Мактублар 18._ Юракка йўл (ўн еттинчи мактуб)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЮРАККА ЙЎЛ

(Ўн еттинчи мактуб)

Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга,

ўлмас ғояларнинг уруғларини.

Шавкат РАҲМОН

Ассалому алайкум!
Саломатмисиз? Ҳар кун биттадан мактуб ўқиш жонингизга тегмадими, ишқилиб? Агар шундай бўлса, бугун охирги мактубимни ёзаётганимни билдириб, сизни хурсанд қилмоқчиман. Чунки шифокоримдан эртага уйга кетишим мумкинлигини билиб олдим.
Менинг соғлигим, кайфиятим ҳаммаси яхши. Фақат баъзи бир кўнгилсизликларни ҳисобга олмаганда. Биз бу ердан туриб, туғруқхона ҳаётини яхшилаш, миллатимизнинг келажагини қоринларида кўтариб, қучоқларида улғайтиражак оналаримиз, аёлларимизга нисбатан озгина масъулиятлироқ бўлиш мақсадида мактублар битиб ётибмиз. Аммо негадир эзгу ниятимиз айрим “қақраган” қалбларга ҳамон малҳам бўлмаётгандек...
Лекин мен йўлимдан чекинмайман. Журналистманми, демак вазифамни бажаришим керак! Борди-ю, кўз олдимда содир бўлаётган адолату меҳр-оқибатдан йироқ воқеъликларга эътиборсизлик, лоқайдлик қилсам, касбимга хиёнат қилган бўламан. Ҳар ким ўзига тегишли вазифани сидқидилдан адо қилиб, Миллати, Ватани олдидаги бурчини ўтамоғи шарт.
Айтишни унутибман, мен туғруқхонадан чиқиб кетганим билан мактублар тўхтаб қолмайди. Ўзимдан кейин муносиб “котиб” қолдириш учун бир ҳафта давомида ҳамма аёлларни диққат билан кузатдим, фикрлашдим. Уларнинг деярли ҳаммаси мактуб ёза олади. Аммо мен мактублар шунчаки ёзилишини истамайман. Шу боис, айнан Баҳор котибликка лойиқ деб ўйлайман.
...Кеча Шавкат Раҳмоннинг “Абадият оралаб” номли янги шеърий тўплами қўлимга тушиб қолган эди. Шеърларини ўқиб, юрагимда бир кўчки кўчганини ич-ичимдан ҳис қилдим. Шоир ўз юрагига хитобан ёзган миттигина шеърига бутун бир инсониятнинг дардини жойлаб қўя қолган экан:
 
Юрагим,
поездлар, тайёраларда
сендан олислабман ҳаддан зиёда.
Минг йиллик йўллардан шошиб, энтикиб
сен томон қайтяпман
энди пиёда...
    Шундай. Ҳаммамиз юрагимиздан а-а-нча олислаб кетганмиз. Олисда қолган юракка эса қайтиш оғир... Аммо қайтмоқ керак! Юраксиз яшамаслик учун унга қайтишимиз шарт! Қандай қайтмоқликни эса бизга яна шоирнинг шеърлари ўргатади. Фақат ўша шеърни мактуб сўнггида ёзаман, майлими?
     Яхши шеър ўқимаганимга кўп бўлган экан. Қаттиқ таъсирландим. Кейин тўрт қаторгина шеър қораладим. Мана сиз ҳам ўқиб кўринг-чи:
Мени буткул айлади асир,
Нигоҳимга чизиб армонни...
Биттагина шеърини ўқиб,
Севиб қолдим Шавкат Раҳмонни!
Мени шоирнинг дардкаш ва уйғоқ қалби, ўт-оловдан иборат шеърияти мафтун қилиб қўйди, кичик мисраларга жо бўлган улкан маънолар кўнглимни асир айлади. Ушбу китобдан албатта, сотиб олишни дилимга тугдим ва уни сизга ҳадя қиламан. Ишонаманки, шоирнинг гўзал мисралари сизниям бефарқ қолдирмайди. Шу пайтга қадар шеър дея нималарни ўқиб юрган эканман, ўзим ҳам ҳайронман... Хуллас, Шавкат Раҳмонни ўзим учун илк бор кашф этдим.
Биласизми, мен бугун нима ҳақда ёзмоқчиман? Бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг ҳасрати юрагимга ўқдек қадалди, кўзёшлар ювган юзи хаёлимдан кетмай қолди. Дардимиз, ҳасратимиз эса яна туғруқхона муаммоларига муштарак. Аёлнинг айтишича, унинг йигирма бир ёшли қизи биринчи фарзандини жарроҳлик йўли билан туққан. Аммо туғруқдан кейин ўн кун иситмаси тушмаган. Шу ўн кун ичида бир бор бўлсин гўдагини қўлига ололмаган. Юқори ҳароратнинг сабабини жарроҳлик амалиётини ўтказган шифокорларнинг ўзлари ҳам топишолмаган. Кейин маълум бўлишича, жарроҳлик давомида ишлатилган “трубка” яъни найча аёл раҳмининг ичида қолиб кетган!.. Найча тортиб олинганидан сўнг кошки шу билан муаммо тугаса эди... Раҳм жароҳати битиши учун узоқ вақтлик муолажа ҳамда парвариш талаб қилинишини эшитган эри: “Менга мажруҳ хотин керак эмас!” дея уни чақалоғи билан онасининг уйига олиб бориб ташлаган. Йигитимиз ҳам жуда “мард” экан, аёлининг ўз дарди камлик қилаётгандек, энг оғир дамларда далда бўлиш, боласини бағрига босиб, умр йўлдошининг саломатлигини тиклашга уриниш ўрнига осонгина хайрлашиш, тўғрироғи “бошоғриқдан” биратўла қутулишни афзал билган!
Шу ўринда эркакка баъзи саволларим бор:
Соғлигида керак бўлган аёлингиз хасталикка чалинганда наҳот нокерак буюмга айланса?! Ўзингизга нисбатан шундай муомала қилинса, кечирган бўлармидингиз? У сизнинг зурриёдингизни дунёга келтириш учун шу кўйга тушмадими? Ёки никоҳингизга олаётган маҳалингиз “Сен менга фақат соғлом ҳолда кераксан. Касал бўлиб қолган кунинг сендан воз кечаман!” дея шарт қўйганмидингиз? У ўша шартингизга рози бўлиб, сиз билан тақдирини боғлаганмиди?.. Ёхуд сизнинг соғлигингиз ўз қўлингизда-ю, бир умр хасталикка чалинмаслигингиз ҳақида кафолат қоғозингиз борми?!. Қайси одам касал бўлишни орзу қилади? Ким ўзи хоҳлаб соғлигидан кечади?
...Аёлингиз ўн кун иситма-оташда қовжираб ётганида кўнглидан нималар кечган экан? Нималарни орзу қилган экан, бир бор қизиқдингизми? Кўнгил учун бўлса-да: “Боламизни дунёга келтираман, деб қийналиб қолмадингми, онаси?” дея бир оғизгина сўрадингизми? Ёхуд сизда бор кўнгил унда йўқми?! Энг оғир дамларда кўксидан итарганингиз уни ўкситмайдими? Эндигина йигирма бир баҳорни қаршилаган келин бева бўлиб қоладими? Тағин ўзининг айби билан бўлса ҳам майли эди!..
Муҳтарам шифокорларимизга ҳам бир-икки саволларим бор:
Нима, сизнингча, аёллар тажриба майдончасидаги қуёнларми? Сиз шифокорлар уларнинг раҳмларида асбоб-ускуналарингизни унутиб қолдирмасангиз ҳам, фарзанд дунёга келтирган аёлнинг вужудидаги муаммолар, оғриқлар шундоғам етиб-ортади! Ёхуд баъзиларингизнинг томингиз очиқ қолганми? Пул масаласида ҳеч ҳам адашмайсизлар-ку? “Олди-берди” борасида-ку, унутиш у ёқда турсин, бирорта бемор қўлингиздан қочиб қутулолмайди. Айтганча, яна бир гап. Эшитишимча, баъзи бир ҳудуддаги туғруқхоналарда тўлғоғи бошланган аёлларга ўзи туғиши учун бор-йўғи ўн беш дақиқа муҳлат берилар эмиш! Шу ўн беш дақиқа ичида туғса-туққани, туғмаса – о-пе-ра-ци-я столига! Сизнингча, аёллар қайси бир мультфильмдаги ўрдакмидики, беш лаҳза ичида олтиндан тухум қўядиган?! Сиз менга ўн беш дақиқа эмас, ярим соатда туғиб бера оласизми?!
Жарроҳлик дегани “пу-у-ул” деганими? Пул ўлсин, аёлнинг келажаги-чи? Саломатлиги-чи? Бунга ким масъул? Менми?
Юрагингиздан олислаб, қаёққа кетяпсиз, одамлар?!.
Ажабо, эшитганларимга ҳатто ишонгим келмайди. Кошкийди бариси туш бўлса, дейман...
Аёл изтиробларини изҳор қилиб бўлгач, бир фикр айтди. Унинг таклифи менга жуда-жуда ёқди. Соғлиғидан ажраган қизига бир куйса, турмуши бузилишга яқин турганига минг куйган онаизор фикрини шундай изҳор қилди: “Шифохоналардаги, айниқса, туғруқхоналардаги жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган хоналарга яширин камера ўрнатиб чиқиш керак. Шунда беморлар ҳам дарди нима эканини билолмасдан ҳали у эшикда, ҳали бу эшикда сарғаймайдилар. Туғруқ жараёнининг қандай кечганию, жарроҳликка шифокорларнинг қандай ёндашганини кўриб турасиз. Ҳақиқат – тасмаларга муҳрланган. Уни ҳеч ким ўзгартиролмайди! Шунда шифокорлар ҳам йўл қўйган хатоларидан тонолмайдилар!”
Ажойиб фикр! Негадир бу менинг хаёлимга сираям келмаган экан. Тўғри, кузатув камералари ўрнатиш керак. Лекин ундан аввал кишилар тақдирига бефарқ ва масъулиятсиз, ўз юрагидан олислаб кетган шифокорларни Шавкат Раҳмон таъбири билан айтганда “юракларига қайтармоқ” керак! Эҳтимол шунда катта-катта маблағлар сарфлаб, кузатув камералари ўрнатишга ҳожат ҳам қолмас?..
Сизга ваъда қилган шеъримни ёзиш фурсати етди:

Кўзингизни очинг, қўрқманг,

Зиёдан қамашсин, оғрисин майли,

Майлига яшамак бўлсин қийинроқ

Очиқлиги туфайли.

 

Лаззат бор ҳар қандай оғриқда,

Кечалар оғриқдан инграб ётаман.

Ва ўша оғриқни беғам, бўғриққан

Оғриқсиз юзларга отаман...

 

Изғиринга юринг, очинг кўкракни,

Йиқилинг, қон қусинг – барибир кераксиз.

Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни

Яшамаслик учун юраксиз!..

 

Шавкат Раҳмонни нега севиб қолганимни энди тушунгандирсиз? Тўғрироғи, унинг шеъриятини, унинг дардларини севиб қолдим. Афсус, шундай забардаст шоир орамизда йўқ...

 

Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни

Яшамаслик учун ЮРАКсиз!..

Истайманки, одамларни эзгуликка чақирувчи бу тирик мисралар ҳар биримизнинг ҳаётдаги шиоримиз бўлсин. Барчамизга ЮРАКка қайтмоқликни тилаб:                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                  ОСИЁ 2012 йил.

     
Мавзуга оид мақолалар
Омск шаҳри  ва Омск вилояти мусулмонлари марказлаштирилган диний идораси 16 март 2015 йил Ассалому алайкум давоми...

08:47 / 03.02.2017 5681
Маҳфуза Исмоил Махдум қизининг Muslimaat.uz сайти 10 йиллик тадбиридаги дуоси

01:14 / 24.10.2017 4036
Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга бир неча гўзал фазилатларни ато айлаган. Бу фазилатлар давоми...

18:45 / 23.11.2016 4899
МУНОЖОТ Аллоҳим Ҳар нарсани эшитгувчи, махфий ва ошкора гапларни, ҳаттоки дилдан ўтган туйғуларни ҳам давоми...

00:17 / 11.01.2020 3853