Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳга битмас туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин!
Халқимиз ўзининг абадий ва асл саодат манбаи бўлган Исломга аста-секин яқинлашиб, унинг турли қирраларини забт этиб бормоқда. Ислом инсонни икки дунё саодатига элтувчи илоҳий кўрсатмалар мажмуаси эканини бугун кўплар тан олмоқда.
Ҳақиқатда ҳаётимизнинг қайси соҳасидан бахт-саодатни изласак, уни, албатта, Ҳақ динимиз Исломдан топамиз. Жумладан, оиладаги бахт-саодатни ва фароғатни Ислом динидан ташқарида излаш мушкул эканини тушуниб етяпмиз.
Атрофимизда яшаб турган турли қавмларнинг турмуш тарзига ва оилавий ҳаётига разм соладиган бўлсак, бу мулоҳазанинг ҳақлиги янада яққол намоён бўлади.
Кўплар биздаги оилавий ҳаётга ҳавас билан қарайди, кўплаб одамлар маросимларимизнинг мукаммаллигидан қувонади. Бу оз бўлса ҳам орамизда сақланиб қолган исломий одоб-ахлоқ, исломий муомала самарасидир.
Минг афсуски, жамиятда гоҳо бунинг акси рўй беряпти. Исломдан чекинилган хонадонларда оиланинг мустаҳкамлиги йўқолиб, оилавий алоқаларга футур етмоқда. Эр ва хотин, ота-она ва фарзандлар, оила ва қариндош-уруғлар ўртасида муносабатлар кескинлашиб, баъзи пайтлар ўзаро адоват, душманчилик даражасига бориб етмоқда. Бу аянчли ҳол кейинги пайтларда мутахассис ва олимларни ҳам жиддий ташвишга солмоқда.Оилани мустаҳкамлаш борасида турли чора-тадбирларни ахтаришга мажбур қилмоқда.
Ушбу улкан масалага биз ҳам, денгиздан бир томчидек бўлса-да, ҳисса қўшиш умидида махсус бир китобча ёзишни ният қилган эдик. Аммо зарурат юзасидан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида шу китобдан айрим мақолаларни чоп этишга тўғри келди. Кейинроқ эса бизнинг ихтиёрдан ташқари омиллар туфайли бу иш давом эттирилмай қолиб кетди.
Аҳбобларимизнинг далолатлари таъсирида жамиятимизда оила муаммоси ғоят долзарб масала бўлиб турганини эътиборга олиб, мазкур савобли ишни давом эттирмоқ эҳтиёжи тобора заруратга айланди. Тўхтаб қолган иш давом эттирилиб, аввалги эълон қилинган мақолаларга янгилари қўшилди ва қўлингиздаги ушбу рисола вужудга келди.
Албатта, бу камтарона фикрлар ва кузатувлар илмийлик даъвосидан йироқ. Бироқ улар «сув бўлмаса, таяммум деганларидек», йўқдан кўра оз бўлса ҳам, қилинган ҳаракатларнинг маҳсулидир.
Рисола номини яхши ният билан «Исломий оила – фароғат қасри» деб атадик. Бундай номлашимизнинг сабаби, «Оилангиз фароғат қасри, осойишталик ва чинакам бахт-саодат гўшаси бўлишини хоҳлайсизми –мусулмон бўлинг» демоқчимиз.
Агар китобчадаги панд ва ўгитлар қалбингизга етиб, фойдаси тегса, бутун борлиқ ва мавжудотнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзидан, камчилик ва хатолар бўлса, биздандир.
Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб қилинган ушбу арзимас ишни Ўз даргоҳида қабул қилсин, ўқиб-амал қилганларни муродларига етказиб, оилаларига фароғат ато этсин! Омин!