Баъзи смслар хатарли тузоқдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БАЪЗИ СМСЛАР – ХАТАРЛИ ТУЗОҚДИР

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду салавотларимиз бўлсин!

 Қуйида тақдим қилинадиган маълумотларни сизлар билан баҳам кўришимизга сабаб бўлган бир қанча омиллар бор. Шулардан энг асосийси – интернет ва уяли алоқа воситаларидан доимий фойдаланувчилар томонидан берилган савол, таклиф ва мулоҳазалардир. Уларнинг айтишлари бўйича, ҳозирги кунда халқимиз, хусусан, ёшларимизнинг таълим-тарбияси, маданият ва маънавияти, айниқса, дин-диёнатига қаттиқ зарар келтираётган ва уларни тубсиз жар ёқасига етаклаб олиб келаётган иллатлардан бири – алоқа воситалари орқали тарқатилаётган СМСлардир!

«Совуқ кунларда қайноқ суҳбатлар билан ўз кунингизни қиздиринг. 09 09 рақамида сизни 6 та одам кутмоқда, ушбу смс бепул!», «Зерикдингизми? 000 рақамига телефон қилинг!», «Ўз севгилингизни топишни хоҳлайсизми, 000 рақамига телефон қилинг!»

Мана, сизларга мазкур СМСлардан баъзиларини намуна сифатида келтирдик. Албатта, бундай ишларга асос солганлар ва уларни, жон-диллари ила хайрихоҳлик қилиб, бутун халққа тарқатаётганлар ўзларича: «Ниятимиз тўғри! Яхшиликка хизмат қиляпмиз», дейишлари ҳам мумкин. Лекин аслида ниятлари ҳам тўғри эмас. Бунинг асосида моддий манфаат ёки яна қандайдир ғаразли мақсадлар ётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бу услублар ғарбда бир неча йиллардан бери қўлланилиб, аллақачон ўзининг жирканч натижасини кўрсатиб бўлган. Ҳозирда эса ғарбликлар бундай нарсалардан тўйган, уларнинг нафсини, шаҳвоний ҳирсини, маишатпарастликка бўлган майлини қониқтиришда бундай ўйинлар эскириб, ўз жилосини йўқотган. Шунинг учун ҳам бугун улар оддий танишувлар ёки манзил ва телефон рақамларининг эълон қилинишидан қониқмай, турли беҳаёликлари, фаҳш ва шаҳвоний истакларини амалга ошириш учун ҳар қандай разилликлардан, ҳаттоки ҳайвонлар қилмайдиган турли-туман жиноятлардан ҳам қайтишмаяпти.

Айтайлик, ниятлари тўғри бўлиши ҳам мумкин. Лекин шариатимизда «Ният тўғри бўлса бўлди, ҳар қандай ишга рухсат берилади», деган қоиданинг ўзи йўқ, бирор ишга рухсат ният ва у туфайли юзага чиқадиган натижага қараб берилади. Энг асосийси, бу борада бир инсон, гуруҳ, жамоа ёки яна қандайдир ташкилотларнинг фикрлари, мулоҳазалари, қизиқишлари ёки ҳар хил қонун-қоидаларига эмас, динимизнинг қонун-қоидалари бўлмиш илоҳий мезонга қараб белгиланади. Акс ҳолда жамиятда жиноятчилик, бузғунчилик авж олиб кетарди. Кимдир ўғрилик билан шуғулланиб: «Ниятим тўғри, топганимни камбағаллар, етим-есирларга тарқатаман», дейди. Яна кимдир пора олиб: «Бир кишининг ҳожатини чиқариб, ишини битиришига ёрдам бердим, ниятим тўғри», дейди. Яна бошқаси эса фаҳш ишлар билан шуғулланадиганларга шароит яратиб беради-да: «Бир-бирига ошуфта бўлган ёшларга ёрдам бердим», дейди.

Қарабсизки, ҳар ким ўзича ниятни, яхши-ёмонни, фойда-зарарни белгилаб олади. Натижада эса ҳамма жойда фитна-фасод, гуноҳ-маъсият, маънавиятсизлик урчийди. Энг ачинарлиси, мазкур жиноятларнинг ҳаммаси «Яхши ният» ниқоби остида амалга оширилади.

Тасаввур қилинг! Ҳар хил гуруҳлар тузиб олиб, минглаб, балки миллионлаб оддий инсонларни, аёллар, ҳатто болаларнинг ёстиғини қуритаётган террористлар ҳам «Ниятимиз тўғри, биз тинчлик учун, фаровон турмуш Ислом учун курашяпмиз!» деб даъво қилсалар...

Ҳар хил уяли алоқа воситалари тармоқлари ўзларининг мижозларига ҳар куни бир неча марталаб юбораётган «Танишув», «Севги изҳори», «Севгилингизга юборинг» ва яна қандайдир баландпарвоз гаплар билан тўла бўлган, ёшларни ўзига маҳлиё қиладиган маълумот ва хабарлар ёки телефон рақамлари, манзиллар ёзилган СМСлари билан гўёки «Оила қуриш ниятида юрганлар, тақдири тақдирига боғланмай турганлар, тенгини, севгилисини тополмай юрганларга холис ёрдам» бераётгандек кўринса-да, аслида бунинг аксидир. Тўғри, мазкур ишларни қилаётганлар: «Қанчадан-қанча ёшлар бизнинг хизматимиздан фойдаланиб, ўзаро танишиб, оила қурди-ку!» дейишлари мумкин. Лекин бу – бир баҳона, холос. Аслида ўша хизматдан фойдаланиб оила қурганлар бахтли бўлиб кетганлари йўқ. Чунки одатда мана шундай эълонлар туфайли оила қурганлар бахт-саодатга эриша олмасалар, бу ҳақда ҳеч кимга шикоят қилмайдилар, чунки уларнинг дарди ичида!

Қолаверса, масаланинг бошқа тарафи ҳам бор – мана шундай СМСлар туфайли қанчадан-қанча оилалар ажрашиб кетяпти. Чунки оилали, бола-чақали бўлганларнинг ҳам тарбияси, ахлоқ-одоби, хусусан, ўзининг жуфтига бўлган садоқат ва вафоси заиф бўлганлиги туфайли ёки шунчаки зерикиш туфайли оддий эрмак сифатида СМСда ёзилган телефон рақами билан уланиб кўради. Биринчи марта бу нарса оддий қизиқиш ёки эрмак бўлиши мумкин. Лекин СМСда келаётган эълонлар шу даражада жилоли бўлиб, аксар ўқувчиларни ўзига маҳлиё қила олади. Натижада ўқувчи мазкур СМСнинг хатарли тўрига илинади. Алалоқибат унинг аянчли қурбонига айланади. Чунки аксар оилаларда эр-хотин ошкора бўлсин ёки хуфёна, барибир, бир-бирларининг телефонларини текширишни одат қилишган. Ва бу одат бир кунмас-бир кун ўзининг натижасини бериб, эр-хотин бир-бирига хиёнат қилаётганлиги маълум бўлади. Кимлардир: «Ҳа энди, телефонда гаплашган бўлса, нима қипти? Намунча ваҳима қиласизлар, балки дўстона мулоқотда бўлгандир!» дейиши мумкин. Лекин мана шу таскин берувчи сўзларнинг ўзи келажакда буюк жиноят бўлмиш хиёнат, зино, оиланинг бузилиши ва бир қанча фарзандларнинг тирик етим бўлишига сабаб бўлади, ўнлаб оилаларнинг бир-бирлари билан қуда-анда бўлиш туфайли боғлаган ришталарини узади, қалбларни эса парча-парча қилади.

Қолаверса, бундай ҳаёсиз, бепарда эълон ёки таклифларни мижозларга тарқатиш бизнинг шарқона урф-одатларимиз, миллий маданиятимизга ҳам мутлақо тўғри келмайди. Чунки бундай ишларнинг замирида «Оммавий маданият» лашкарларининг ғаразли мақсадлари яширинган. Албатта, улар мазкур хизматлар туфайли нафақат бутун инсониятни маънавиятсизлик, беҳаёлик, иймонсизлик, ахлоқсизлик ва одобсизликка даъват қиладилар, балки моддий тарафдан ҳам мўмайгина даромадга эришадилар. Бундай ишларни нафақат уяли алоқа воситалари тармоқлари, балки баъзи бир шахслар ҳам хайрихоҳлик билан амалга ошираётганликлари энг катта мусибатдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат қилади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (2-оят).

 Демак, биз мўмин-мусулмонлар, азиз Ватан ва миллат фарзандлари ўзаро яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишимиз лозим ва лобуддир. Хориждан туриб ҳар хил ғаразли мақсадлар ила «Оммавий маданият» байроғи остида ўзимизнинг миллатдош ва диндош қардошларимиз орасига турли фитна-фасодларни ёйиш ва уларнинг бирлиги, иттифоқи, миллийлиги ва маънавиятига раҳна соладиган ҳар хил эълонлар ёки кўнгилочар таклифларни юбораётганларнинг қулига айланиб, улар билан гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилмаслигимиз керак.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар» (Имом Муслим ва Термизийлар ривоят қилишган).

Ҳадиси шарифнинг иккинчи ярмида Исломда бирор ёмонликни пайдо қилиш қанчалик катта гуноҳ эканлиги баён этиляпти. Энг ачинарлиси, ўша ёмонликни пайдо қилувчига  нафақат ўзининг гуноҳи, балки унга амал қилганларнинг гуноҳи ҳам ёзилиб туриши уқтириляпти. Энди тасаввур қилинг, қайсидир бир тармоқ ёки шахс уяли алоқа воситасида биз сўз юритаётган СМСлардан бирини тарқатса, бу нарса бирданига бир неча минг ёки миллион одамга тарқалади. Улар ҳам ўз-ўзидан яна кимларгадир тарқатишади. Бу ташвиқот шунинг ўзи билан тўхтаб қолмайди. Балки узлуксиз бир-бирига уланиб, давом этаверади. Бунинг натижасида юқорида айтиб ўтганимиздек, кенг кўламли бузуқчилик, фаҳш ва фитна-фасодлар урчийди. Булардан пайдо бўлаётган гуноҳ-маъсиятлар эса тарқатувчиларнинг ҳар бирига камаймаган ҳолатда ёзилиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида:

«Ким яхшиликка далолат қилса, унга ўшани қилувчининг мислича ажр бор», дедилар» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Биз мазкур маълумотларни сизларга тақдим қилишда ушбу ҳадиси шарифдаги башоратдан умидвор бўлдик. Яъни уяли алоқа воситаларидан фойдаланаётган миллионлаб юртдошларимизни тарқалаётган ёмонликлар, фитна-фасодлардан огоҳлантириб, аксинча, яхшилик, савоб, бирлик, иттифоқ, иймон-эътиқод, ахлоқ-одоб, маънавият ва ҳидоят йўлига далолат қиляпмиз. Умидимиз: ушбу савобли ишда барчамиз ҳамкорлик қилайлик.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид мақолалар
Савол Ғусл қилаётган пайтда идишдаги сувга сачраган томчилар сувни нопок қиладими Жавоб Йўқ. давоми...

17:34 / 20.02.2017 5252
Мойчечак гулининг гул саватчалари таркибида эфир мойлари, флавон гликозидлар, кумаринлар, каротин, С давоми...

14:00 / 22.11.2016 18744
  Бир деҳқон даласига маккажўхори экар эди. У ерга ҳар қандай уруғни ҳам экавермас, балки фақат олий навли, давоми...

11:58 / 06.10.2018 4008
Саудиядаги Англиянинг мухтор элчиси Саймон Коллинз, Исломни қабул қилгач, рафиқаси билан ҳаж амалини давоми...

13:53 / 14.03.2017 4246