Аллоҳга иймон ва унинг тавҳиди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг тавфиқига эътиқод қилиб, Аллоҳнинг тавҳиди ҳақида айтамизки:

1. «Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир».

Биринчи бошлайдиган нарсамиз Аллоҳ таолога иймондир. Шунингдек, Унинг исмлари, сифатлари, қабулини кўрсатиш ва Унинг ҳамма аҳкомларига бўйсунишдир. Аллоҳга иймон масаласи икки масалага бўлинади.

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий мавжудлигига иймон келтириш.

Иккинчиси: Аллоҳ Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлиги, шериги йўқлигига иймон келтириш. Худди Аллоҳнинг Ўз сўзида: «Унинг шериги йўқ. Ана шунга амр қилиндим ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман» (Анъом: 163), дейилганидек.

Бас, Робблик ва илоҳийлик тавҳиди, исмлар ва сифатлар тавҳидига киритилгандир. Бу иккисини ақоид китобларида сифатлар тавҳидидан кейин зикр қилиниши умумий нарсадан кейин аҳамиятли нарсани алоҳида яна зикр қилиш сабабидандир. Бошқа сифатлар тавҳиди заруриймаслигидан эмас, эътибор берилсин.

Ақоид уламоларининг Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги баҳсларга аҳамият бермаганлари сабаби

Аллоҳнинг мавжудлиги ҳақидаги баҳсни тарк қилиб, Унинг тавҳидидан гап бошлашимизнинг сабаби махлуқотларнинг бирортаси Аллоҳнинг мавжудлигини инкор қилмаслигидир. Магар озгина даҳрий (коммунист)лар тўдасигина инкор қилади. Шунинг учун ҳам Аллома Али қори ўзининг «ал-Фиқҳул Акбар»га қилган шарҳида: «Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ вужуд баҳсидан шоҳидлик мақоми зоҳир бўлгани учун кифояланади. Қуръонда: «Уларнинг пайғамбарлари осмонлару ерни йўқдан бор қилувчиси Аллоҳга шакми? – дедилар».(Иброҳим: 10), ва «Агар улардан осмонлару ерни ким халқ қилган?», деб сўрасанг, албатта, Аллоҳ», дейдилар». (Зумар: 38) дейилган.

Ҳақ таолонинг мавжудлиги махлуқотнинг табиатида собитдир. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи ишора қилади: «Аллоҳ одамларни яратган табиати» (Рум: 35) ва худди шу маънога ҳадис ҳам ишора қилади: «Ҳар бир туғилган бола Ислом табиати ила туғилади». (Бухорий).

Пайғамбарларни юбориш тавҳидини баён қилиш учун бўлган

Барча пайғамбар алайҳиссаломлар тавҳидни баён қилиш учун, Аллоҳнинг фардлигини аён қилиш учун келганлар, шунинг учун ҳам уларнинг гаплари «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси устида жам бўлиб, ҳужжатлари шунга қаратилган. Уларга ўз миллатлари-умматларини «Лаа мавжуда иллаллоҳ» демоқлари амр қилинмаган, балки улар Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигини изҳор қилишни қасд қилганлар.

Бу эса мушрикларнинг гумони ва хаёлига раддия бўлган: Чунки у мушриклар Аллоҳ ҳикоя қилганидек: «Анавилар Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир» (Юнус: 18) ёки «Биз уларга фақат бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз» (Зумар: 3), деганлар.

Шу билан бирга Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилган нарсалар Унинг мавжудлигига ҳам далолат қиладилар. Шунинг учун ҳам мавжудлик далилларини алоҳида очиқлаб келтиришга ўрин қолмаган.

Оламнинг ўзи Аллоҳнинг борлигига далилдир

Гапнинг аниғи, олам янги пайдо бўлувчи, яъни йўқ эди-ю, Аллоҳ уни яратган нарсадир. Бас шундоқ экан, у ўзини пайдо қилгувчи, йўқдан бор қилувчи, қадимлик сифати ила мавсуф Зотга муҳтождир. Ана ўша пайдо қилувчи, йўқдан бор қилувчи Зот Аллоҳ таолодир. Бунга Унинг Ўзининг қуйидаги сўзи ишора қилур: «Аллоҳ ҳар бир нарсани яратгувчидир ва У ҳар бир нарсага вакилдир» (Зумар: 62)

ва яна бошқа сўзи: «Албатта, сизнинг Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган Зотдир» (Аъроф: 54).

Бас, кимки оламни қадим, деса, Холиқнинг борлигини инкор қилса, кофирдир, Ислом миллатидан чиққандир.

Аллома Али Қори айтадилар: «Тавҳид ила бошлашимиз Аллоҳ таоло Ўз каломини-китобини «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн», деб, Роббилик тавҳидидан келиб чиқадиган илоҳият тавҳидини тақдирига ишора қилиб бошлаганидандир. Бу эса халқда убудиятни юзага чиқаришни тақозо қиладир.

Хулоса қилиб айтганда, убудият – бандалик тавҳидидан Робб –  Парвардигорлик тавҳиди келиб чиқади. Яъни кимки бандаликни ягона Зотга қилиш зарурлигини эътироф қилса, Роббнинг ягоналигини ҳам эътироф қилган бўлади. Аксинчаси эса тўғри бўлмайди. Бас, мушриклар Роббилик тавҳидини эътироф қилар эдилар, Буни қуйидаги оятлардан тушуниб олинади: «Агар улардан, осмонлару ерни яратган ким?, деб сўрасанг, албатта, Аллоҳ, дерлар». (Луқмон: 35)

ва: «Биз уларга, фақат Бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз, – дерлар». (Зумар сураси: 3).

Лекин, улар убудият тавҳидини инкор қилганлар.

Қуръоннинг кўп сура ва оятлари иккала нав тавҳидни ўз ичига олгандир.

Қуръони карим аввалидан охиригача мазкур икки тур тавҳидни баён қилиш, уларнинг шаънини ҳақиқатга чиқаришга хизмат қилади. Чунки Қуръонда:

1. Аллоҳ, Унинг исмлари, сифатлари, ишлари ҳақида хабарлар бор. Бу эса амалий, хабарий тавҳиддир. Яъни Роббилик тавҳидидир.

2. Ёки ҳеч шерик келтирмасдан Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилишга, ундан ўзга ибодат қилинадиган нарсаларни тарк этишга даъватдан ибодатдир. Бу эса иродий, талабий тавҳиддир. Яъни илоҳият тавҳидидир.

3. Ёки амр, наҳий ва Аллоҳга итоат қилиш лозимлигини ифода этишдир. Бу ҳам тавҳиди улуҳият ҳуқуқларидан ва уни тўлдирувчиларидандир.

4. Ёки аҳли тавҳидни Аллоҳ томонидан ҳурматлаш, уларга бу дунёда нималар қилгани ва охиратда қандоқ икром қилиши ҳақидаги хабардан иборатдир. Бу эса тавҳиднинг мукофотидир.

5. Ёки аҳли ширк ҳақидаги хабар, уларга бу дунёда етган уқубатлар, охиратда етадиган азоблар, кишанлар ва занжирлар ҳақидаги хабарлардир. Бу эса тавҳид ҳукмидан чиқишлик жазосидир.

Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид ҳақидадир

Хулосасини айтганда, Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид ҳақида, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати ва унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари ҳақидадир.

«Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн» – Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин – тавҳиддир.

«Эҳдинас сиротал мустақийм» – Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин ҳам тавҳид бўлиб, тавҳид йўлига ҳидоят қилиш сўровини ўз ичига олгандир.

«Сироталлазина анамта алайҳим»–Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига – тавҳидчилар йўлининг баёнидир.

«ғойрил мағзуби алайҳим валаззолин» (Фотиҳа сураси) – ғазабга дучор қилинмаган ва залолатга кетмаганлардан тавҳидни саркашлик, жаҳолат ва бузғунчилик ила тарк этиб кетганларнинг йўлини ман қилишдир.

Шунингдек, Суннати набавия ҳам Қуръон далолат қилган нарсаларни баён ва тақрир этиб келгандир.

Роббимиз бизни динимиз усулларида фалончининг фикрига, фистончининг завқига муҳтож қилмаган. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатга хилоф қилганларни изтиробга ва ихтилофларга тушиб юрганларини кўрамиз.

Чунки Аллоҳ таоло Ўзи: «Бугунги кунда сизнинг динингизни мукаммал қилдим ва сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва Исломни сизга дин, деб рози бўлдим» (Моида: 3) деб қўйган.

Бас, биз диннинг мукаммаллигида Қуръон ва Суннатдан ташқари нарсага муҳтож бўлмаймиз.

Шунинг учун ҳам Имом ат-Таҳовий «ақида»сида: «Бу ҳақда ўз фикримиз ила таъвил қилишга киришмаймиз, ҳавои нафсимиз ортидан кетмаймиз. Чунки ўз динида фақат Аллоҳга ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлганларгина саломат бўлганлар», деган. («Шарҳи ал-Фиқҳул Акбар» 15-16 саҳифалар).

Тавҳид тушунчаси

Тавҳид – луғатда (ваҳҳада-юваҳҳиду-тавҳийдан)дан олинган бўлиб, бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки  шу вазнда келган феъл ва масдарлар, нисбат беришни баён этади. Мисол учун:  «фассақтуҳу» дейилса, унга фисқ нисбатини бердим», дегани бўлади. Шунинг учун ҳам «Ваҳҳаттуллоҳа» деса, «Аллоҳга ваҳдоният нисбати бердим» ва «албатта, Унинг Ўзи якка эканига ишондим», дегани бўлади. Бунда Уни битта қилдим  маъноси йўқ. Чунки У Зотнинг ваҳдонияти, қилувчисининг қилиши билан бўлмайди.

Шаърий истилоҳда эса Тавҳид – Исломнинг Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан воз кечиш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, деб эътиқод қилишдир. Имом Фахриддин ар-Розий ўзларининг катта тафсирларининг «Ҳадид» сураси тафсирида ушбу қисмларга ишора қилганлар. 

Қуръон ва суннат уламолари наздида тавҳиднинг қисмлари

Тавҳид уч қисмдан иборатдир: Сифатлар тавҳиди, Робблик (Парвардигорлик) тавҳиди ва Илоҳийлик (ибодатга сазоворлик) тавҳиди.

Сўнгра Илоҳийлик тавҳидининг ўзи яна иккига бўлинади: Исбот ва маърифатдаги тавҳид ҳамда талаб ва қасддаги тавҳид. Бу қисмлар, иншааллоҳ, келажакда батафсил баён қилинажак.

Мутакаллимлар оммаси наздида тавҳиднинг турлари

Билингки, тавҳид:

1. Ёки мавжудликнинг вожиблигини фақат Аллоҳга боғлашдадир.

2. Ёки холиқлик – яратувчиликни ёлғиз Аллоҳга боғлашдадир.

3. Ёки маъбудият – ибодат қилиниш ҳаққини ёлғиз Аллоҳга боғлашдир.

Ал-Ашъарий наздида тавҳиднинг турлари

Билингки, тавҳиднинг уч даражаси бордир.

Биринчиси – Зотнинг тавҳиди. У идрокдан ташқари нарса бўлиб, муқаддас Зотнинг нафсига ўхшаш нарсадир.

Иккинчиси – сифатлар тавҳиди. У барча қудратни Аллоҳнинг шомил қудрати ичига ғарқ бўлган, деб билмоқдир. Бошқа сифатлар ҳам шунга ўхшашдир.

Учинчиси – ишлар тавҳиди. У эса ўта ишончли илм ила борлиқда Аллоҳдан ўзга таъсир қилувчи йўқ, деб билмоқдир. Ал-Маржоний, «аш-Шарҳи ал-Ақоид ал-Жалолий» (1 ж. 252 с.)

Ат-Тафтазоний наздида тавҳид таърифи

Тавҳид ҳақийқати – улиҳиятда (ибодатга сазоворликда) ва унинг хусусиятларида (Аллоҳга ) шерик йўқлигига эътиқод қилишликдир.

Аҳли Ислом ўртасида ҳеч бир хилофсиз, оламнинг тадбирини қилиш, жисм ва руҳларни яратиш, ибодатга ҳақдорлик ва қадимдан ўз-ўзида қоим бўлишлик (Ўзича мавжуд бўлишлик). Аллоҳнинг хос хусусиятларидандир. («Шарҳул Мақосид» 2-64).

Шубҳасиз, бу тавҳиднинг хос турига қилинган таъриф бўлиб, у – Улуҳият тавҳидидир. Бас, бу таъриф, Аллоҳ таолонинг сифатларидан тўрттасини У Зотнинг улуҳияти ва маъбудияти (ибодатга сазоворлиги) хусусиятларидан қилмоқда.

1. Оламнинг тадбири. Аллоҳ таоло осмону ердаги ҳамма ишнинг тадбирини қиладир.

2. Жисмлар ва руҳларни халқ қилиш – яратиш. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг холиқи – яратувчисидир. У Зот ҳар бир нарсага вакилдир.

3. Ибодатга ҳақдорлик: «Бу, албатта, Аллоҳ Ўзи ҳақлиги ва Ундан ўзга сиз илтижо қилаётганлар ботиллигидандир. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи Олий ва Буюкдир». (Ҳаж: 62)

«Бас, балки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». (Муҳаммад: 19)

4. Аллоҳ таолонинг ўз-ўзидан мавжудлиги.

«Аллоҳ, Ундан ҳеч бир илоҳ йўқ Зотдир. У тирикдир, доимо қоимдир»... (Бақара: 255) ва:

«Туғмади ва туғилмади» (Ихлос: 3) ва:

«У аввалдир, охирдир» (Ҳадид: 3).

Қуръони каримда, ушбу сифатлар билан далил келтиришлик, хос хусусиятлар ва белгилар билан далил келтириш қабилидандир. Чунки Қуръони каримда Роббилик тавҳиди Улуҳият тавҳидига ҳужжат қилингандир.

Мисол учун, «Намл» сурасида: «Осмонлару ерни яратган Зотга...»дан «Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг!» деб айт» (Намл: 60-64), дейилган.

Ушбу оятларнинг беш жойида, Роббилик тавҳидини Улуҳият тавҳидига далил қилинган. Аллоҳ таоло ҳар бир оятнинг охирида: «.....Ундан ўзга илоҳ йўқ....» деган. (Аъроф: 59).

Бас, асос Улуҳият тавҳидидир. Бошқа сифатларнинг тавҳиди эса Улуҳият тавҳидига далил сифатида келтирган.

Чунки келган ҳар бир Расул ва Набий: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир», деган.

Сўнгра эса қолган сифатлар тавҳиди ила Улуҳият тавҳидига далил келтирганлар.

Мавзуга оид мақолалар
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК...  ТАВБА Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Тавба қилишлик неъмати Аллоҳ давоми...

20:25 / 21.03.2017 4018
Чин мўминлик аҳилликдир «Бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва таҳликали замонда турли минтақаларда, давоми...

19:19 / 18.03.2017 3272
Аллоҳнинг марҳамати чексиз Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова таржимаси Болалигимда бир ёмон туш доим давоми...

08:51 / 06.11.2017 4945