Юсуфбек ҳожи – ҳақиқий ўзбек қайнотаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юсуфбек ҳожи – ҳақиқий ўзбек қайнотаси

       Хизмат юзасидан пойтахтимиздаги қариялар уйидан бирига бордим. У ердаги кекса бир отахон ҳаммадан ўзини четга тортар, негадир ҳеч кимга қўшилмас, мунг тушиб кўча ойнасидан кўзини узмас эди. Ишларимни битирдим-у, отахонга салом бериб, нима сабабдан бу ерда яшаётганларини, ҳаётларини бошқа инсонларга ўрнак бўлиши учун сўзлаб беришларини илтимос қилдим.

«Мен бундан 20 йил илгари нуфузли ташкилотда раҳбар бўлиб ишлар эдим, – дея гап бошлади отахон, – пулим, мансабим кучидан айтганим айтган, деганим деган эди. Улфатлар билан йиғилишларимизнинг бирида яқин дўстимнинг қизини келин қилишимни айтиб, кўпчиликни ичида катта гапириб қўйдим. Аммо ўғлим бу хабардан у даражада хурсанд бўлмади, чунки у маҳалламиздаги Собир муаллимнинг қизига кўнгил қўйган экан. Мен у қизнинг одобли, ҳаёли, меҳнаткаш қиз эканлигини билсам-да, ўзимиздан анча паст, оддий ўқитувчининг қизини келин қилмаслигимни айтиб, катта «қиёмат» кўтардим. Дўстларим олдида субутсиз бўлишимни ўйлаб, баттар жаҳл отига миндим. Қанча қўшнимизнинг қизини келин қилмаслигимни айтсам-да ўғлимни кўндира олмадим. Собир муаллимнинг қизи уйимизга келин бўлиб тушди...

Яккаю ягона ўғлим сўзимни икки қилгани, кўпчилик ичида камбағал оила билан қуда бўлганимни ўйлаб, анча пайт ўзимга кела олмадим. Барча нарсага келинимни айбдор қила бошладим. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дея ҳар бир қадамидан камчилик қидирар, нима қилиб бўлса-да оиласини бузишни ўйлар эдим. Бахтга қарши келиним ўта ҳаёли, камгап, итоаткор бўлиб, қайнонасининг ҳам меҳрини қозониб улгурган эди. Уйда турли баҳоналар ўйлаб жанжал қилар, келинимга заррача меҳрим йўқ эди. Тилимга келган сўкиниш, қарғишми, ҳақоратми – барисини тўкиб сочар эдим. Бечора, индамай йиғлар, «Узр, дадажон» дейишдан нарига ўтмасди. Ўзимнинг тахминимга кўра, 2-3 ой ичида ажрашиб кетиши керак бўлган келиним, шунча ҳақорат, хўрликка чидаб яшайверди. Ўғлимни-ку мутлақо эшитмас, баъзан унга қўл ҳам кўтариб, баҳонада келинимдан «ўч»имни олар эдим. Хуллас, унга хизматкорга қарагандек қарар эдим. Орада улар фарзанд кутаётганларидан хабар топгач, ғазабим ақлимни учирди. Ишдан келдим-у, ошхонада куймаланиб юрган келинимни қўлидан судраб, кўчага ҳайдадим. На хотиним ва на ўғлим менга бас кела олишди. Туртиб суртиб маҳалла охиригача ҳайдаб, ота уйига ташлаб келдим. Шу билан ора очиқ, қайтиб келмаса керак, деб хотиржам юрсам, эртаси куни яна қайтиб келиб, уни кечиришимни, келин эмас, қиз бўлишини айтиб ёлворди. Жаҳл иш бермаслигини тушундим-у, хийла йўлига ўтдим: уни «кечирдим», меҳрибон қайнота тусига кирдим. Сўнг келинимга қарши бошқа чора ахтара бошладим. Ишхонадаги ёши каттароқ ҳисобчини чақирдим, унга вазиятни тушунтирдим. Ҳисобчи аёл кўнглимдагидек йўл кўрсатгач, анча босилиб қолдим. Ҳар куни уйга келинимга деб ширинликлар, тансиқ таомлар кўтариб кела бошладим. Уйдагилар менга Худо инсоф берди деб еру кўкка сиғишмасди. Афсуски, бу меҳрибончилик ортида катта бир тубанлик ётгани фақат Худога аён эди. Мен ҳисобчим ёрдамида «иссиқ-совуқ», сеҳр қилинган нарсаларни келинимга илинар,фақат хонангизга олиб кириб ўзингиз енг, набирам пучуқ бўлмасин дея қаттиқ тайинлар эдим. Худонинг қудрати ила келиним хонага олиб кириб нарсаларни бир ўзи емас, эртаси ишга кетганимда барча билан баҳам кўрар экан. Натижада, сеҳр ўқилган, «амал қилинган» нарсалардан истеъмол қилиб аёлим қаттиқ оғриб қолди, ақлга тўғри келмайдиган ишларни қила бошлади, кейин уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишдан бошқа чорам қолмади. Аёлим ҳеч кимни танимас, ўзга оиламда яшаётгандай эди гўё. Онасига қаттиқ сиқилган ўғлим машина тезлигини ҳаддан зиёд ошириб, автоҳалокатга учради, натижада бир умрлик фалажга айланди. Бу хабарни эшитган келиним ҳомиласидан айрилди. Ишим ҳам орқага кетиб, инқирозга учрадим. Мол-мулким мусодара қилиниб, кўчада қолдим. Келиним ногирон ўғлимни олиб ота уйига кетди. Мендан шунча зулм ва хўрликни кўрган қудам худди ҳеч нима бўлмагандек ўз уйидан жой берди. Қабиҳ ишларим, ўтмишим, зулму ситамларим, улкан гуноҳларим, виждон азобим қуда уйида бир ҳафта яшашга етди, холос. Ҳеч нимадан хабари йўқ келиним менга, ўғлимга чунонан меҳрибон эдики, мени тубанлигимдан мутлақо бехабар эди. Охири тонг пайти ҳеч кимга индамай, келинимнинг уйидан чиқдим-у, ўзим учун энг муносиб жой – кексалар уйига келиб жойлашдим. Бечора келиним, бир ой давомида мени қидириб-қидириб, мана шу ергача етиб келди. Қанча ёлборса-да у билан кетмадим. Фақат йиғлаб ундан кечирим сўрар эдим. Келиним ногиронлар аравачасида ҳафтада икки-уч марта ўғлимни олиб мени кўргани келади. Ўзимни ухлаганга, бетобга соламан, улар билан кўришишга бетим чидамайди... Орада руҳий касалликлар шифохонасига бориб аёлимдан хабар олади. Ўзи ишлаб, дори-дармонларимизни вақтида етказиб беради.

 Ўшанда нақдар тубан иш қилганимни, ҳозир ўйласам, мендек нобакорни ер қандай кўтариб турганига ҳайрон қоламан... Худойим мени кечир... мени кечир...»Кексалар уйидаги бу отахоннинг ҳикоясини эшитиб, чуқур ўйга толдим...   

Ўтмиш саҳифалари ёдга келади: Юсуфбек ҳожи. У ҳам обрўли Тошкент бекларидан бўлса-да, Ўзбек ойим таърифи билан айтганда марғилонлик  «анди» келинга ўз уйидан,  бағридан жой берди. Оддий қутидор билан қуда бўлади. Ўзи минг хавотир, минг ҳижолат билан Тошкентга келган Кумушбиби обрўсини баралла кўтариб: «Марғилонда шундай келинимиз бор экан-у, биз билмай юрган эканмиз», дея келиннинг ўз хонадонидаги ўрнини кўрсатиб беради. Кумушбибини қизидан ортиқ суяди, ўғлининг бахти учун аёли ва икки келини орасида кўприк бўлиб, муроса йўлини тутади. Келини вафотига қадар зулм у ёқда турсин,  баланд овозда гапирмади. Келини заҳар қусган кун Аллоҳ олдидаги омонати бўлмиш – келини билан захар ютгандай бўлди, жудоликни кўтара олмади... Мана шу ҳақиқий  ўзбек қайнотаси бўлса керак, ҳамма ибрат оладиган ўзбек қайнотаси!

Ҳар бир оила келин туширгач, қайнона-қайнота эмас, ота-она бўлиши, ўзга бир хонадонда униб-ўсган гулларни сўлдирмаслиги, парваришлаб боғ яратиши лозим. Зеро, бу боғ бизнинг ўз ҳаётимиз, умримизнинг бир бўлагидир...

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова

 
Мавзуга оид мақолалар
Сафийя онамизнинг оталари исми Ҳуяй ибн Ахтаб ибн Саъяҳ ибн Саълаба ибн Убайд ибн Каъб ибн Хазраж ибн Абу давоми...

13:45 / 16.03.2017 6308
Ислом оламининг биринчи аёл  олималар халқаро анжумани Эроннинг Илмфан Вазирлигида бўлиб ўтди. Икки кун давоми...

15:39 / 09.11.2016 3412
Олмазор туманида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасида Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов давоми...

15:29 / 14.02.2018 3109
Маҳсулотлар 30 мл совуқ кофе 2 та қаймоқли музқаймоқ шариги ¼ чой қошиқ какао 16 плиткали шоколад Таъбга давоми...

12:09 / 29.11.2016 3308