Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳиммат бу – бор имкониятни ишга солиб ҳаракатга тушиш, демакдир.
Қадар эса – Аллоҳ таолонинг илмига мувофиқ воқеаларнинг содир бўлишидир.
Қўрғонни унинг девори худди ташқи таъсирлардан ҳимоялаганидек, атрофда ҳимоя турганда банда ҳар қанча ҳаракат қилмасин, қўрғонни ёриб киролмайди.
Яъни Аллоҳ таолонинг қазои қадари ўртада туради. Банда бирор нарсага бор кучи билан интилса, уни бузиб, ўтиб кета олади, дегани эмас. Ҳаракат ҳаракатлигича қолади, ҳамма ерда ишлар фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига кўра содир бўлади. Тақдирда нима ёзилган бўлса, барча ҳодисалар шунга мувофиқ кечади. “Тақдирда ёзилган” дегани шуки, Аллоҳ таоло нима бўлишини олдиндан Ўз илми билан билгани учун ёзиб қўйганидир, буни зинҳор мажбурлаш деб тушунилмайди.
Баъзи бандалар борки, амалда жудаям шўнғиб кетишади-да, қазои қадар масаласини унутиб қўйиб, ўз ҳаракатим билан етишаман, деб ўйлайди. Сабабларга суяниб қолади, мен шу нарсанинг ҳаракатини қиляпманми, демак бўлади, дейди. Бу – нотўғри.
Ҳиммат тўрт турли бўлади:
Бунда инсон бир нарсани қасд қилади, лекин охиригача бажармайди. Иш охиригача етмагани учун бу чала ҳиммат саналади.
Киши бир ишни қасд қилади ва охирига етказади.
Баъзи одамлар касбу кор қилмоқчи бўлади, сабаблар бор, лекин ҳалол эмас. Яъни ношаръий тижорат қилмоқчи. Унга: “Нимага бу ишни қилмоқчисан, ҳалол эмас-ку?” дейилса, у: “Нимага қилмас эканман, Аллоҳ менга сабабларни бериб қўйган-ку? Мен уларни ишга солиб, ҳаракат қилишим керак”, дейди. Унга: “Сен ҳозир тажрид қилишинг керак, ҳалол йўлини топишинг керак, сабабларни рўкач қилолмайсан. Қилаётган ҳаракатинг нотўғри, бу иш ҳалол эмас. Ҳаром йўл билан ризққа етаман дейишинг, нотўғри. Аллоҳ таоло Ўзи ризқ берувчи, Унинг берадиган ризқига ҳалол йўл билан етишишинг шарт!” дейилади.
Бунга одатдан ташқарида бўладиган ҳолатлар киради. Масалан кўз тегиши, авлиёларнинг кароматлари ва шунга ўхшаш нарсалардир.
Лекин бу ҳимматларнинг қайси тури бўлмасин, уларнинг ҳеч бири қадар деворини ёриб ўтолмайди, чунки ўртада Аллоҳ таолонинг иродаси турибди.
Ҳақли савол туғилади: “Унда нима қилиш керак? Инсон сабабларни ишга солмай, ҳаракат қилмаса ҳам Аллоҳ таоло ризқ бераверадими?”
Шунда: “Сен сабабларни ишга сол, чунки у қазои қадарга элтувчи воситадир. Сен ҳаракатингни тўғри, ҳалол йўл билан қилавер, лекин буни ўзим қиляпман, дея асло амалингга суяниб қолма! Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўляпти, шуни унутма!” дейилади...
Бандалар яна савол беришлари мумкин: “Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси билан бўлса, унда амал қилиб нима қиламиз?”
Жавоб шуки, бандаларнинг амал яъни ҳаракат қилишлари аввало банда бўлганликлари учундир.
Бунга Қуръоний қиссадан мисол келтирсак:
Марям алайҳимуссаломни тўлғоқ тутган пайтда Аллоҳ таоло унга қуриган дарахт шохини силкитишини буюради. Унинг силкитиши, яъни саъй-ҳаракати билан мева бермайдиган дарахтдан янги мева тушади. Аллоҳ таоло силкитилмаса ҳам мева туширишга қодир, аммо банда ҳам ҳаракат қилиши кераклиги учун силкит, деб буюрган. Бундай ишлар билан Аллоҳ таоло бандаларни амалларга, ҳаракатга тарғиб қилган. Банда бандалигини зоҳир қилиш учун ҳаракат қилиши керак. Шу билан бирга ҳимматдан ҳам ўзиб кетмаслик керак.
Энди ҳаётда учрайдиган оддий мисолларга эътибор беринг:
Қорнимиз очганда овқат есак тўямиз, деймиз. Яъни тўқликни овқатга боғлаймиз. Ёки чанқасак, сув ичиб чанқоғимизни сув билан босамиз. Касал бўлсак, дори билан даволанамиз, деб ўйлаймиз. Бу нарсалар ҳар кунлик ҳаётимизда такрорланавергани боис аҳамият бермаймиз. Лекин ҳар қандай ҳолатларда ҳам тўйиш, чанқоқнинг босилиши, шифо топиш фақат Аллоҳнинг Иродаси ила бўлади.
Касал бўлиб қолсак, дарров шифокорга югуриб чиқамиз ва: “Ҳамма умидиз сиздан!” дея нотўғри тасарруф қилиб қўямиз. Аввал Аллоҳдан дуо қилиб сўраб, шифокорни бир сабабчи деб билиб, кейин мурожаат қилиш керак.
Мана шундай оддий нарсаларга ҳам аҳамиятли бўлиш кераклигини унутмайлик.
Одинахон Мухаммад Юсуф