Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, шу ҳолда улғаяди. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб умрини зое қилмасин.
Ота-она болани кичиклигидан , умрини аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Уни фақатгина диндор ва ҳалол ейдиган аёлга эмиздирсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди. Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун ота-она унга овқатланиш одобларини таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи нонга бошқа нарсани қўшиб емоқ лозим, деган хаёлга бормасин.
Ота-она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп овқат емоқ ҳайвонлар иши эканлигини тушунтиради.Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимлар аёлларга хослиги тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади.
Вақти келганда мактабга бериб, Қуръон, ҳадис ва ибратли қиссалардан таълим бериш бошланади. Шу тариқа, унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. Ишқнинг зикри бор шеърларни ёдлашига йўл қўйилмайди. Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим. Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, уни айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай жазолаш ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтирган яхши. Аммо жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласи ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак. Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин... Кундузи ва бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлашни ман қилинмайди. Аммо ётар жойи юмшоқ қилинмайди. Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин. Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юриш, кўп ҳаракат қилиш ва бадантарбияга одатлансин.
Бола ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин.
Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозели бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим.
Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади.
Болага тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим.
Болага ўтирган жойида туфурмаслик, бурун тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғини устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик кабилар таълим берилади.
Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади.
Болани уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан ман қилинади. Зотан болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.
Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак, бу ила у ўқишдаги чарчоғини ёзади.
Бола ота-онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарур.
Бола етти ёшга етганида намоз ўқишга буюрилади. Ўрганиши учун таҳоратсиз юрмасликка одатлантирилади. Уни ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка одатлантирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганида ундан ўша пайтга керакли бўладиган нарсалар талаб қилинади.
Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим нарсалардан бири боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади.
Бунда ўтган салафи солиҳларимиздан ўрнак бўладиган тажрибалар кўп қолган.
Саҳл ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади: «Чамаси уч ёшли бола эдим, кечаси уйғониб тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солиб турар эдим. Бир куни тоғам менга: «Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?» ̶ деди.
« Уни қандай зикр қиламан ?» ̶ дедим.
«Тилингни қимирлатмасдан , қалбингда уч мартта, «Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим » дегин», – деди.
Мен у сўзларини бир неча кеча айтдим ва тоғамга хабарини бердим . У менга: «Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт»,– деди.
Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Бир муддат ўтганидан кейин тоғам менга: «Мен сенга ўргатган нарсани ёдлаб олгин-да , то қабрга киргунингча уни давом қил»,– деди.
Мен у ишни йиллар давомида қилиб юрдим. Уларнинг ҳаловатини ичимда топдим. Сўнгра тоғам менга: «Эй Саҳл ! Аллоҳ у билан бирга бўлган, унга назар солиб турган, ва унинг устидан гувоҳ бўлган одам у Зотга осий бўладими? Маъсиятдан ҳазир бўл!» – деди.
Кейин мактабга бориб, олти-етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. Сўнг нафл рўзани кўп тутадиган бўлдим. Ейдиган таомим арпа нони бўлди. Ундан кейин кечаларни бедор бўлиб, ибодат-ла ўтказадиган бўлдим».
Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу қисса боланинг тарбиясига, хусусан, руҳий тарбиясига кичиклигидан аҳамият бериш унинг яхши одам бўлиб етишишида қанчалар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди.
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
Руҳий тарбия. Покланиш