Рамазонни кутиб олишга тайёрмисиз?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак Рамазон ойининг кириб келишига ҳам бир ойдан оз муддат қолди. Ушбу мақолада биз Рамазонга ва рўза тутишга қандай тайёргарлик кўриш ҳақида суҳбатлашамиз.

Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал биринчи навбатда ниятни тўғрилаб олишимиз керак. Ниятимиз холис бўлиши лозим. Холис ниятсиз амалларимиз биз кутган натижани бермайди.

Биринчи тавсия

Рўза – Аллоҳ таолога ўз жисмимиз ва саломатлигимиз билан бандалик қилишдир. Оқил инсонлар ҳар қандай синовга аввалдан тайёргарлик кўришни бошлайдилар. Спортчилар мураккаб машғулотларни бажаришдан аввал, албатта, таналарини қиздириб оладилар. Акс ҳолда мушакларига жисмоний оғирлик тушиб, пайлар лат еб қолиши ҳеч гапмас. Рамазонга тайёргарлик ҳам худди шундай. Организмни ўргатиб бориш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган нафл рўзаларни (жумладан, душанба ва пайшанба рўзалари, оқ кунлар рўзалари кабилар) тутиб бориш фойдалидир.

Иккинчи тавсия

Рамазон олдидан савоб амалларни кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак. Бу қалбимизни поклаб, иймонимизни мустаҳкамлаб олиш учун қулай фурсат эканини унутмаслик лозим. Кўпроқ Қуръон ўқиш, нафл намозларни адо қилиш, садақа бериш, намозларни жамоат билан ўқиш каби ишларни Рамазон келишини кутмай кўпайтириб борганимиз маъқул. “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” (Оли Имрон сураси, 133–134-оятлар).

Учинчи тавсия

Беҳуда вақт сарфлашдан, зарарли одатлардан тийилишга ҳаракат қилинг. Кўпчилик Рамазон ойини телевизор қаршисида беҳуда сериал ва кўрсатувлар кўриб, ижтимоий тармоқларда соатлаб бўлар-бўлмас маълумотларни ўқиб ёки томоша қилиб, узоқ-яқин танишлар билан ифтор баҳона маишат қилиб, 3-4 соатлаб вақтларини овқатланиш масканларида ўтказиб юборадилар. Рамазондаги қимматбаҳо вақтингизни “ўлдирмаслик” учун ҳозирдан бу каби одатларингизни ўзгартириб боринг. Сериал кўргингиз келганда қўлингизга қизиқарли китоб олинг. Телефондан фойдаланишингизни чеклаб, назорат қилинг.

Тўртинчи тавсия

Рамазон келмай туриб, рўза ва Рамазон ҳақидаги ишончли китобни сотиб олиб, ўқиб чиқинг. Саволларингиз бўлса, илм аҳлидан сўраб олинг. Зеро, бирор ибодатга мукаллаф бўлгач, у ҳақида барча нарсани ўрганиб олишга буюрилганмиз.

Бешинчи тавсия

Шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Агар ошқозон яраси, гастрит ва овқат ҳазм қилиш йўлидаги бошқа касалликлар ёки қандли диабет каби таомланиш билан боғлиқ бўлган хасталиклардан азият чексангиз, аввалдан шифокор кўригига боринг, керакли таҳлилларни топшириб, тезроқ муолажа олинг. Умуман олганда, имкон қадар тиш оғриғи, шамоллаш ва бошқа касалликларнинг муолажасини ҳам ортга сурмаган маъқул. Энг муҳими, кейин “Рамазонга тўғри келиб қолди”, демайдиган қилиб режалаштиринг. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз”, дея марҳамат қилади (185-оят). Албатта, Аллоҳ таоло бизга тоқатимиздан ташқари нарсани юкламайди. Лекин “Узрим бор”, дейишдан аввал бор имкониятимизни ишга солганимизга ишонч ҳосил қилишимиз лозим.

Олтинчи тавсия

Оила аъзоларингиз, фарзандларингиз ҳамда яқинларингизга Рамазон ойи ва Рамазон рўзасининг фазли ҳақида сўзлаб беринг. Ҳадиси шарифга биноан, лоақал бир кишининг ҳам тўғри йўлга юришига сабабчи бўлишимиз биз учун бутун дунёдаги барча нарсалардан яхшидир.

Рамазон ҳаётимиздаги энг муҳим дамлардан эканини барчамиз яхши биламиз. Аввалдан яхшилаб тайёргарлик кўрсак, бу ойни бутун йилга татигулик тарзда, ҳар бир соатдан унумли фойдаланган ҳолда ўтказишимиз осонроқ бўлади. Энг муҳими, Аллоҳга ихлос билан дуо қилишдан тўхтамаймиз. Аллоҳ таоло Рамазонни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишга муваффақ қилсин!

Мавзуга оид мақолалар
«Telegram» ижтимоий тармоғида «muslimaat.uz» Ассалому алайкум Муҳтарам сайтимиз фойдаланувчилари диққатига. Сиз, давоми...

19:16 / 21.03.2017 13485
gallery sizelarge linkfile columns5 ids30028,30029,30030,30031,30032    Бугун, 2017 йил 29 сентябрда Қирғизистон пойтахти Бишкек давоми...

10:09 / 30.09.2017 11055
Нафсим мени шундай ҳаракатга соладики, буни ўзим ҳам сезмай қоламан. Доимо унинг ниқташи сабаб хато тошларга давоми...

21:20 / 25.01.2017 3736
Биринчи ҳикояБолалар катталарга ҳар доим ҳам ичларидаги ҳистуйғуларини ошкор қилаверишмайди. Бунга давоми...

22:56 / 12.05.2023 1708