дедилар».
Яъни келажакда маиший ҳаёт яхшиланади. Ана ўшанда сизларнинг ҳам наматларингиз бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари рўёбга чиқди.
«Ҳозир хотинимнинг намати бор».
Ўзи ундан фойдаланади. Гоҳо менга ҳам ўша наматдан фойдаланишни таклиф қилади. Менинг зебу зийнатга тоқатим йўқ. Шунинг учун хотинимнинг наматдан фойдаланишим учун қилган таклифи ёқмай унга:
«Уни мендан нари қил, десам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аммо, албатта, улар бўлажак», деган эдилар-ку!» дейди».
Менинг тақводорлигим унга ёқмай ўзининг гапини қўллаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намат ҳақида айтган башоратларини ёдимга солади.
Зайд ибн Холиддан, у Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар ит бор уйга ҳам, ҳайкаллар бор уйга ҳам кирмаслар», дедилар».
Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бориб ўша ҳақида сўрадим. Бас, у киши:
«Мен сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилсалар, шуни айтиб берурман. У Зот ғазотларига чиқдилар. Мен бир наматни эшикка парда қилиб қўйдим. У Зот келиб наматни кўрдилар. Юзларидан ёқмаганини сездим. Бас, у Зот уни тортиб олдилар-да, йиртиб ташладилар ва:
«Албатта, Аллоҳ бизга тошга ва лойга кийим кийдиришни амр қилмаган», дедилар. Кейин ундан иккита болиш бичдик. Уларга лийф солдим. У Зот буни менга айб санамадилар».
Иккисини Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятнинг ровийларидан бирлари Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудир. У киши уйда жонли нарсанинг сурати ва ҳайкали бўлиши фаришталарнинг ўша уйга кирмаслигига сабаб бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифни ривоят қилиш билан бирга, бу масала бўйича яна ҳам кўпроқ нарса билиш мақсадида,
«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бориб ўша ҳақида сўрадим», дейдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уй шароитида кўп яшаганлари учун бу каби масалаларни Оиша онамиз яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам эркагу аёл саҳобалар у кишининг ҳузурларига масала сўраб кўп боришар эди. Мана Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ҳам мазкур масалани сўраб, Оиша онамизга мурожаат қилдилар.
«Бас, у киши:
«Мен сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилсалар, шуни айтиб берурман»,дедилар.
Яъни бу масалада ўз фикримни айтмайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масала бўйича қилган ишларининг айни ўзини айтиб бераман.
«У Зот ғазотларига чиқдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафардаликларидан фойдаланиб ҳужрамизни бир оз тартибга солиб қўйиш мақсадида
«Мен бир наматни эшикка парда қилиб қўйдим».
Ўзимча ҳам эшик очилганда ташқарини тўсиб туради, ҳам ҳужранинг ичи бир оз бўлса ҳам, чиройли кўринади, деб ўйладим.
«У Зот келиб, наматни кўрдилар. Юзларидан ёқмаганини сездим. Бас, у Зот уни тортиб олдилар-да, йиртиб ташладилар»
Чунки мазкур наматда қанотли отларнинг сурати бор эди. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ишларини шарҳлаб:
«Албатта, Аллоҳ бизга тошга ва лойга кийим кийдиришни амр қилмаган», дедилар».
Шундан кейин уй ичида жонлининг сурати бор нарсани сақлаш жоиз эмаслиги билинди.
«Кейин ундан иккита болиш бичдик».
Яъни мазкур наматдан ўтирганда ёнбошга суяш учун иккита болиш қилдик.
«Уларга лийф солдим».
Яъни икки болишнинг ичига хурмо пўстлоғининг ички тарафидаги юмшоқ толалардан солдим.
«У Зот буни менга айб санамадилар».
Чунки йиртилган матодаги суратлар ҳам парчаланиб кетади. Ҳамда болиш қилинганда ҳурматли жойга эмас, ёнбошга, паст жойга қўйилади, топталади.
Демак, пардаларда ҳам жонли нарсанинг сурати бўлмаслиги керак. Болиш ва шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсада бўлса, ҳечқиси йўқ.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шойига ҳам, йўлбарсларга ҳам минманглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Фаришталар йўлбарс териси бор рафиқлик-ла бирга бўлмаслар», дейилган.
Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Яъни уловнинг эгари устига шойи ёки йўлбарс терисидан бўлган нарса солиб туриб, устига минманглар. Шойи ва йиртқич ҳайвонлар терисидан фойдаланиш ҳақида аввал батафсил гапириб ўтганмиз.
«Фаришталар йўлбарс териси бор рафиқлик-ла бирга бўлмаслар», дейилган.
Бу ҳам бошқа миллатлар одати, ҳам манманлик сабаби бўлгани учундир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан қурайшлик одамлар ўзларининг эшакдек келадиган қўйини судраб ўтдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унинг терисини олганларингизда-ку», дедилар.
«У ҳаром ўлган», дейишди.
«Уни сув ва қараз пок қилур», дедилар у Зот.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: «Қараз» – терини ошлаш учун ишлатиладиган дарахт меваси.
Демак, қўй каби ўзи ҳалол ҳайвон ҳаром ўлган бўлса ҳам, унинг териси ошлангандан кейин ишлатса бўладиган ҳолга ўтар экан. Ундоқ нарсадан уй анжоми сифатида фойдаланса бўлар экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида бир уйга келдилар. У ерда осиб қўйилган қирбани кўрдилар ва сув сўрадилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, у ўлимтикдан қилинган», дейишди.
«Унинг ошланиши покланишидир», дедилар у Зот.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Насаийнинг лафзи қуйидагича:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида бир аёлдан сув сўрадилар. У аёл:
«Менда ҳаром ўлган ҳайвон терисидан қилинган қирбадагидан бошқа сув йўқ», деди.
«Уни ошлагандирсан?» дедилар у Зот.
«Албатта!» деди.
«Унинг ошлангани покланганидир», дедилар у Зот.
Шарҳ: «Қирба» – теридан қилинган кичик мешкоб. Бундан ҳаром ўлган ҳайвон терисидан идиш, хусусан, сув идиш қилиб олиб, уй анжоми сифатида ишлатиш мумкинлиги тушунилади.