Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ассалому алайкум, азиз мухлислар! Муборак Мавлид ойи муносабати билан эълон қилинган янги танловимизга Сиз, азиз мухлис-мухлисалардан мақолалар кела бошлади. Ва шартимизга кўра, уларни эълон қилиб борамиз. Мақола йўллаган мухлислар қаторида, келган мақолаларга ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш учун саъй-ҳаракатда бўлган мухлис-мухлисаларимизга ҳам олдиндан миннатдорлик изҳор қиламиз!
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилайлик!
Бизни йўқдан бор қилган ҳамда мусулмон ҳолда ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилган оламлар Робби Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду салавотлар бўлсин!
Ассалому алайкумь ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Албатта, ўз бажарган амалларини саҳобаларига ўргатиб, тушунтириб кетган Расулуллуоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энди орамизда йўқлар. Лекин у Зотдан қолган суннатлар то қиёматгача тирик эканини билишимиз керак. Улар орқали сийрат-суннатларини ўрганишимиз ва амал қилишимиз мусулмонлик бурчимиздир.
Илоҳий, абадий мўъжизакор дастур Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам суннатдан ўрганамиз. Чунки бу илоҳий Китобни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ўз ҳаётида татбиқ қилиб кўрсатган Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
1. Фарз ва вожиб бўлган саломлашиш одоблари орамизда кескин йўқолиб бораётгандек ва қандай саломлашишни ҳам билмаётгандекмиз. Ўзаро муносабатларимизда саломлашиш одобларини билмаётганимиз, билсак ҳам, ўз ўрнига қўёлмаётганимиз, кўришганимизда биринчи салом бериш билан бирга хайрлашаётиб ҳам саломлашиш кераклигини билмаслигимиз ачинарли ҳолат.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қандай саломлашишни ўргатган:
وَإِذَا حُيِّيْتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّواْ بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيباً {86}
«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).
Ҳатто бировларнинг уйларига киришдан олдин изн сўраб, сўнг салом бериш кераклиги таъкидланган, мана шундан таниган-танимаганларимизни огоҳ этишимиз керак:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتاً غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ {27}
«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (Нур сураси, 27-оят).
فَإِذَا دَخَلْتُم بُيُوتاً فَسَلِّمُوا عَلَى أَنفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُون {61}
«Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки, ақл юритсангиз» (Нур сураси, 61-оят).
Биз бошқа динлардан саломлашишимиз билан ажралиб турамиз ва саломлашиш орқали ўртадаги гиналар ва узилган алоқалар тикланиб кетишига, меҳр-муҳаббат эшигининг очилишига ва икки инсоннинг қалби бир-биригашиш орқали яқин бўлишини билган ҳолда ушбу суннат амални бажармоғимиз лозим. Мусулмонларнинг саломи «Ассалому алайкум», «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ», «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ»дир. Мусулмонларнинг саломи саломларнинг энг шарафлиси ва энг улуғидир. Биринчи бўлиб салом бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бўлиб, бу хислат кишини кибр ва манманликдан узоқлаштиради. Уйга кирувчи киши биринчи салом бериши лозим. Бу оятда ҳам таъкидланган. Уйда ҳеч ким бўлмаса: «Ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн» , деб салом берилади. Чунки уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам, фаришталар бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саломдан аввал гапирганга жавоб берманглар», деб таъкидлаганлар ва яна энг долзарб масалалардан биттаси – фарзандларимиз гапиришни бошлаши биланоқ салом беришни, катталарни ҳурмат қилишни, ёшлигиданоқ саломни кенг ёйишни ўргатишимиз керак. Кичик ёшлилар катталарни ҳурмат қилиб, уларга нисбатан тавозуъли бўлишга буюрилган. Саломлашиш ҳақида Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларнинг Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиси саломни бошлаганидир», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Имом Термизий ривоятида келтирилишича, «Эй Расулуллоҳ, икки киши йўлиқиб қолса, қайси бири саломни бошлайди?» дейилганида, у Зот: «Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиси, (яъни Аллоҳга тоат билан яқин бўлгани)», деб айтдилар.
Салом – иймоннинг камоли, Исломнинг шиори. Салом – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, улуғларнинг одати. Жаннат ҳам салом билан ободдир. Салом жаннат аҳлининг сўрашишидир. Чунки «Салом» Аллоҳ азза ва жалланинг гўзал исмларидан биридир.
Имом Бухорий «Ал-Адаб ал-муфрад»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. У Зот уни ер юзига жорий қилгандир. Уни орангизда ёйинглар», дедилар», дея билганларимизни билмаганларга етказмоғимиз керак. Ва албатта, сўзимизнинг охирида ҳам «Ассалому алайкум», дея бир-биримизга тинчлик-омонлик тилаб хайрлашмоқлигимиз керак.
2. Соғлигимиз учун фойдали ва савобли суннат амаллардан бўлган мисвок ишлатиш ҳам орамизда анчагина унутилиб кетаётгани, ҳатто бу ҳақда етарли маълумотларга эга бўлмаган инсонлар ҳам борлиги ачинарли.
Билиб қўйишимиз керакки, ҳозирда мавжуд замонавий тиш ювиш воситалари ҳам мисвок ўрнини асло боса олмайди. Фақат мисвок йўқлигида ёки мисвок билан қўшиб фойдаланса, жоиз. Лекин фақат тиш пасталари билан ювишнинг ўзигина мисвокнинг савобини қозониш учун етарли эмас. Бу бошқа тозалаш воситаларига ҳам тегишли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам тиш тозалайдиган бошқа тиш ювиш воситалари бўлган. Аммо у Зот бу воситаларни мисвок билан тенглаштирмаганлар, балки мисвокни устун деб билганлар. Олиб борилган тадқиқотлар ҳам мисвок милк касалликларининг олдини олишда тиш пасталаридан кўра яхшироқ самара беришини тасдиқлайди. Бироқ ҳозирги тиш пасталарини ҳам инкор қилмаган ҳолда, улардан ҳам фойдаланиш жоиз ва яхшидир. Баъзилар: «Тиш пасталарининг нима кераги бор. Ахир, бизда мисвок бор-ку?» дейишади. Яна баъзилар эса мисвокни умуман тарк этиб, бутунлай тиш пасталарини қўллашга ўтиб олишган. Мўмин банда илм-фанда эришилаётган замонавий ютуқларни рад қилмайди, улардан ўз ўрнида самарали фойдаланади. Кимёвий моддалар билан тўйинган таомлар ва турли хил ранглар қўшиб тайёрланаётган ичимликлар қолдирадиган асоратларни кетказишда замонавий тиш пасталарининг ҳам ўрни муҳимдир. Хуллас, мўмин киши поклик ва яхшилик йўлидаги ҳар қандай ҳалол имкониятлардан фойдаланиши, айни пайтда суннатни тарк эмаслиги талаб этилади.
«Мисвок» сўзи луғатда «тиш тозалагич», «тиш тозалаш воситаси» маъносини англатади. Ҳадиси шарифларда бу сўз асосан «сивак» шаклида келган.
Мисвокнинг энг афзали арок деб аталувчи дарахт буталаридан олинганидир. Чунки ушбу дарахтда инсон соғлиғи учун фойдали бўлган кўп моддалар борлиги илмий нуқтаи назардан тасдиқланган. Шофеий мазҳабидаги уламолар: «Мисвокнинг арок дарахтидан олиниши мустаҳабдир», деб айтишган.
عَنْ أَبِي زَيْدٍ الْغَافِقِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الأَسْوِكَةُ ثَلاَثَةٌ: أَرَاكٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ أَرَاكٌ فَعَنَمٌ أَوْ بُطْمٌ. قَالَ أَبُو وَهْبٍ: العَنَمُ: الزَّيْتُونُ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ فِي كِتَابِ السِّوَاكِ.
Абу Зайд Ғофиқий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Мисвоклар учтадир: «арок», агар у бўлмаса, «анам» ёки «бутм»дир». Абу Ваҳб айтади: «Анам – зайтундир» (Абу Нуайм «Китабус сивак»да ривоят қилган).
وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: نِعْمُ السِّوَاكُ الزَّيْتُونُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ ، يُطِيبُ الْفَمَ وَيُذْهِبُ بِالْحَفَرِ ، هُوَ سِوَاكِي وَسِوَاكُ الأَنْبِيَاءِ قَبْلِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَمُسْنَدِ الشَّامِيِّينَ.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мисвок учун муборак дарахт бўлмиш зайтун қандоқ ҳам яхши! У оғизни хушбўй қилади, (тишдаги) сариқ доғларни кетказади. У менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисвокидир», деб айтганларини эшитганман» (Табароний «Авсат» ва «Муснадуш шамиййин»да ривоят қилган).
Арок дарахтидан ташқари зайтундан олинган мисвок ҳам жуда фойдалидир. Жумладан, у ёқимсиз ҳидларни кетказиб, оғизни хушбўй қилади, тишдаги доғларни тозалайди. Шу сабаб ҳам уни аввалги ўтган пайғамбарлар, хусусан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатганлар ва умматларини шунга тарғиб қилганлар.
Инсоннинг соғлиги ва тишнинг сарғайганлиги, оғиз ҳидларининг ўзгарганлиги ва Қуръон қироати учун мисвок қилиш мустаҳаб бўлганидек, «Имдод ул-фаттоҳ»да айтилганки, мисвок таҳоратгагина хос амаллардан эмас. Чунки бошқа ҳолатларда ҳам мустаҳаб бўлади: оғизнинг ҳидланганида; уйқудан турганда; намозга қоим бўлишда; Байтуллоҳга киришда; одамлар даврасига боришда; Қуръон қироати олдидан.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мисвок ишлатиш диннинг суннатларидан эканини айтганлар. Демак, барча ҳолатлар унга тўғри келади. «Кўҳистоний»да айтилишича, мисвок таҳоратга хос нарса эмас, балки зоҳири ривоятга кўра алоҳида суннатдир. «Ҳидоя»нинг бир ҳошиясида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, деб келган. Унинг мустаҳаблиги таҳорат пайтида таъкидлироқ, яъни суннатдир ёки ҳар намоз олдидан мустаҳабдир. Мисвок ҳақида эшитибгина қолмай, у ҳақда маълумотга эга бўлиб, қандай ишлатишлик ҳақида ўрганиб, худди суннатга мувофиқ тарзда ишлатиб, «савоб умидида» дея ният қилмоқлигимиз керак.
«Меърож»да айтилган: мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади. Ишлатишнинг мустаҳаби шуки, уч сув билан уч марта ишлатади, яъни комил суннат ҳосил бўлишида адад йўқ, қалби ором олгунча ишлатаверади, фақат учтадан оз ишлатиб қўйса, уни учтага тўлдиради. Мисвок ишлатишда аввал юқори тишларни ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг аввал ўнги, сўнг чапи қилинади. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир. Мисвокни ўнг қўл билан тутмоқ мустаҳаб бўлиши Пайғамбар алайҳиссаломдан нақл қилинган. Мисвок қилиш, агар поклаш учун бўладиган бўлса, оғизни чайиш каби ўнг қўл билан бўлади. Агар зарарни кетказиш учун бўлса, чап қўл билан бўлади, ҳам деганлар бор. Ўнг қўл билан тутишга далил шуки, Ойша онамиз разияллоҳу анҳонинг ҳадиси шарифида баъзи ривоятларда бу тарзда келган: «Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон кийишда ҳам, калиш кийишда ҳам, поклашда ҳам, мисвок ишлатишда ҳам ўнгни яхши кўрар эдилар».
Мисвок эгилувчан – ҳўл бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ ҳам бўлмаслиги керак. Демак, мисвокнинг тишга тегадиган ўрни ўртача юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмасин. Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлиши керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди. Бўйига эмас, эни (ёни) тарафи билан мисвокни ишлатади. Чунки узунасига мисвок ишлатиш тиш милкларига жароҳат етказади. мисвокни тишларда ишлатишда ён тарафи билан ишлатади, тилни мисвок қилишда узунасига ишлатади, тишларнинг сирти, ички тарафи, озиқ тишларнинг устини ва тишларнинг ораларини ҳам мисвок қилади. Ётиб олиб мисвок ишлатмайди. Зеро, у талоқнинг катталашиб кетишига олиб келади. Уни кафти билан ҳовучлаб ҳам тутмайди. Чунки у бавосир касаллигини пайдо қилади, булар суннатга хилофдир. Шимиб сўрмайди, чунки, у кўрлик пайдо қилади. Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари бундай деганлар: «Мисвокни биринчи ишлатишингда тупугингни ютгин. Чунки у мохов, песлик ва ўлимдан бошқа барча дардларга фойда беради. Ундан сўнг тупугингни ҳаргиз ютма. Зеро, у васвасани келтириб чиқаради». Уни Зиёд ибн Алақа разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Ишлатиб бўлгандан сўнг уни ювиб қўйилади. Агар шундай қилмаса, шайтон у билан мисвок қилади. Бир қаричдан зиёда узун қилинмайди. Агар шундай қилса, шайтон унга миниб ўтириб олади. Уни ётқизиб қўйилмайди, балки тикка қилиб қўйилади. Шамсиддин Қўҳистоний айтадилар: Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвокларининг ўрни худди котибларнинг қаламининг ўрни каби муборак қулоқларида эди. Асҳоби киромнинг ҳам мисвокларининг ўрни, Ҳаким Термизий айтганларидек, қулоқларининг орқалари бўлган. Саҳобалардан баъзилари мисвокни саллаларининг печи-ўрамига қўяр эдилар. Инсон учун фойдали томонларидан бири (мисвокнинг) манфаатларидан баъзиси шуки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. «Саҳиҳи Бухорий»га ал-Форизий ёзган ҳошиядан олиб келтирилган: «Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок Сирот кўприги устидан ўтишни тезлатгувчидир. Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради...»
Аллоҳ таоло ўз карами билан барчамизни суннатларни ихлос билан бажаришда бардавом қилсин!
3. Унутилиб кетаётган суннатлар қаторига зикрлар – айнан уйқудан уйғонганда айтиладиган зикрлар ҳам киради.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан уйғонсалар, шундай дер эдилар: «Бизни ухлатганидан кейин қайта уйғотган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз ўлимдан кейин ёлғиз Унинг ҳузурига қайтамиз» (Имом Бухорий (6312) ривояти). Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: «Алҳамду лиллааҳиллазий аҳяанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур».
Аллоҳ таоло бизни Ўз китобида кўп зикр қилишга буюрган ва зикр қилувчиларни бир неча ўринда мақтаган. Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида шундай деб марҳамат қилади: «Албатта, мўмину мўминалар, муслиму муслималар ҳамда итоатгўй, хайру садақа қиладиган, рўзадор, авратларини номаҳрамлардан сақлайдиган ва Аллоҳни кўп зикр қиладиган аёлу эркакларга Аллоҳ мағфират ва улуғ ажр ҳозирлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 3-оят).
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб сураси, 41-оят). Агар биз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар соладиган бўлсак, у Зот ҳаётлари давомида доим уйқудан уйғонишлари билан Аллоҳни зикр қилганларига гувоҳ бўламиз. Мўмин киши уйқудан уйғониши билан қиладиган биринчи иши Аллоҳ таолони зикр қилиш бўлиши лозим. Бу ўринда Аллоҳни зикр қилиш деганда бир кунда «Аллоҳ» сўзини сон-саноқсиз такрорлаш эмас, балки уйқудан уйғониши билан унга уйқу неъматини ҳамда уйқудан қайта уйғониш неъматини насиб этган Аллоҳни эслаш айтилмоқда. Салафи солиҳларимизнинг ҳаётларига бир назар солайлик: улар кунни Аллоҳ зикри билан бошлаб, Аллоҳ зикри билан тугатар эдилар. Биз уйқудан уйғонганимизда ушбу зикрни айтишимиз билан нафақат Аллоҳ таолони зикр этамиз, балки охират кунига бўлган ишончимизни, қиёмат кунида барчамиз У Зотнинг ҳузурига боришимизни ўзимизга эслатамиз. Нима деб ўйлайсиз, бу зикрларнинг маъноларини англаб, давомий айтиб юрган киши ҳаром ишларга қўл уриши мумкинми?! Бу суннатни ҳам ҳаётимизга татбиқ қилиб, ҳар куни эрталаб уйқудан уйғонишимиз билан Аллоҳни зикр қилайлик, кунимизни зикрдан бошлайлик, қолганларни ҳам шунга тарғиб қилайлик, фарзандларимизга бу зикрларни таълим берайлик, одамлар ўртасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир суннатларини тирилтиришга, халқимиз орасида Аллоҳни зикр қилувчиларнинг сони кўпайишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ...
Ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳу алайҳ
китобларидан фойдаланган ҳолда Мубина Аббосхон қизи тайёрлади.
18 сафар, 1438 сана