Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“ҲАЁТИМИЗ – СОҲИБИГА ОМОНАТ!” ёхуд эркак дояларга очиқ хат
(Ўн олтинчи мактуб)
“Майда нарсаларга эътиборсиз қараш, катта хатоларни келтириб чиқариши мумкин”.
Шотланд халқ мақоли
Ассалому алайкум! Соғлигингиз яхшими? ...Сизга ҳеч исмингиз билан мурожаат қилолмайман-да, буни ўзингиз ҳам биласиз. Турмуш ўртоғини Палончи ака, Тугунчи ака... дея исми билан чақирадиганларга ҳеч ўхшай олмайман. Кайфиятингиз ҳамда ишларингиз ёмон эмасми? Яқинларимиз-чи? Уларга саломимни етказинг!
...Бугун сизга ёзажак янгиликларимдан ҳайратга тушишингиз, эзилишингиз аниқ! Аммо ҳаёт ҳақиқатларига тик боқмай иложимиз қанча? Атрофимиздаги хатоликларга, ноҳақликларга “Менга нима?” дея лоқайд боқсак, кўнгилсизликларга кўз юмсак, юртдошларимиз ҳамда келажак авлод олдидаги инсонийлик бурчимизга хиёнат қилган бўлмаймизми?!.
Кеча қўшни палатамизга бир аёл келганди. У билан танишишгаям улгурмай қолдик. Сабаби, тўлғоқ кучли бўлгани, туғруқ вақти яқин қолганидан дарҳол туғруқ бўлимига ўтказишди. Билганимиз шуки, аёлнинг эри ҳақиқий ЭРКАК экан! Бундай дейишга асосим бор.
Гап шундаки, аёл эркак доянинг “чеки”га тушиб қолибди. Яъни уни эркак киши туғдириши керак! Эркак доя ҳам жон деб аёлни туғдиришга тайёр эмиш! Бундан хабар топган эри: “Хотиним эркакнинг қўлида туғмайди! Яхшиси, ўзим туғдира қоламан! Ёки бошқа туғруқхонага олиб кетаман!” деб тўполон кўтарди. Бутун туғруқхона ходимлари бир тараф, эр бир тараф. “Нима, хотинингизнинг соғлиги, чақалоқнинг саломат дунёга келиши сизни қизиқтирмайдими? Қандай жоҳил эрсиз! Қандай бешафқат отасиз? Бу – тиббиёт! Унда шифокорлар эркак-аёл деб ажратилмайди, беморлар ҳам!” дейишди тиббиётчилар. Нима эмиш, эркак дояларнинг қўллари “енгил” бўлар эмиш!..
“Эркак-аёлни тиббиёт ажратмаса, мен ажратаман! Хотин – меники! Уни бегона эркакларга кўрсатиб ўтирмайман. Қарайдиган бирор аёл доя топиладими ёки бошқа туғруқхонанинг ҳаракатини қилаверайми?!” деди эр. Эркакка “гап уқдириб” бўлмаслигини англаган дўхтирлар секингина аёлга “ҳужумга ўтишибди”: “Эрингиз бунча жоҳил бўлмаса? Ахир, тортишиб вақт ўтказсак, бу қимматга тушиши – ҳаётингиз хавф остида қолиши аниқ! Ўзингизни ўйламасангиз, болангизни ўйласангиз-чи!”
Аёл ўта хотиржамлик билан: “Пешанамга ёзилганини ким ўзгартира олади? Ичингизда шундай қудратга эга кимдир борми? Ўлим келса – олиб қоладиган, ҳаёт келса – маҳрум этадиганни кўрсатинг? Мен яхши-ёмон, дея дўхтир ажратмайман, у бор-йўғи бир сабаб. Аммо аёл-эркак деб ажратаман! Эркак доянинг қўлида асло туғмайман! Гарчи у энг тажрибали бўлган тақдирда ҳам! Ҳар иккимизнинг ҳаётимиз – Соҳибига омонат!
Эримни жоҳил, дедингизми? Жоҳил бўлганида, менинг кимнинг қўлида туғишим уни қизиқтирмаган бўларди! Мен аёлман, бегона эркакдан уяламан!” дебди. Энг ҳайратланарлиси, “Эркак доянинг қўлида туғиши”ни эшитиши ҳамоно аёлнинг тўлғоғи қочиб кетибди! Дард йўқолиб қолибди. Бундай ноёб ҳолга гувоҳ бўлишгач, салгина аввал “Ана туғади-мана туғади”, деб кутаётган дўхтирларнинг мазалари қочиб қолибди!
Аёлнинг ҳаёси, ибоси, таслимиятига тиббиётчиларнинг ўзлари ҳам қойил қолишди. Эркакнинг мардлиги эса тилларда достон бўлди! Айтганча, суюнчи беринг! Аёл бир кун ўтиб, яъни бугун кечга яқин туғди! АЁЛ ДОЯнинг қўлида... Она ҳам бола ҳам соғ-саломат!!! Эсизгина, эркак дояга “иш қолмагани” ёмон бўлди-да!.. Бу тўполонларга гувоҳ бўлгач, Шотланд халқининг ибратли мақолини яна эсладим: “Майда нарсаларга эътиборсиз қараш, катта хатоларни келтириб чиқариши мумкин”. Менга қолса, “...келтириб чиқариши аниқ!” деган бўлар эдим!
* * * Бу ҳолдан барча аёллар бирдек таъсирландик. Киприкларимиз намланди... Баҳор исмли янги шеригимиз менга шундай деди: “Биласизми, нимани ўйладим? Келгусида икки қизимдан бирини, албатта, шифокорлик соҳасида ўқитишга қарор қилдим. Айнан ДОЯЛИК йўналишида! Ажабмас, менинг бу аҳдим сабаб аёл доялар сони биттага ортиб, аҳли аёлларини қизғанадиган, уларнинг фақат АЁЛ ДОЯлар қўлида фарзанд дунёга келтиришини истайдиган МАРД ҳамда ҒУРУРЛИ ЭРКАКЛАР қаршисида очилажак муаммо эшиклари биттага камайса!..”
Унинг фикри менга жудаям ёқди. Шу сабаб туғруқхонадаги қолган барча муаммоларни четга суриб, ушбу долзарб мавзуда мактуб битишга қарор қилдим. Мактубни сизга қарата битяпман-ку, аслида бу – бир “манёвр”! Шоядки, уни ўқигач, баъзи лоқайд инсонларнинг, айниқса, ЭРКАК ДОЯларнинг мудроқ босган қалблари титроқдан уйғониб кетса!!!
ОСИЁ