Аллоҳ таолонинг раҳматининг кенглиги ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман», деган (Аъроф, 156).

Аллоҳнинг раҳмати жуда ҳам кенг, Ўзи халқ қилган бу дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақийга ҳам ва осийга ҳам шомилдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини ҳам зикр қилиб ўтмоқда:

«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман».

Аллоҳ таолонинг раҳматига, шубҳасиз, сазовор бўлиш учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:

Биринчиси — тақво қилиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.

Иккинчиси — закот бериш, яъни Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.

Учинчиси — Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.

Тўртинчиси — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.

Аллоҳ таоло: «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир», деб айт», деган (Зумар, 53).

Имом Бухорий Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аввало, Аллоҳ таоло:«Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим», деб бандаларига ўз нисбатини бермоқда.

Аслида мол-дунёни ортиқча сарфлашга «исроф» дейилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларнинг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишини айтмоқда.

«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!»

Унинг раҳмати жуда кенгдир. «Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».

Аллоҳ таоло Нисо сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки: «Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир».  Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.

Аввал айтиб ўтилганидек, муфассирларимиз бу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва айни пайтда бу умиднинг гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради, деган умид билан била туриб гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар ҳам мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтиляпти. Бу ҳақиқатни оятнинг нозил бўлиш сабабидан ҳам билдик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига (ўшанда У аршнинг устида, унинг олдида турганди) «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «Ўз Китобига» деган жумладаги китобдан мурод, «Лавҳул Маҳфуз»дир.

Демак, Аллоҳ таоло «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзган Китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бу ҳам иймон келтириш лозим нарсалардан биридир.

«Арш» сўзи луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламоларининг келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У барча махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг эса Аршга эҳтиёжи йўқ, балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:

«Аршнинг устида» дейишда ҳам ҳиссий маъно кўзда тутилмаган, чунки Аршнинг устида ҳеч нарса йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» дейилиши эса «Қаламга ёзишни буюрди», деган маънони англатади.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб аталадиган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбий иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари эканлиги таъкидланмоқда. Бу эса сиз билан биз бандаларнинг доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган (Аъроф, 156).

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мўмин Аллоҳнинг ҳузуридаги уқубатни билганида, бирор киши Унинг жаннатига тамаъ қилмас эди. Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги раҳматни билганида, бирор киши Унинг жаннатидан ноумид бўлмас эди», дедилар».

Шарҳ: Бундан икки тараф ҳам бирлиги ва биридан қўрқиб, бошқасидан умид қилиб, биридан қутулишнинг, бошқасига эса сазовор бўлишнинг чорасини ахтариб юриш лозимлиги келиб чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ раҳматни юз бўлак қилгандир. Тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида тутиб қолиб, битта раҳматни ерга нозил қилгандир. Ана ўша бўлакдан махлуқотлар бир-бирларига раҳмат қиладилар. Ҳатто ҳайвон боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтаради», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳим кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади», дедилар».

Ушбу тўрттани икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Охирги икки ҳадиси шариф бир-бирини тўлдириб, таъкидлаб келмоқда. Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан катта қисми қиёматга қолдирилган экан. Аллоҳ таоло барчамизни ўша кунда раҳматига олсин.

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ фалончини мағфират қилмайди» деса, Аллоҳ таоло «Фалончини мағфират қилмаслигим ҳақида қасам ичаётган ким ўзи?! Батаҳқиқ, Мен фалончини мағфират қилдим ва сенинг амалингни беҳуда қилдим», дейди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳ бандани бу дунёда сатр қилган бўлса, албатта, Аллоҳ уни қиёмат кунида ҳам сатр қиладир», дейилган.

Ушбу учтани Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, бировни Аллоҳ таоло мағфират қилмайди дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу билан бирга, қилган гуноҳи беркитилган ҳолда қолган мўмин банданинг яхшиликдан умидвор бўлишига катта йўл бор экан.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асирлар келтирилди. Асирлар ичида бир аёл гирён уриб типирчилаб юрарди. Бирдан у асирлар орасида юрган бир гўдак болани кўриб қолди-да, уни бағрига босиб, эмиза бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

«Мана шу аёл боласини оловга ташлайди, деб ўйлайсизларми?» дедилар.

«Йўқ! Аллоҳга қасам! У уни асло ташламайди», дедик.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ бандаларига мана шу аёлнинг боласига раҳм қилишидан кўра раҳмлироқ», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Дунёда онанинг ўз боласига кўрсатадиган раҳим-шафқатига, муҳаббатига ўхшаш нарсани топиб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг бандаларга кўрсатадиган раҳм-шафқати ва меҳрибонлиги онанинг раҳм-шафқатидан ҳам кенг ва шомиллиги таъкидланмоқда.

Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн мислича ва зиёда ҳам қилурман. Ким бир ёмонлик қилса, унинг жазоси ўшанинг мислича ёмонлик бўлади ёки уни мағфират қилурман.

Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашурман. Ким Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашурман. Ким Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб борурман. Ким Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келса, аммо Менга ширк келтирмаган бўлса, Мен унга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи! Модомики, сен Менга дуо қилар экансан ва Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сени сендаги борки нарса ила мағфират қилурман. Парво қилмайман.

Эй одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса ҳам, сен Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қилурман. Парво қилмайман.

Эй одам боласи! Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келсанг, аммо Менга ширк келтирмаган бўлсанг, Мен сенга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳаммамизни ширкдан сақлаб, Ўз мағфиратига сазовор қилсин!

Мавзуга оид мақолалар
ҲАДИСНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан давоми...

21:00 / 25.12.2019 2770
     Қурбонликнинг зоҳири ва ботини ҳамда ундаги руҳият Ҳадиси шарифда «Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини давоми...

14:52 / 19.08.2018 2932
ТАҲОРАТГА ОИД ФИҚҲДАРСЛАРИ41масала Агар ёш бола намозда қаҳқаҳ отиб кулса, намози бузилади, таҳорати давоми...

13:58 / 16.05.2019 3075