Талаби илмга тўсиқ бўладиган омиллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Талаби илмга тўсиқ бўладиган омиллар

1. Ниятнинг бузуқлиги ва шуҳратпарастлик

Киши бир ишга киришишидан аввал ўша ишга халал берадиган, тўсиқ бўладиган нарсаларни билмоғи ва уларни бартараф этмоғи лозим. Дарҳақиқат, талаби илмга ҳам тўсиқ бўладиган ва унга халал берадиган бир неча омиллар бор. Бу омиллар рўйхатининг бошида ниятнинг бузуқлиги туради.

Ният амалнинг асоси ва муҳим рукнидир. Шунинг учун Исломда энг асосий эътибор ниятга қаратилади. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади», деганлар. Агар ният бузуқ бўлса, шунга яраша амал ҳам бузуқ бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Анкабут сурасининг 69-оятида: «(Йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир», деб марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида яхши ният билан, бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилганларни тўғри йўлга бошлаб туради, хайрли ният ила солиҳ амал қилганларни ёлғиз қўймай, Ўзи улар билан бирга бўлади.

Қандай қилсак, ният тўғри бўлади? Қандай ният бузуқ ният ҳисобланади?

Ҳар бир амални қилишдан аввал Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиш керак. Шунингдек, илмни ҳам Аллоҳ учун ўрганиш, излаш лозим. Уламоларнинг «Аллоҳ учун бўлган нарса бардавом ва барқарор бўлади», деган машҳур қоидаси бор. Шунга кўра нимаики Аллоҳнинг розилиги учун қилинса, ўша нарса давомий бўлади, хайрли бўлади, оқибати ҳам гўзал бўлади. Аммо Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса исталадиган бўлса, унда ҳалиги иш тезда бирор халалга учрайди, кети кесик, оқибати хунук бўлади.

Демак, биз илмни Аллоҳ учун ўрганишимиз керак, илмни Аллоҳдан бошқа учун талаб қилсак, айниқса, ҳавои нафсимизга эргашиб, ўз манфаатларимиз учун илм ўргансак, тўғри бўлмайди. Масалан, илмни шуҳрат қозониш учун, биз ҳақимизда бировларнинг ҳайратланиши учун, «Фалончи илмда фалон даражага етган экан» дейиши учун, бутун эътиборни ўзимизга жалб қилиш учун ўрганиш ножоиздир. Бунга ҳадиси шарифдан далил ҳам бор.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам учтадир», деб шундай деганлар: «Илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган одам олиб келинади, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади, у танийди. Сўнгра: «Булар билан нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди. «Ёлғон айтдинг! Сен илмни олим деб ном қозониш учун ўргандинг, Қуръонни қори деб ном қозониш учун ўқидинг. Шундай дейилди ҳам» дейди У Зот. Сўнгра амр қилади, уни юзтубан судраб бориб, дўзахга ташлашади». Аллоҳ ҳаммамизни мана шундай ҳолатдан асрасин.

Лекин бу инсоннинг қалби ҳар хил нуқсонлардан холи бўлмаса, тамом, дегани эмас. Инсон инсонлигига, заифлигига бориб, кўнглидан ҳар турли хаёллар ўтиши бор нарса. Ҳаттоки Суфён Саврийдек улуғ зотлар ҳам ожизлигини эътироф қилган ҳолда: «Ниятимдан кўра оғирроқ нарсани муолажа қилмадим», деганлар, яъни у зот нафсни муолажа қилишда ниятни даволашдек машаққатли ишга дуч келмаган эканлар. Шундай улуғ имомнинг ҳоли шу бўлса, бизники қандай бўларкин? Бу бор ҳолат, лекин бор экан деб ташлаб қўйилмаслиги керак. Унга қарши курашиш ва бартараф қилиш керак. Бўшашиш, ноумид бўлиш керак эмас. Аллоҳ таолога дуо қилиб, тиришқоқлик билан уринавериш лозим.

Келинг, аҳли илмларнинг ўзлари ҳақда айтган гапларига қулоқ тутайлик: Ҳадис илмининг амирларидан бири Абу Ҳасан Алий ибн Абу Умар Дорақутний раҳимаҳуллоҳ: «Илмни Аллоҳдан бошқаси учун талаб қилган эдик, илм Аллоҳдан бошқаси учун бўлишдан бош тортди», деганлар. Бунинг маъноси шуки, толибнинг нафсида ўзини кўрсатишга иштиёқ бўлиши мумкин. Агар у илмга берилиб кетса, матн ва сийратларни ўқиса, уларни чуқур ўрганса, Аллоҳ хайрни раво кўрган бандалардан бўлса, уни рушду ҳидоятга қайтаради. Ўша чуқур ўрганишлар уни тўғриликка, яхшиликка олиб бораверади. Аммо ҳавоси ғолиб келиб, шаҳватига эргашганлардан бўлса, ўзидан бошқани маломат қилмасин.

Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳларнинг қалбидан энг охирги бўлиб тушадиган нарса салтанат ва ўзни кўрсатиш муҳабаттидир», деган.

Талаби илм холис Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин, деган инсон шуҳратпарстлик, риё, сумъа ва шунга ўхшаш нарсалардан четланиши лозим. Бунга ўтган уламоларимизнинг ҳаётидан бир қанча мисоллар келтириш мумкин.

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу одамларнинг Убайга эргашиб юрганини кўриб, у кишини итоб қилдилар ва: «Бундан тийилгин, чунки бу эргашилганга фитнадир, эргашувчига хорликдир» деб, бу ишни ман қилганлар.

Айюб Сахтиёний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен тилга олиндим, ҳолбуки тилга олинишни ёқтирмайман». Бишр ибн Ҳорис: «Шуҳратни яхши кўрган киши Аллоҳга тақво қилмабди», деган.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат давоми...

19:55 / 29.12.2016 3569
Онамнинг айтишларича, болалигимда ҳам худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, бир нарсани давоми...

19:18 / 23.02.2019 3391
Энди таяммумни қандоқ қилишни ўрганайлик. У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарбадан кейин юзга масҳ давоми...

18:35 / 10.11.2016 21150
«Ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Гарчи вақти тайин давоми...

17:57 / 15.12.2017 3487