Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўз Расулига Қуръон оятларини ваҳий қилиб юборган буюк ва раҳимли Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига Қуръон ўқиш йўлларини таълим берган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин. Бизларгача Қуръони каримни ҳеч бир ўзгартиришсиз етиб келишига сабабчи бўлган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Қуръони Карим муқаддас ва муборак, мўъжизавий китоб экани ҳаммамизга маълум. Шундай бўлса ҳам сизларга ўзим гувоҳи бўлган ва Қуръоннинг ҳақиқатдан ҳам мўъжизавий калом эканига яна бир бор амин бўлган воқеани сўзлаб бермоқчиман. Имтиҳон вақтида дарсларга тайёрланиш мобайнида дугоналарим билан ўзаро фикр алмашиб ўтирган эдик. Қуръоннинг ҳали шу кунгача биз эътибор бермай юрган томонига дугонамнинг сўзлари туртки бўлиб, қўлимга қалам олдим. Набий алайҳиссаломнинг: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» деган ҳадисларига биноан, Аллоҳ учун, Унинг розилиги йўлида, Қуръон ёд олишни истаб юрган ҳар бир мўминга мушкули осон қилиб қўйилган экан. Ақида фанидан байт ёдлаш жараёнида қизлар билан бир-биримизга ёдлашнинг қийин бўлаётганидан шикоят қилиб:«Бу байтларни ёдлашдан кўра Қуръондан ўн саҳифа ёдлаганимиз осонроқ эди», дедик ва шу заҳоти бир-биримизга худди бир янгиликни кашф қилгандай ҳайратланиб қарадик. Чунки байтларни ёдлаш чоғида хаёлни жамлаб, тинч жойда бўлиш керак, кунда кўп ўқиб, кўп такрорлаш шарт. Қуръони Карим эса араб тилида бўла туриб, баъзиларимиз тушуниб, аксариятимиз, умуман, тушунмай, уй ишлари ёки атрофимизда бўладиган шовқин-суронларга қарамай, такрордаги белгиланган саноққача ўқиб битирсак, Аллоҳнинг қудрати ила зеҳнимизга муҳрланиб қолишига лол қолдик. Бунинг сабаби нимада экан, деб ўйланиб юрган кунларимнинг бирида оила аъзоларимизнинг Қуръон борасидаги баҳс-мунозараларининг гувоҳи бўлиб қолдим. Уларнинг гапларидан эшитган қуйидаги сўзлар менинг саволимга жавоб бўлди: «Албатта, бу Қуръон башар сўзи эмас. У ўта нозиклик билан терилган мунчоқ каби мўъжизавий каломдир. У башариятнинг сўзидан бирортасига ўхшамаслиги билан ягонадир .Аллоҳ таоло «Қомар» сурасининг бир неча оятида: «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» деб марҳамат қилган.Аллоҳ таоло бандасига меҳрибон. Агар У Зотнинг Ўзи осон қилиб қўймаганида, бирортамиз илоҳий каломни ўқишга, эслашга ва ёдлашга қодир бўлмас эдик.»Шунинг учун башар сўзидан фарқли ўлароқ, Аллоҳнинг каломини ёд олиш осонроқ экан. Кўпларимиз мана шундай зеҳнга ва тилга осон бўлган Аллоҳнинг каломини ёд олишга ғайрат қилмай, кўп нарсаларни бой бермоқдамиз, икки дунё саодатига эриштирувчи ажр-савоблардан бебаҳра қолмоқдамиз.
Хатто сўзимнинг бошида эсга олганим байтларда ҳам шунга ўхшаш маънолилари кўп экан:
«Қуръон ижодиймас, Калом илоҳий,
Робб каломи мақол жинсидан олий...» (Ўший)
Сўзимнинг сўнгида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яна бир бор ҳамду сано айтиб, илтижо қилиб, ҳар биримизнинг қалбларимизга Қуръон муҳаббатини солиб, дангасалик балосидан қутқариб, шижоат ато этишини сўрайман. Омин!Оминахон Муҳаммад Юсуф