«Жаннат райҳонлари»га озор берманг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                            

                                    «Жаннат райҳонлари»га озор берманг!

   Инсониятга фарзандни неъмат қилиб берган Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар, фарзандларни асраб-авайлашга ва уларни чиройли тарбият қилишга буюрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин.

   Жаннат – мўмин-мусулмонлар унга доимо интилиб яшайдиган ва уларга бериладиган улкан мукофот ҳисобланади. Жаннатдаги ҳар бир нарса бу дунё ҳаётидан ўн чандон, керак бўлса юз чандон афзал саналади. Унинг васфи эса Қуръони Каримда жуда чиройли таърифланган. Шундай улуғ маскан райҳонлари – фарзандлар ҳисобланади.  

     Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабининг давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбандидир. Уни асраб-авайлаш берилган неъмат шукрини адо қилиш десак, менимча, муболаға бўлмайди. Фарзандлар беғубор ва меҳрга муҳтождир.

    Бизнинг юртимизда фарзандлар саломатлиги, уларнинг билим олиши, эмин-эркин униб-ўсиши доимо долзарб масалалар қаторидан жой эгаллайди. Ҳозирги кунда юртимизда улар учун спорт масканлари, илм даргоҳлари ва дам олиш оромгоҳлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу йил «Соғлом она ва соғлом бола» йили муносабати билан жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов (Аллоҳ раҳматига олсин)нинг: «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, биздан кўра билимли, биздан кўра доно ва албатта, биздан кўра бахтли бўлишлари лозим», деган сўзларини бевосита тасдиқлаб келмоқда.

    Аммо, минг афсуслар билан айтамиз-ки, кўзларимиз оқу қораси, келажагимиз пойдевори бўлган беғубор болаларни ўз манфур мақсадлари йўлида ҳалок қилаётган бераҳм ва иймонсиз кимсалар ҳам йўқ эмас, албатта. Бу инсофсиз кимсалар ҳали яхши ва ёмонни ажратишни билмай, энди ҳаётга қадам қўяётган қалби пок болаларга портловчи моддалар ўрнатиб, инсониятнинг ҳалок бўлишини четдан томоша қилишни мусулмончиликдан деб ҳисоблайдилар, шу тўғрими?!

   Йўқ!!!  Ислом дини – тинчлик, осойишталик дини. Ислом дини фарзандларга озор беришдан қайтаради. Нафақат  фарзандлар, балки барча инсон зотига озор бериш, ҳаттоки унга азият берувчи бирор сўз айтишига ҳам йўл қўймайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда:

  «Комил мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан озор чекмайдиганларидир», – дедилар. Агар бу манфур кимсалар ўзларини «мусулумон» деб аташса, қани, қайси ишлари бизнинг динимиз қоидаларига тўғри келяпти? Уларнинг инсонийликдан, диндан, бугунги кун ҳаётидан анча йироқда эканликлари маълум бўлиб турибди-ку!

  Ҳозирги кунда динни ниқоб қилиб олган ИШИД террористик гуруҳининг хотин-қизларни бозорда нархлашлари, қизларни хорлашлари  Исломнинг  ҳеч қайси мезонларига тўғри келмайди. Аммо бу кимсалар учун бундай шафқатсизликларнинг бари оддий ҳол ҳисобланади. Ҳаттоки ёш гўдакларни ҳам ўзларининг махсус лагерларида ваҳшийликка, шафқатсизликка ўргатиб, уларни бераҳм қилиб тарбиялашлари жуда ачинарли ҳолатдир. Улардан қочган бир инсоннинг айтишича:

  «Суриянинг Раққа шаҳрида олтита махсус лагер бўлиб, ундан ҳар ҳафтада 25-30 бола тўлиқ ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, «жаллод» бўлиб етишиб чиқади. Улар бу лагерда амалий машғулот сифатида асирга тушган тирик инсонлардан фойдаланишади».

   Доно халқимиз айтганидек, бола оппоқ қоғозга ўхшайди. Унга  нимани туширсангиз, шуни ўқийсиз. Унга гўзал сатрлар битсангиз, уни ҳар қўлингизга олганингизда ҳузур-ҳаловат оласиз. Аммо акси бўлса, уни ўчириб ташлашни ҳеч ҳам иложи йўқ. Агар уни минг меҳнат билан ўчирсангиз ҳам, аввалгидек оппоқ бўлмайди, ёзилганлардан доғлар қолади.

   Шундай экан, биз ўз вазифамизни тўғри англаган ҳолда фарзандларимизни чиройли тарбиялаб, уларнинг теран фикр соҳиби бўлиб, жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига ёрдам беришимиз зарур. Уларга неъматларнинг шукрини адо қилиш – мустақилликни мустаҳкамлаш ва юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшиш билан бўлишини тушунтира билишимиз лозим!

 Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти

4-курс талабаси Алишержонова Моҳирахон

 

   
Мавзуга оид мақолалар
Чанг қаердан келади Ўлчами 0,01 микрондан 10 микронгача бўлган қаттиқ зарраларга чанг дейилади. Микрон ёки давоми...

21:00 / 13.08.2019 3480
  Бугун 5 июль куни эрта тонгдан Ҳилолнашр нашриётининг бош дўконида уч ой ўтиб, яна Қуръон китоби сотувга давоми...

15:16 / 05.07.2018 3011
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонларни безовталикка олиб келаётгани сир эмас. Қўлида ақлли телефони давоми...

21:00 / 27.08.2019 2850
Модомики, банда Аллоҳ унга кўрсатган йўлдан оғишмай бораркан ҳамиша ютуқдадир. Йўлда учраган тўсиқлар, давоми...

06:40 / 06.12.2022 2996