Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Никоҳ кечасидаги ва ундан кейинги жинсий алоқалардан кейин эр ва хотин кечиктирмасдан ғусл қилишлари мақсадга мувофиқдир. Агар бунга имконият топилмаса, ҳеч бўлмаганда таҳорат қилишлари жоиз. Ғусл ёки таҳорат қилмасдан туриб овқатланиш, ичиш ва уйқуга ётиш мутлақо мақсадга мувофиқ эмас.
Абдуллоҳ ибн Қайс (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Пайғамбаримизнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан бу ҳақда сўралганини бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда қандай ғусл қилар эдилар: ухлашдан олдин ғусл қилармидилар ёки ғусл қилмай ухлармидилар?» деб сўралди. Ҳазрати Оиша: «Бунинг барчасини қилар эдилар. Гоҳида ғусл қилиб, сўнг ухлар эдилар. Гоҳида таҳорат билан ухлар эдилар. Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деди». Лекин кечқурунги таҳоратдан кейин эрталаб, албатта, ғусл қилиш, барибир, шарт ҳисобланади. Мусулмон йигит илк никоҳ оқшомида келин билан биринчи учрашганида унинг пешонасига қўлини қўйиб: «Бисмиллаҳи, барокаллоҳу ликулли ваҳидим минна фи соҳибиҳи» (Аллоҳ ҳар биримизни ўз жуфтига баракотли қилсин) дейиши маҳбуб (севимли) амалдир. Шу билан бирга қуйидаги ҳадисдаги дуони ҳам айтади: Хабар берилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирингиз бирор хотинга уйланадиган бўлса, қўлини хотини пешонасига қўйсин ва: «Бисмиллаҳи, Аллоҳумма инний асъалука хойроҳа ва хойра ма жабалтаҳа ъалайҳи» десин» , дедилар
Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Сунний ривояти.
Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан унинг яхшисини ва унга халқ қилган нарсангнинг яхшисини сўрайман ва унинг ёмонидан ҳамда унга халқ қилган нарсангнинг ёмонидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман. Шундан кейин янги турмуш қураётган келин-куёвга икки ракат нафл намозини адо этиш ва намоздан сўнг қуйидаги дуони ўқиш мақсадга мувофиқ: «Аллоҳумма барик ли фи аҳли ва барик лаҳум фи, аллоҳумма ижмаъ байнана ма жамаъ‘та бихойрин ва фарриқ байнана иза фаррақта ила хойрин» (Аллоҳим, мени аҳли аёлим билан ва уни мен билан биргаликдаги ҳаётимизга фотиҳа бергин. Эй Аллоҳ, бизларнинг ўртамизда яхшилик ўрнатгин, агар ажрашишга тўғри келиб қолса, унда бизларни яхшиликча ажратгин); Биргаликдаги ҳаётнинг иккинчи кунида овқат ва ичимликлардан иборат дастурхон ёзиш ва қариндошларни, яқинларни, Ислом уламоларини чақириш мақсадга мувофиқдир. Хабар қилинишича, Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланганларида уларга бир пиёла сут беришган, улар сутдан ичишган. Набий алайҳиссалом хотинлари Оиша розияллоҳу анҳуга пиёлани бердилар, Оиша эса хижолатдан бошларини қуйи туширдилар. Келиннинг уялиши ва тортинчоқлигини енгиш учун куёв у билан самимий гаплашиши, ҳазиллаши, ўзлари холи қолганда эса эркалаши керак. Хабар қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен хотинингга ҳайвонга ўхшаб ташланма, ораларингда нома бўлсин», дедилар. «Қанақанги нома?» деб сўрашди. «Ширин суҳбат ва бўсалар», деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Умуман, биргаликдаги ҳаётнинг биринчи кечасида келин-куёвлар фақат бир-бирларини яқинроқ танишиб, ширин суҳбат қуришлари, эр-хотинлик ҳаётини эса кейинги кечадан бошлашлари мақсадга мувофиқдир. Эр-хотиннинг жимоъ қилишидан олдин йигитларга шайтон шарридан паноҳ тилаб дуо ўқиш суннатдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирортангиз аҳли ҳузурига келиб (жимоъ қилишни хоҳласа), «Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона ма розақтана» деса, ўрталарида фарзанд бўлиб қолса, унга шайтон зарар бера олмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми ила. Аллоҳим, бизни шайтондан ва шайтонни Сен бизга ризқ қилиб берган фарзандимиздан йироқ қилгин». Жинсий муносабатларнинг барча кўринишларини эр-хотинга мақбул, аммо шаръий талабларга зид бўлмаган турли ҳолатларда амалга оширишга рухсат берилган. Исломда аёлнинг фаржидан бошқа аъзоларига яқинлик қилиш ман этилган. Қуръони каримда бундай дейилган: «Хотинлар экинзорларингиздир, шундай экан, экинзорингизга хоҳлаганда келаверинглар» (Бақара, 223). Шундай бўлса-да, бу нарса одоб-ахлоқ доирасида, эр-хотиннинг ғашига тегмайдиган ҳолатда кечгани мақбул. Жинсий яқинлик такроран қилинмоқчи бўлганида эр-хотин алоқа олдидан таҳорат олишлари ёки ғусл қилишлари лозим. Чунки Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жинсий яқинликни такроран қилмоқчи бўлсангиз, таҳорат қилинг, чунки у жинсий фаолликни ва қувватни оширади», деганлар.
Мақола манбаи: «Справочник мусульманской женщины» (Мусулмон аёллар маълумотномаси). Ҳуда Хаттоб китобидан.