Ислом – илм динидир. Ундаги барча нарсалар илмга асосланган. Ислом дини ер юзига нур соча бошлаган пайтдан то ҳозиргача мусулмонлар илмга ҳарис бўлиб келмоқдалар. Хусусан, бизнинг ўлкалар бутун дунёда донг таратган буюк уламолари билан машҳурдир. Бу улуғ зотларнинг авлодлари ҳам илмга муҳаббатли бўлиши, таҳсил олишга интилиши табиий ҳолдир.
Иккиланмай айта оламизки, бизга келадиган саволларнинг энг кўпи илм олиш ҳақидадир. Мана, бир неча йилдирки, биродарларимиз бу саволни такрор-такрор сўраб келмоқдалар. «Илм олиш йўллари ҳақида нима дейсиз?», «Қуръони Каримни қандай ёдлаш керак?», «Илм олмоқчиман, нимадан бошлай?», «Нима қилсам, зеҳним ўткирлашади?», «Қайси китобларни ўқиш керак?» ва шунга ўхшаш саволлар кўп келади. Яна бу борада таклиф ва мулоҳазалар ҳам бор. Бу ва бу каби ҳолатларни эътиборга олиб, илм талаб қилиш ҳақида бир суҳбат бошлашга қарор қилдик. Бу ният анчадан бери бор эди, вақти-соати бугунга тўғри келган экан. Аллоҳдан бу ишнинг хайрли ва манфаатли бўлишини сўраймиз.
Илм талаб қилиш ҳақида изланиб, уламоларимиз айтган гапларга қулоқ солар эканмиз, бу борада улар таълиф қилган китобларни ўқир эканмиз, илм олиш учун ҳам билим кераклиги аён бўлади, яъни илм талаб қилиш ҳам илм бўлиб, уни ҳам ўрганиш керак экан. Илм таҳсилига киришган одам илмни ўзича тўғри келган нарсадан бошлаб юборавермайди. Илм талаб қилишга тўсиқ бўладиган ҳолатлар бор. Уларни билиш ва улардан четланиш керак. Таҳсил учун муносиб вақт ва макон танлаш, тартибли бўлиш керак. Толиби илмнинг одоблари энг муҳим мавзудир. Нимадан бошлаш керак, қайси устозга шогирд тушиш керак, қайси китобни ўқиш керак, қайси восита ва услубларни қўллаш керак, нима қилса кўпроқ фойда олади – буларнинг ҳаммасини билиш лозим. Шунингдек, саҳобаларнинг, улуғ олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятидан ибратли ҳикояларни ўқиш керак. Бундай ҳикоялар бизни илм таҳсилига янада рағбатлантиради.
Илм талаб қилишда ёрдам бўладиган энг асосий омиллардан бири илмнинг фазлини билишдир. Илм фазлининг энг яхши баёни Қуръони Каримда, ҳадиси шарифларда келган. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, аммо биз биргина оят ва биргина ҳадисни эслатиш билан кифояланмоқчимиз.
Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 28-оятида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар».
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, яратган нарсаларидан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан кишигина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганган, лекин уларни яратган Аллоҳни танимаган ва Ундан қўрқмаган кимса эса жоҳил ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм (қўрқишнинг) тақвонинг кўплигидир», деган эканлар. Имом Ҳасан ал-Басрий «Олим – Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир» деб, сўнг «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини тўшайди. Олимнинг ҳаққига осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган экан».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Лафз Термизийники.
Одинахон Муҳаммад Юсуф