Ижтимоий муносабатларда илмнинг аҳамияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ижтимоий муносабатларда илмнинг аҳамияти

Аксар Ислом дини манбаларида илм энг қадрли фазилат сифатида тилга олинади. Мазкур манбаларнинг энг олийси Қуръони Каримда: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур”,[1] дея марҳамат қилинади ва иймондан сўнг илм инсоннинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлишига, одамлар фақат иймони ва илми билангина туркумланиши мумкинлигига далолат қилинади. Илм фазилати, шунингдек, ҳадисларда, саҳоба ва тобеъинлар қавлларида, уламолар ҳикматларида ҳам улуғланади.

Илмнинг нафақат инсон камолоти шаклланишида, балки ижтимоий муносабатларда ҳам аҳамияти беқиёс. Илм аҳамияти таълим ва суҳбат жараёнидаги муносабатларда намоён бўлади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўплаб ҳадисларида таълим берувчи ва таълим олувчининг одоблари, шартлари баён этилган. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хуш хабар беринглар, бездирманглар”, дедилар[2]. Мазкур ҳадис таълим бериш жараёнида илмнинг қаймоғини гўзал, қисқа, лўнда, тушунишга енгил тарзда ва белгиланган аниқ вақтларда беришга чорлаган. Таълим ва суҳбатнинг бу қоидасига саҳобалар ҳам амал қилганлар.

Яна бир ҳадисда Абу Воил айтади: “Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба одамларга ваъз-насиҳат қилар эдилар. Бир киши унга: “Эй Абу Абдурраҳмон, бизга ҳар куни ваъз-насиҳат қилишингизни истардим”, деди. “Менга қаранглар, сизларга малол келтириб қўйишни ёқтирмаганим учунгина бу ишни қилмадим. Набий алайҳиссалом зерикиб қолишимиздан қўрқиб риоя қилганлари каби, албатта, мен ҳам ваъз айтишда сизларнинг риоянгизни қиламан”, деди”[3].

Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда[4] бу талаблар фақат суҳбат ёки таълим жараёнида эмас, балки намоз ўқиб бериш шарти сифатида ҳам эътироф этилган. Ҳолбуки, бу жараённи таълимнинг бир йўналиши сифатида олиб қараш мумкин.

Ижтимоий муносабатлардаги илмнинг аҳамияти ҳақида ҳанафий фақиҳи, мужтаҳид олим Суфён Саврий шундай дейди: “Илмнинг боши – жим туриш, кейингиси – эшитиш, учинчиси – ёд олиш, тўртинчиси – амал қилиш, бешинчиси – тарқатиш”[5]. Демак, муаллифнинг таъвилича, сукутга сабр қилиш барча илмларнинг калитидир. Эшитиш маълумотлар омборининг шаклланиш жараёнида амалга ошади. Илмни ёд олиш эса маълумотларни хотирада сақлаш вазифасини бажарса, амал қилиш маълумотларни тажрибада қўллаш ва унга амалий тус беришда аҳамиятлидир. Бунда инсон ўз камолотини шакллантиради ва сайқаллаштиради. Якуний босқич – тарқатиш бевосита таълим жараёни билан чамбарчас боғлиқ, дея хулоса қилса бўлади. Демак, ижтимоий муносабатлардаги илмнинг аҳамияти юқорида қайд этилган якуний босқич, яъни тарқатиш босқичида бирламчи ва иккиламчи  хусусиятига кўра юксаклиги учун ҳам жамият ривожи ҳамда тамаддунига хизмат қилади. Бирламчи хусусият таълим олиш, иккиламчи хусусият таълим беришда намоён бўлади.

Таълим бериш жараёнида олимнинг табиати, фитрати ва дунёқараши муҳим унсурлардан ҳисобланди. Сабаби унинг бу сифатлари таълим жараёнида унинг ҳузуридаги талабаларга ё салбий, ё ижодий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳу шундай деган: “Агар олим дунёга рағбат қилиб, ҳирс қўйса, у билан бирга ўтириш жоҳилнинг жоҳиллигини, фожирнинг фожирлигини зиёда қилади ва мўминнинг қалбини қотиради”.

Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул ғофилин” асарида ҳакимларнинг гапларидан иқтибос келтириб, шундай дейди: “Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир”[6]. Абу Лайс Самарқандий бу ҳикматга изоҳ беришича, аҳмоқлар ҳакимлар гапини эшитса, уларнинг нутқини чиройли санайдилар ва бу эрмак ўрнида бўлади. Аммо ҳакимлар аҳмоқларнинг гапларини эшитиб, ёмонликни кўриб, ундан ибрат оладилар ва уларга ўхшашликдан сақланадилар. Юқоридаги ҳикмат таълим бераётган олимнинг шахсий камолотига эътиборли бўлиш муҳим эканидан далолат қилади. Ҳаттоки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда айтилишича, “Ким Аллоҳнинг розилигини талаб қилмай, балки мол-дунёга етишиш мақсадида илм талаб қилса, қиёмат куни  ўша киши жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди” (Абу Довуд ривояти)[7]

Ижтимоий муносабатлар тарихидаги илмнинг аҳамиятини ёритишда таълим ва суҳбат жараёнларида кўриш мумкин, деган мулоҳаза юқорида юритилган эди. Тил инсоннинг асосий мулоқот қилиш воситаси экан, унинг бошқа мавжудотлардан афзаллиги ҳам фикрларини ўз тили орқали баён эта олишидир. Мазкур вазифани тафаккур асосида адо этиш эса безакка қўйилган нақш каби жилокор. Уламоларнинг оқилона ишлатилмаган нутқдан кўра сукут энг афзал танлов, деган мулоҳазаси айтиб ўтилди. Шундай экан, XV аср мутафаккири, илоҳиётчи олим Ҳусайн Воиз Кошифий суҳбат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари борлигини  ва уларга амал қилиш нутқнинг самарасини оширишига хизмат қилишини таъкидлаган эди. Жумладан, Кошифий суҳбатдошларининг даражаларига қараб, нутқнинг самарали ва таъсирли бўлиши учун муайян қоидалар асосида суҳбатни хос ва авом турларга бўлган. Юқори даражадаги хослар суҳбатининг одоблари олтита:

  1. Ҳар кимнинг аҳволига қараб муносиб сўзлаш;
  2. Дағалликдан қочиб, лутф ва мулойимлик билан гапириш;
  3. Гапираётганда табассум билан хушрўйликни унутмаслик;
  4. Эшитувчиларга малол келмайдиган даражада товушни баланд кўтармаслик;
  5. Фойдали масала ва маълумотларни етказиш;
  6. Қадр-қийматсиз гапни айтишдан қочиш, чунки улуғларнинг сўзи бамисоли уруғдир. Уруғ пуч ёки чириган бўлса, қаерга экилмасин, ҳосил бермайди.

Ҳусайн Воиз Кошифий авомнинг суҳбат одоблари туркумига қуйидаги саккизтани киритади:

  1. Сўралмагунча гапирмаслик;
  2. Гапирганда овозини баланд қилмаслик;
  3. Гапираётганда атрофга қарайвермаслик;
  4. Бетгачопарлик ва қўполликдан йироқлашиш;
  5. Пушаймон бўлмаслик учун ўйлаб гапириш;
  6. Ўзгалар гапини бўлмаслик;
  7. Кўп гапирмаслик[8].

Кишининг суҳбат давомида муайян илмий талабларга жавоб беролмаслиги нутқининг самарасиз, таъсирсиз ва ижроси натижасиз бўлишига сабаб бўлади.

Ҳусайн Воиз Кошифий нутқнинг самарасига кўпроқ урғу бериб, энг яхши сўз нафи тегадигани, ёмони эса зарар келтирадигани, деб таъкидлаган. Фақиҳ бу қоидаларни “Ахлоқи муҳсиний” асарининг “Суҳбат одоби ҳақида” номли 6-фаслида батафсил ёритиб, юқорида зикр этилган одобларни таснифлаган.

Дарҳақиқат, илм тараққиёт гаровидир. Илм аҳамиятининг замон ва макони бўлмайди. Тарихда ҳам, замонамизда ҳам, барча жабҳаларда илм муҳим унсурлардан бўлган. Юртимиз доим кўхна илм ўчоғи сифатида тилга олинади. Тарихнинг ибтидоий, ўрта асрлар ва кейинги даврларида Ўзбекистон ҳудудида қандай давлатлар ташкил топган бўлмасин, барчасида илм гуллаб-яшнади. Айниқса, IX-XII асрларда табиий, ижтимоий-гуманитар ва диний соҳалардаги фан йўналишларининг ривожланганини бутун дунё эътироф этмоқда. Кўплаб замонавий тадқиқотчилар Ислом дини Арабистон ярим оролида пайдо бўлган бўлса-да, илмга айланиб, Ироқ ва Мовароуннаҳрда ривожланганини тан олмоқдалар.

Юртимизда кечган тарихий жараёнлар, шунингдек, давлатлараро муносабатларда илмнинг аҳамияти нечоғли катта бўлганидан дарак беради. Айниқса, Мовароуннаҳр ҳудудидаги  элчилик муносабатлари бунга яққол далилдир. Муайян давлат бошқасига ўз номидан элчи жўнатишдан аввал унга қўйилган асосий шартлардан бири – унинг илмли бўлиши талаб этилган. Унга жўнатилаётган мамлакатнинг замонавий тилини билиши, сиёсатидан, шунингдек, диний ва ухровий фанларни пухта эгаллаши каби шартлар қўйилган. Туркий халқларнинг машҳур адибларидан Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”[9], Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук”[10], Хожа Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”[11] каби асарларида элчиларнинг эгаллаши лозим бўлган илмий йўналишлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

Бугунги кунда сиёсий, ижтимоий, диний-маърифий, иқтисодий, умуман, барча муносабатларда илмнинг самараси сезилмоқда. Мустақилликдан сўнг республикамизнинг илмий соҳада амалга оширилган қатор ислоҳотлар ёшларнинг ҳар томонлама етук ва рақобатбардош кадрлар бўлиб етишиш ишларига дастуруламал бўлмоқда.        

        

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юртининг мудираси

Ибрагимова Нозима

 

[1] Мансуров А. Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. – Т.: Тошкент Ислом университети, 2004. Мужодала сураси, 11-оят. – Б. 542.

[2] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий-1 / Таҳририят: М.Аҳмаджонов ва бошқ. – Т.: Ҳилол-нашр, 2012. – Б. 176.

[3] Ўша манба. – Б.177.

[4] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий-1 / Таҳририят: М.Аҳмаджонов ва бошқ. – Т.: Ҳилол-нашр, 2012. – Б. 190.

[5] Абу Лайс Самарқандий. Танбеҳул ғофилин / Таржимон: Д.Қўшоқов. – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б. 373.

[6] Ўша манба. – Б.374.

[7] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. Риёзус-солиҳийн (Солиҳлар гулшани). Таржимон: Анвар Аҳмад. – Т.: Мовароуннаҳр, 2006. – Б. 571.

[8] Хусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний; Ахлоқий муҳсиний/Нашрга тайёрловчи: М.Аминов ва бошқ. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2011. – Б. 72.

[9] Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг / муаллиф томонидан 1069 йилда ёзилган. – Т.: Юлдузча, 1990. – 194 б.

[10] Хожа Самандар Термизий. Дастур ул-Мулк. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1997. – 217 б.

[11] Хожа Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-Мулк. – Т.: Адолат, 1997. – 100 б.

                                                

Мавзуга оид мақолалар
    Албатта, бу енгил кунлардир. Бизларга Аллоҳнинг улуғ ойи муборак Рамазон ойи кириб келяпти. Аллоҳ давоми...

16:23 / 07.02.2017 4077
ОНА ТИЛИМ Онам айтган аллаларда топдим сени, Ҳар бир сўзинг юрагимга бўлди малҳам. Афзал ўлим, унутгандан давоми...

19:29 / 17.03.2017 4446
Абу Ҳадрад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ушбу давоми...

06:21 / 24.10.2016 7677
Бугун 3 март 2019 йил санасида Тошкент шаҳридаги Алвон супермаркетида миллий либослар кўргазмаси бўлиб давоми...

20:58 / 03.03.2019 3921