Истинжо ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Истинжо» деб инсоннинг икки чиқарув аъзосини сийдик ва ахлатдан тозалашга айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик. Бас, у Зот сув ила истинжо қилар эдилар», деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳазрати Анас айтган мешни араб тилида «идаватун» дейилиб, теридан қилинган кичкина сув идишидир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, олдин тош билан тозаланиб олиб, кейин сув билан истинжо қилганлар.

Шунингдек, ҳадисдан катта кишиларнинг таҳоратига кичик болалар сув олиб келиб бериши жоизлиги чиқади.

Муслим келтирган ривоятнинг лафзи:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, мен ва мен тенги бир бола мешчада сув ва асочани олиб борар эдик. Сув билан истинжо қилар эдилар», деб келган.

Шарҳ: Иккала ҳадисдаги бола Абдуллоҳ ибн Масъуддирлар. Бу лафзда ҳам ҳазрати Анаснинг олдинги ривоятда айтган гапларининг айни ўзи қайтарилмоқда. Фақат бунда асоча ҳам зикр қилинмоқда. Мазкур асо «аназатун» деб аталиб, оддий ҳассадан узунроқ, найзадан қисқароқ, учига темир қопланган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганларида олдиларида бошқа тўсиқ бўлмаса, ўшани санчиб қўяр эдилар. Бу «аназа»ни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳабашистон подшоҳи Нажоший совға қилган эди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳуларда бўлган. Кейин эса уни Абдуллоҳ ибн Зубайр олганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиқувдилар, ортларидан бордим. Одатда у киши ортларига қарамас эдилар. У кишига яқинлашувдим:

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», дедилар. Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У киши қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан қазои ҳожат ва истинжога тегишли бир неча нарсаларни ўрганиб оламиз.

1. Раҳбар, устоз кишилар қазои ҳожатга қўзғалганда кичиклар ва шогирдлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ҳушёр бўлиб ёрдамга ошиқишлари зарурлиги.

2. Ана шундай вақтда катталарнинг изнисиз ҳам ортларидан бориш мумкинлиги. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнларисиз ортларидан бордилар.

3. Раҳбар ва устоз кишилар ўз атбоъ ва шогирдларини хизматга буюришлари жоизлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош келтиришни амр қилдилар.

4. Истинжо шаръий ҳукм экани.

Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва бошқалар: «Истинжо – вожиб» деганлар.

Имом Абу Ҳанифа эса суннат, деганлар.

5. Тошлар билан истинжо қилиш жоизлиги. Уламоларимиз учтадан кам бўлмаслиги керак, дейдилар.

6. Тош билан истинжо қилиш шарт эмаслиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шароитларида тош кўп бўлгани, уни топиш осонлиги учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош олиб келишни амр қилганлар. Бу тошдан бошқа нарса ярамайди, дегани эмас.

Истинжо қилиб бўлмайдиган нарсаларни, яъни «суяк ва тезак олиб келма», деб тайин қилганларидан, улардан бошқа нарса ҳам бўлиши мумкинлиги чиқади. Тошнинг ўрнига ҳар бир қуруқ, пок, артишга ярайдиган ва эъзозсиз нарса бўлаверади.

7. Суяк ва тезак билан истинжо қилиб бўлмаслиги. Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк–таом чиқиндиси, тезак–ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Баъзи уламолар таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳ, деганлар.

Шундоқ бўлгач, фойдали нарсалар билан истинжо қилинмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Баъзи қадимги уламоларимиз қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ, деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмаган. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки у шу мақсад учун махсус тайёрлангандир.

8. Қазои ҳожат қилаётган одамга қарамай, ундан тескари ўгирилиб туриш кераклиги. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундоқ қилдилар.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига: «Пайғамбарингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандоқ бўшанишни ҳам таълим берди», дейилди. Бас, у киши:

«Тўғри. Батаҳқиқ, у Зот бизни қазои ҳожат қилганимизда ёки сийганимизда қиблага қарамоғимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилмоғимиздан ёки учтадан кам тош билан истинжо қилмоғимиздан ёки чиқинди ва суяк билан истинжо қилмоғимиздан наҳий қилганлар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало, бу ҳадиси шарифнинг ровийи Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Бу улуғ саҳоба форс бўлиб, Исломга қадар мажусий ва насроний динида бўлганлар. Китоб­ларда бу саҳобага «Ҳақ йўл қидирувчи» деб таъриф берилган.

Исломга кирганларидан бошлаб, Исломга ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга сидқидилдан хизмат қилдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Хандақ жангидан бошлаб ҳамма жангларда иштирок этдилар. Хандақ жангида у кишининг маслаҳатларига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга хандақ қазиб олишни буюрдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб, 60 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу саҳоба ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китоб­ларига киритишган. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Умар ибн Ҳаттобнинг халифалик даврларида (мелодий 656 йилда) вафот этдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга Пайғамбарингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандоқ бўшанишни ҳам таълим беради, деган гапни баъзи мушриклар истеҳзо-масхара тариқасида айтганлари бошқа ривоятларда келган.

Одат бўйича Салмон розияллоҳу анҳу мушрикларнинг бу истеҳзосига истеҳзо ёки сўкиш билан, ҳеч бўлмаса, индамай кетавериш билан жавоб қилишлари керак эди. Аммо бу ундоқ қилиб кетаверадиган эмас, балки жиддий масала бўлганидан уларга жиддият билан жавоб бердилар. У кишининг мушрикларга қилган муомалаларида бу истеҳзо қиладиган эмас, жиддий иш, сизлар ҳам биздан ўрнак олиб, шу ишларни қилинг, деган маъно бор.

Ушбу ҳадисда хало ва истинжо бўйича ман этилган бир неча ишлар зикр қилинмоқда.

1. Қазои ҳожат қилганда қиблага қарамаслик.

2. Сийганда ҳам қиблага қарамаслик (бу икки ҳолатда қиблага орқани ҳам қилмаслик – аввал зикри келган).

3. Ўнг қўл билан истинжо қилмаслик.

4. Учтадан кам тош билан истинжо қилмаслик.

5. Ҳайвон чиқиндиси билан истинжо қилмаслик.

6. Суяк билан истинжо қилмаслик.

Шу билан бирга, Ислом шариатида инсон ҳаётининг ҳар бир соҳаси баён этилгандир. Бундан Ислом шариатининг мукаммал эканлиги тушунилади. Чунки унда ҳатто истинжогача очиқ-ойдин кўрсатиб, баён этиб қўйилган.

Термизий келтирган ривоятда:

«Тезак ва суяк билан истинжо қилманглар. У жин биродарларингизнинг зоди(таоми)дир», деганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «жин биродарларингизнинг зоди» де­йишлари жинларнинг ҳам мўмин-мусулмонлари борлигидандир. Қуръони каримнинг «Жин» сурасига мурожаат қилинса, бу ҳақда маълумот олинади. Бир гуруҳ жинлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини эшитиб тўхташган, иймон келтиришган ва ўз қавмларини ҳам Исломга чақиришган.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятга биноан, жинларнинг вакиллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Муҳаммад, умматингни суяк, тезак ва қи­йинди билан истинжо қилишдан қайтар. Аллоҳ уларни бизга ризқ қилди», деганлар.

Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур нарсалар билан истинжо қилишдан ман этганлар.

Уламоларимиз Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳайвонларнинг суяклари мусулмон жинларга, тезак эса уларнинг ҳайвонларига таомдир, де­йишган.

Бошқа бир уламоларимиз эса жинларнинг ва улар ҳайвонларининг таоми ила истинжо қилиб бўлмаса, инсларнинг ва ҳайвонларнинг таоми билан истинжо қилиб бўлмаслиги яна ҳам равшан, дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таҳорат қилса, бурнига олган сувни чиқариб ташласин, ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда икки масалага эътибор берилган:

1. Таҳорат қилаётган одамнинг бурнига олган сувни яхшилаб чиқариб ташлашлиги. Бу бурунни тозалаш ва соғлик учун зарурдир.

2. Тош ила истинжо қилганда тоқ сондаги тошлар билан қилиш.

Аввалги ҳадислардан истинжо қилинадиган тошларнинг энг ками уч дона бўлиши кераклигини билиб олган эдик. Шундан келиб чиқиб, уламоларимиз мазкур тошлар уч, беш ёки еттита бўлиши керак, дейишган.

У (Абу Довуд) келтирган ривоятда:

«Ким сурма қўйса, тоқ сурсин. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ. Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ. Ким (таом) еб, тиши орасида қолганини ковлаб чиқарса, тупуриб ташласин, тили билан чиқарганини ютаверсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ. Ким қазои ҳожатга борса, ўзини тўссин, ҳеч нарса тополмай қум тўплашдан бошқа иложи бўлмаса, шуни ҳам қилсин. Ўша (тўпланган қум)­ни орқасида қолдирсин. Чунки шайтон одам боласининг мақъадини ўйнайди. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», дейилган.

Шарҳ: Имом Абу Довуд келтирган ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт масаланинг яхши томонини баён этиб, қилса яхши эканини, лекин қилмаса, мажбур эмаслигини айтмоқдалар. Мазкур тўрт нарсадан бири истинжо бўлгани учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилмоқда. Энди ўша тўрт нарса билан қисқача танишиб чиқайлик:

1. «Ким сурма қўйса, тоқ сурсин. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ».

Сурма қўйиш, айниқса, араб диёрида эркак ва аёллар орасида кенг тарқалган. Унинг кўз учун фойдаси кўп. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сурма суртишда уни тоқ суртса, яхшилигини айтмоқдалар.

Бу гаплар «Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрадир» ҳикматига биноан айтилаётганини эсдан чиқармаслигимиз керак.

Ким шу эътиқод ила ҳамда Пайғамбаримизнинг қилганларига иқтидо, айтганларига амал нияти ила бу ишни қилса, савоб олади. Қилмаган одам савобдан маҳрум бўлади, аммо гуноҳкор бўлмайди.

2. «Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ».

Бу масала олдинги ҳадисларда муфассал ўрганилди. Бу ишни ҳам иқтидо ва суннатга амал нияти ила қилган одам савоб олади. Қилмаган савоб олмайди, гуноҳкор ҳам бўлмайди.

3. «Ким (таом) еса, тиши орасида қолганини ковлаб чиқарса, тупуриб ташласин, тили билан чиқарганини ютаверсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ».

Таомнинг тиш орасига кириб қолганини тиш ковлагич ёки бошқа нарса ила ковлаб чиқарса, тупуриб ташлаш ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари, ўзлари қилган амаллари. Шунингдек, тиш орасига кириб қолган таомни тил билан чиқарганда ютиб юбориш ҳам. Буларни ҳам суннатга амал ниятида қилган одамнинг ўзи учун яхши бўлади. Қилмаган эса гуноҳкор бўлмайди.

4. «Ким қазои ҳожатга борса, ўзини тўссин, ҳеч нарса тополмай қум тўплашдан бошқа иложи бўлмаса, шуни ҳам қилсин. Ўша (тўпланган қум)ни орқасида қолдирсин. Чунки шайтон одам боласининг мақъадини ўйнайди. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ».

Бу ҳам яхши ишга ундовчи маслаҳат. Қазои ҳожат вақтида ўзини тўсиб, авратини бекитиш мусулмон учун зарур. Баъзи вақтларда иложи бўлмай қолиши мумкин. Ана ўша пайтда ҳеч бўлмаса, қумдан тепача ясаб, ўшанга орқани қилиб ўтириш керак экан. Бу яхши иш. Қилган одам яхшиликка эришади. Аммо қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.

Мавзуга оид мақолалар
Бир қиз шундай ҳикоя қилади.Онам менга доим айтар эдилар .Бекорчи қолинган кун қайғу кўп бўладиган, давоми...

22:39 / 24-yanvar 7893
Ахлоқбузар сериаллар Яқин йиллар ичида ойнаи жаҳонни, деярли, бутунлай эгаллаб келаётган турли хил давоми...

15:06 / 01.12.2016 5102
Абу Саъид алМуъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Намоз ўқиётган эдим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

20:12 / 18.11.2016 4438
Кўп йиллик тажрибага эга бўлган шифокордан сўрашди «Саратон касаллигининг давоси борми Шифокор қатъий, йўқ, давоми...

21:05 / 13.12.2016 12518