Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтирайлик! (13- мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васалламнинг

суннатларини тирилтирайлик!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламин! Вассолату вассаламу ъала ашрофил мурсалин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари ҳаётликларида баъзи яқинларимиз қабулларига бориб илм ўрганиш бўйича саволлар берганларида ҳазрат «Қайси китобларни ўқигансизлар?» деб сўраган эканлар. Улар «Тажвид китобини», дея жавоб қилибдилар. Шунда Шайх ҳазратлари «Яхши, ҳар куни бир порадан Қуръон ўқинглар. Бир ойда хатм бўлади. Барака бўлади ...» деб тавсия қилган эканлар.

Шайх ҳазратларининг бу тавсияларини камина ҳам бир неча бор эшитганман...

Ҳақиқатда Расули акрам Муҳаммад мустафо солалллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига кўра юқоридаги тавсияга амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун марғубдир. Аммо афсуски, бу суннатга ҳамма ҳам амал қилмай қўйди, десак хато бўлмайди. Хусусан, ўз атрофимдаги кишилар, ўзим билганлар...

Таассуфки, ҳали-ҳамон, Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиқиш – хатм қилиш у ёқда турсин, ҳар бир киши ўзи учун ўқишликда фарзи айн бўлган миқдордаги сураларни ҳам ўқий олмайдиганлар анчагина учрайди. Бундай бўлгандан кейин биз қандай қилиб бир ойда бир хатм қиладиган даражага эриша оламиз?!

Шу ўринда яна бир дўстимиз билан бўлиб ўтган воқеа ёдимга тушди. Дўстим жуфти ҳалол истаб бир қория қизга оғиз солибди. Шунда қориянинг амакиси дўстимни суҳбатга чақирибди ва унга «Сиз Қуръони Каримни бир марта бўлса ҳам, тўлиқ ўқиб чиққанмисиз?» дея савол берибди. Дўстим «Йўқ» деб жавоб қилибди. Ҳалиги киши «Мусулмонман бўлиб, Аллоҳ таолонинг Китобини бир марта бўлса ҳам ўқимаганман, дейишга уялмайсизми?!» дебди...

Ҳа, бу аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқат. Лекин нима қилиш керак?.. Алҳамдулиллаҳ, кўпчилик Қуръони Каримни тажвид ва махраж қоидаларига биоан ўқишни ўрганган, лекин Қуръони Каримни тўлиқ ўқишни билмайди. Ҳижжалаб бўлса ҳам ўқий деса, қийналади. Бу ҳолатда бир кунда бир пора ўқиш учун анчагина вақт керак. Шунинг учун кўпчилик бу суннатга амал қилолмай қолган... Баъзилар ҳар намоздан кейин Мусҳафдан 4 бет ўқилса, бир кунда бир пора бўлади, дейди. Аммо бу ҳам осон эмас...

Юқоридаги фикрлар баъзиларнинг хаёлига келган бўлиши мумкин. Бу ҳам ҳақиқат, лекин шу тўсиқни енгиб ўтишга ҳаракат қилсак, Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васалламнинг бу гўзал суннатларини ҳаётга тадбиқ қилишимиз осон бўлади. Тўсиқни енгиш эса Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш билан ёки Мусҳафга қараб бемалол ўқий оладиган бўлишни ўрганиш билан бўлади. Биринчиси, яъни Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиш – оддий халқ учун бир оз машаққатли иш. Бунга ҳамма ҳам қодир бўлавермайди. Шунинг учун ҳам бу амал фарзи кифоядир.

Мусҳафга қараган ҳолда бемалол ўқишни ўрганиш эса жуда осон бўлмаса ҳам, ёд олишга нисбатан анча осон. Бунинг учун битта устоз тутиб, ҳар куни ярим бет, бир бет ёки ундан зиёдроқ – қодир бўлганча ўрганиб, устоз ёрдамида буни амалга ошириш мумкин. Шунда бир оз вақт нафс машаққат чекса ҳам, ниҳоятда фазилатли ютуққа эришиш мумкин.

Унутмайликки, Қуръони Каримнинг битта ҳарфини ўқиган кишига ўнта савоб берилади, хатми Қуръондан сўнг дуолар ижобат бўлади. Яна Аллоҳнинг фазли ила икки дунёда кўплаб манфаатлар бўлади. Юқорида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўзлари келтирилди – барака бўлади!

Ғиёсиддин МУҲАММАД ЮСУФ

 

Мавзуга оид мақолалар
Африканинг Малави давлатида муслималар олий даражада қўллабқувватланди. Ўтган дам олиш куни Малави давоми...

12:02 / 16.11.2017 4992
41. Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин  Аллоҳ таоло у зотни давоми...

16:50 / 11.12.2017 3528
Иброҳимнинг вафоти Ҳижратнинг ўнинчи йили бошланганди Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа фарзанди давоми...

10:38 / 29.12.2016 3837
Йогага гимнастик ва физикавий машқ сифатида қараб, унга фалсафий кўриниш бермай ва мана шу ишни тўппатўғри давоми...

09:17 / 17.02.2019 6954