Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша РАШОД
“СЕҲРЛИ” РЎЙХАТ
(Оила саодати учун Рамазондан келган “сеҳрли рўйхат”)
Араб дунёсига ўз кўрсатувлари орқали танилган, телеканалларда “Ҳадиси шарифлар талқини” мавзусида суҳбатлари севиб тингланадиган устоз Амир Холид Бек айтиб берган ҳаётий бир ҳикояни сиз билан ўртоқлашмоқчиман.
“Бир кун ўртоқларимдан бири менга шундай деб қолди:
– Турмуш ўртоғимни ҳатто кўришга тоқатим қолмади! Ишонсанг, юзигаям қарагим келмайди... Бу ҳолатда қандай яшаш мумкин?..
Шунда унга:
– Сенга бир “сеҳрли” рўйхатни тавсия қиламан. Уни қўллаб кўр-чи? Иншааллоҳ, яхши натижа беришига ишонаман! – дедим.
У эса тушкун кайфиятда:
– Йўқ... Энди ҳеч нарса ёрдам бермаслигига аминман! Бу иш битди, менимча... – деди.
Мен қаттиқ туриб олдим, ҳатто илтимос қилдим. У ноиложгина рози бўлди.
Бир ой кейин яна кўришдик. Ишонасизми, унинг кўзлари порларди!
Ҳаяжон билан сўз бошлади:
– Сен ҳақ экансан! Қалбларимизни бирлаштирган Роббимга шукрлар бўлсин! Рамазон ойини тўлиқ сен тавсия қилган рўйхатга биноан яшадик – ҳақиқатан “сеҳрли” экан!..
Дўстимнинг ғам-ташвиши ариб, кўнгли шод экани мени мамнун этди”.
* * * Азизлар, келинг, биз ҳам ушбу рўйхат билан бир танишиб кўрайлик-чи? Бизга ҳам фойдаси тегиб қолар, иншааллоҳ!
Ўзимизни мажбурлаб бўлса ҳам бир уриниб кўрайлик-чи? Ажаб эмас Аллоҳ таоло уни оилаларимиз учун хайр ва барокатга васила этса!
Аммо бу “рўйхат” фақатгина эр-хотинлар эмас, балки оиланинг барча аъзоларига тегишли эканини унутмайлик.
Биз бугун бу “рўйхат”га шунчалар муҳтожмизки, қанчалик муҳофаза этишга уринмайлик, минг афсуски, барча бойликларимиз қўлимиздан чиқиб кетмоқда!.. Замонавий ҳаётнинг ялтироқ тузоқлари жон ипларимизни аёвсиз тарзда бирма-бир узмоқда! Кўз қорачиқларимиз бўлмиш фарзандларимизни тойдирмоқда...
Тузоқ қўйган овчилар томонидан топ-тоза юраклар шафқатсизларча овланмоқда!
“Қўлимизда фақатгина шу оила аҳлимиз қолди”, дерканмиз, уни ҳам тутиб қолишга кучимиз етмаяпти...
У ҳолда кеч бўлмасидан туриб бирор чора кўрмаймизми?
Илк ишни оила муносабатлари ҳамда ўзаро муҳаббатни шакллантиришдан бошлашимиз керак бўлади.
Яхши, лекин бунга қандай эришамиз? Оила аъзоларимиз билан муносабатларимизни қай йўсин тартиблаб, аҳлимизни хатарлардан қандай ҳимоя этамиз?
Агар айнан биз айтмоқчи бўлган “рўйхат” асосида иш кўрсак, қуришга юз тутган оила дарахтимиз иншааллоҳ яна яшилликка бурканади! Уни қутқариб қололсак, шундагина келажакка умид боғлашимиз мумкин бўлади.
Ҳикматларда келишича: “Дунёда жаннатга кирмаган, охират жаннатига киролмайди”, дейилган.
Азизлар, келинг, уйларимизни жаннатимизга айлантириш учун ҳаракат қилайлик! Бунинг учун тавсия қилинган, ҳатто тажрибада натижаси кўринган “сеҳрли” рўйхат ушбудир:
* Оила аъзоларимиз билан бирга ибодат қилиб, бирга дуога қўл очамиз.
* Биргаликда Қуръон ўқиймиз, бир саҳифадан бўлса ҳам.
* Бирга намоз ўқиймиз, 2 ракаат бўлса ҳам.
* Биргаликда шукрона айтаркан, ҳар “алҳамдулиллаҳ” деганда Роббимизнинг бизга берган неъматларини, У тарафидан неъматлантирилганимизни англашга уринамиз.
* Бирор оилани ифторга чақириб, уларга ёзилажак дастурхон учун биргаликда тайёргарлик кўрамиз. Яъни рўзадорлар учун ифтор дастурхонига тортиладиган таомларни бутун оила бирга жам бўлиб пиширамиз.
* Рамазон ичида дуо-ибодатларимизни кўпайтирамиз.
Шунда меҳрибон Роббимиз Аллоҳ таолонинг раҳмати хонадонларимизга қандай инганининг гувоҳи бўласиз! Бўлмаган ишларни Роббимиз жалла жалалуҳу қандай бўлдиришининг шоҳиди бўласиз, иншааллоҳ!
Шунда уйларимиз жаннат боғларининг бир бўлагига айланганига ўзингиз гувоҳ бўласиз!
Қалблар яна исийди, совуган кўнгилларга такрор тафт инади. Чўлга айланган юраклар қайта тирилади...
Ушбу рўйхат – тавсияга бир бор бўлсин, амал қилиб кўринг. Ҳеч бўлмаса Рамазон ойида.
Натижадан эса ақлингиз шошиши, ҳайратингиз ошиши аниқ!
Турк тилидан Умму Салмонбек таржимаси.