Аллоҳни танишни истайман...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[embed]https://youtu.be/2ynTa054Ekg[/embed]

Аллоҳни танишни истайман...

Ўтган ойда “Muslimaat.uz” сайтига ўзларини дин борасида қийнаган саволлари бўйича мурожаат қилган Дилфуза ҳамда Наргиза Шерматовалар сайт раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ билан бўлган суҳбат давомида керакли хулосаларни чиқардилар. Айниқса, бугунги ёшлар орасида динини алмаштираётган йигит-қизларнинг келгуси оқибати ва бу ишнинг гуноҳлиги ҳақида етарлича билимга эга бўлдилар.

Бугун Сиз азизларнинг ҳукмингизга жисмоний имкониятлари чеклангани сабаб барча соғлом ёшлар қатори диний илм олиш имкониятидан маҳрум ҳолда, Аллоҳни танишга интилган, динини ахтарган қизнинг қалбида жўш урган туйғулари ҳамда фикрларини ҳавола этамиз.

Наргиза секталар таъсирига тушиб қолган собиқ синфдошлари таклифига кўра улар билан черковда диний таҳсил олиш, Аллоҳни таниш учун онасидан изн сўрайди... Онаизор эса қизини уларнинг таъсиридан қутқариб қолиш ҳамда Ислом дини борасида унга етарлича илм бериш чораларини ахтара бошлайди.

...Бугун ёшларимизнинг мамлакатимиз ҳудудида жойлашган миссионерлар фаолияти таъсирига тушиб қолаётгани, улар ёшларни асосан моддий манфаатлар ёрдамида ўз нотўғри эътиқодларига жалб қилаётганлари ҳеч кимга сир эмас.

Ушбу суҳбатни тақдим қилишимиздан мақсад, орамизда яна кимдир нотўғри йўлдан кетаётган, турли секталарга аъзо бўлиб, черковларда диний илм эгаллашга уринаётган бўлса, шундай адашганларни қайтариш ҳамда зарур хулосалар чиқаришларига восита бўлишдир... Атрофимизда имконияти чекланган инсонлар бўлса, уларнинг Ислом дини билан танишишларида қўлимиздан келган хизматни аямайлик, азизлар!

– Ассалому алайкум, Наргизахон, хуш келибсиз!

Сайтимизга нима мақсадда ташриф буюрдингиз?

– Ваалайкум ассалом, раҳмат! Мен рус мактабда ўқиганман. Ҳозирда рассомчилик коллежида таҳсил оляпман. Рус мактабида ўқиганимиз сабабли кўп ўзбек ўртоқларимиз рус синфдошларимизнинг тарғиботи билан черковга қатнаб, диний билим ола бошлашди. Менинг ота-онам эса: “Қизим, биз мусулмонмиз. Черковга боришингга асло изн бермаймиз”, деб боришимга рухсат беришмади. Мен ҳам ўз динимни танишни, билишни хоҳлайман. Ислом ўзи қандай дин? Эшитмаганим, гапиролмаганим учун эса динимни ўрганишда жуда кўп муаммоларга дуч келяпман. Аллоҳ ҳақида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида билишни истайман. Онам тушунтирмоқчи бўладилар, аммо ҳамма саволимга ҳам жавоб беролмайдилар. Чунки улар кар-соқовлар тили бўлмиш сурдочани яхши билмайдилар. Шунингдек, Ислом дини борасида ҳам илмлари етарли эмас...

Тушунарли. Бу саволингизга жавоб ҳамда сизни қийнаётган муаммоларга ечим топишга уринамиз, иншааллоҳ. Сиз бу муаммо билан бирор расмий ташкилотларга мурожаат қилиб кўрмадингизми?

– Онам билан икки бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо мурожаатимиз жавобсиз қолдирилди...

... Мени ҳамиша бир савол қийнайди: нега бошқа динлар, хусусан христиан динида кар-соқовларга ўз динини тушунтириш жуда кучли йўлга қўйилган. Лекин бизда гапиролмайдиганларга Ислом динини ўргатиш, етказиш хусусида ҳеч ким бош қотирмайди? Ёки шундай мактаблар бор-у, биз бехабармизми? Жисмоний имконияти чекланган ёшлар кўплигига ишонаман. Уларнинг диний илм эгаллашларига ёрдам берадиган ташкилотлар борми? Синфдошларимнинг эътирофича, черковда уларнинг барча диний саволларига жавоб бериш билан бирга моддий рағбатлар ҳам кўрсатилар экан. Бу иш билан махсус сурдо-таржимонлар шуғулланишар экан.

Менимча, ушбу мурожаат билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари сабаб, халқнинг кўплаб муаммо ҳамда саволларига ечим топиб бераётган Президент Порталига мурожаат қилишингиз маъқулроқ ва натижалироқ бўларди деб ўйлайман. Ўзингиз қандай фикрдасиз?

– Тўғри. Биласизми, нимани орзу қиламан? Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизга ўхшаган кар-соқовлар учун диний ўқув даргоҳлари очиб беришларини истайман. Бу улкан эзгу иш билан Ислом динидан бехабарлиги боис бошқа динларга, секталарга кириб кетаётган неча-неча ўзбек йигит-қизлари ўз динларига қайтишлари мумкин бўларди. Шахсан, мен билан битта синфда ўқиган ўзбек йигит-қизлар, яъни собиқ синфдошларим ҳозирда черковга қатнаб, Аллоҳ ҳақида илм олаётганларига гувоҳман...

Мен келгусида Ислом динини бирор олий даргоҳда ўрганишни истайман. Ва ўрганган барча диний илмларимни менга ўхшаб динини қидираётган жисмоний имконияти чекланган йигит-қизларга етказишни хоҳлайман. ...Ҳа. Бу жуда оғриқли нуқталаримиздан бири... Аллоҳ фарзандларимизни адаштирмасин. Ва бизларни ўз дини, миллати ҳамда Ватанига садоқатли бандаларидан қилсин. Ўзга динларга кириб кетаётганларга Аллоҳ Ўзи энг тўғри йўли бўлмиш Исломни насиб этсин!

Яна қандай фикрларингиз бор?

– Атрофимиздаги аксарият одамлар: “Ўзим учун!” деб яшашни ёқтирадилар. Мен эса ҳамманинг: “Ўзгалар учун ҳам”, деб яшашларини истаган бўлардим... Бундай дейишимга сабаб, кўпчилик кишиларнинг жуда худбинлашиб кетганларига гувоҳ бўламан. Уларнинг Аллоҳ учун ўз илмидан, манфаатидан ўзгаларга улашиб яшашларини истайман.

Мен сингари кар-соқовлар, яъни имконияти чекланганларга ҳам исломий олий даргоҳларда диний илм эгаллаш имкониятлари йўлга қўйилса, беҳад хурсанд бўлардим. Яна ўқув даргоҳларида исломий илмларни эгаллаган ёшлар билганларини ҳаётга татбиқ этиб яшай олишларини Аллоҳдан сўрайман...

Аллоҳ таоло сўраганларингизни ижобат қилсин!

Хуш келибсиз!

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди.

Сурдо таржимон: Зилолахон Маҳмудова

 

Мавзуга оид мақолалар
Ислом шариати етимларни васийликка, ҳомийликка, оталиққа, яъни ўз қарамоғига олишни буюради. Бу ишга давоми...

18:16 / 27.11.2016 3959
 Шаҳар кунини нишонлаш муносабати билан Челябинскнинг марказий кўчаларидан бирида «Модалар намойиши» давоми...

17:04 / 13.09.2018 3483
Инсоннинг табиати қизиқ. Касалликка чалинса, баъзилар ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан ўзи «тузалиб» қолишини давоми...

20:05 / 13.12.2016 14290
,Навосиз улуснинг навобахши бўл Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл  Ҳазрат Навоий 15аср жаҳон маънавиятининг давоми...

15:26 / 11.02.2018 14511