Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аввалдан халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, бир боланинг камол топиши, тўғри йўлни тутиши учун барча баробар жон койитиши, ҳамма бирдамликда ҳаракат қилиши, лоқайдлик қилмаслиги лозим.
Халқимизнинг қон-қонига, онгу шуурига сингиб кетган Ислом дини ҳам инсонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашга, бир-бирларини яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтаришга ундайди. Халқимиз бир-бирлари билан иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечиришган, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳеч қачон эътиборсиз қолмаган, уларга қўлларидан келганича ёрдам бериб, меҳр-мурувват кўрсатиб келишган.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Албатта, мўминлар биродарлардир, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз...” (Ҳужурот сураси, 10-оят). Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик Аллоҳ учун дину диёнат учун, Ислом – иймон учундир. Ва у ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка путур етса, зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. Чин мўмин бошқа бировга зарра миқдорда бўлса ҳам озор бермаслиги лозим. Ўзлари “чин” мўминликни даъво қилаётган террорчилар ҳали ақлий камолотга етмаган ёшларни ўз Ватанига, ота-онасига қарши қурол кўтаришга ундамоқдалар. Зулм қилиш, тажовузкорлик Ислом динига мутлақо зид тушунчалардир. Шу кунларда Миср ва Сурияда ғалаёнлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани, у ердаги тўс-тополонларнинг асосий сабаби инсонларнинг аҳил эмасликлари, лоқайдликлари, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида иш тутишгани, турли хил оқим ва фирқаларга қўшилиб, ўзларини-ўзлари ҳалок қилаётганларидир.
Аллоҳ таоло бандаларни ўзаро тинчликка ва аҳилликка даъват этиб шундай буюради: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг!..” (Оли Имрон сураси, 103-оят). Ояти каримадаги “Аллоҳнинг арқони” деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликларининг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳлам ушлашликдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутиш лозимдир.
Тинчлик аввало ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага, оиладан маҳалла ва жамиятга, сўнг давлатга ўтади. Натижада бутун дунё тинч ва фаровон бўлади. Бефарқлик ва лоқайдлик одамзотга мусибат келтиради. Инсон доимо огоҳ бўлиб яшаши керак. Ва ҳозирги кунда огоҳлик – бу давр талабидир. Жамият аъзолари доимо бир-бирларини тушуниб, ўзаро келишишлари ва тафриқага тушмасликлари керак. Тафриқага тушиш, яъни ажралиб қолиш – ҳаромдир. Инсонлар доимо аҳил бўлиб яшашлари, барча ишларда кенгашиб иш кўришлари турли хил оқимларга қўшилмасликлари ва ҳақ йўлида собитқадам бўлишликларига сабабчи бўлади. Замонамизнинг энг улуғ вазифаси ёшларни фикрлашга ўргатишдир. Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса – халқ тинчлигидир. Ақида масалида ёшлар тафаккурини тўғри шакллантириш – ёшлар, қолаверса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишдир. Собиқ Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Бугун замон талаб қилаётган дунёвий билимлар билан бирга, инсон ҳаётининг маъно ва мазмунини англатадиган, эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби фазилатлардан сабоқ берадиган диний билимларни ҳам пухта ўзлаштирган одамгина давримизнинг кескин ва мураккаб саволларига жавоб топа олади...”
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Аллоҳ таоло инсонларни аҳил бўлишга, турли хил фирқаларга бўлинмасликка, инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришга буюрди. Инсонлар орасидаги аҳиллик жамиятдаги аҳилликдир ва жамият аҳил бўлса, демак, давлат фаровон, халқ тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Ҳозирги кунда бизнинг диёримиз дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида юқори ўринда турибди. Лекин минг афсуски, бизнинг бу тинчлигимизни кўролмасдан юрган инсонлар қаторида ўз юртдошларимиз ҳам борлиги ачинарли ҳолатдир. Улар турли хил экстремистик оқим ва фирқаларнинг бузуқ ақидаларига учиб шу ишни қилмоқдалар. Уларнинг нотўғри фикрлашларининг сабаби, ақидани билмасликлари, ҳадисларни саҳиҳи билан носаҳиҳларини ажратолмай, адашиб кетаётганларидир.
Аллоҳ таолодан ёмон ниятли инсонларга инсоф, бизларга тавфиқ ато этишини ва юртимизни ўз паноҳида асраб, барчамизни аҳил мўминлардан қилишини сўраб қоламиз.
Робия Маннобжонова,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом
билим юрти 3-босқич талабаси