Эрта бугундан бошланади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эрта бугундан бошланади

Биз бугун Ўзбекистон ёшлари тинч ва фаровон юртда яшар эканмиз, доимо ушбу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, бизга берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмоғимиз лозим. Чунки биз айни пайтда баҳраманд бўлиб турган неъматлар сон-саноқсиздир. Оддий ичимлик сувини олайлик. Кўпчилик ҳар куни арзимаган сабаблар туфайли жўмракдан соатлаб сув оқизиб қўяди. Ана шу исроф қилинаётган сувнинг бир томчиси дунёнинг бошқа жойида яшайдиганлар учун топилмас хазина, тенгсиз неъматдир. Демак, биз дунёдаги сувсизликдан азобланиб яшаётган икки миллиард одамдан бахтли эканимизни  англашимиз ва шукр қилишимиз лозим.

Аслида, биз буни билиш ва англаш имконига эгамиз. Чунки биз ўқий оламиз. Лекин бу ўқий олиш неъматини ҳам қадрламаймиз. Ҳолбуки, мана шу ёзувларни ўқий олишимиз бизнинг ер юзидаги уч ярим миллиард саводсиз инсондан бахтиёрроқ эканимизни кўрсатади.

Ҳозир қанча-қанча мамлакатлар аҳолиси нотинч вазият туфайли туғилган ерини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрибди. Биз эса уйимизда тинч-осуда ҳаёт кечирмоқдамиз. Қолаверса, мамлакатимизда ҳозирги кунда жуда кўплаб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шулардан денгиздан бир томчи сифатида диний ислоҳотларни олиб қарайлик. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида шундай нутқ сўзлади: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз”. Бу жумла замирида Ислом динининг ривожига катта ҳисса қўшган буюк алломаларимиз билан фахрланиш, Ислом дини мусаффолигини сақлаш, унинг инсонпарварлик моҳиятини бутун дунёга тарғиб этиш йўлида халқаро ҳамжамиятни бирлашишга даъват қилиш, жонажон Ватанимизни ҳар томонлама тараққий топтиришда астойдил ҳаракат кўрсатиш мужассамлиги билиниб туради. Бунинг амалий ифодаси сифатида Тошкентда Ислом Цивилизация маркази, Қашқадарёда Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаби, Самарқандда Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада Марғиноний илмий марказида Ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф илми мактаби ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида намозхона очилди. Аллоҳ таоло бу неъматларга бизни лойиқ кўрганидан биз уларнинг шукрини адо этишимиз ва доимо ҳушёр бўлишимиз лозим.

Лоқайдлик ва бепарволик каби иллатларнинг ёшлар орасида учраши жуда ачинарли ҳолдир. Эрта бугундан бошланганидек, биз ёшлар бугунданоқ эртамиз ҳақида ўйлашимиз, кечаги кундан сабоқ олишимиз керак. Бугунги глобаллашув шароитида четдан кириб келаётган турли бузғунчи ғоялардан огоҳ бўлишимиз даркор. Зеро, бизга катта ишонч ва умидлар билдирилган. Биз ёшлар шу ишончга лойиқ бўлмоғимиз, мустақил Ўзбекистонимизнинг тинчлигини асрашимиз, мамлакатимизда ва жаҳонда кечаётган воқеа-ҳодисалардан, янгиликлардан хабардор бўлмоғимиз шарт.

Афсуски, айни пайтда турли экстремистик оқимлар ёшларни йўлдан уриш, уларни ўз она юртига, оиласига, ватанига қарши қилиш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Шу боис биз дўстларимиз, яқинларимизнинг нима ишлар билан шуғулланиб юрганига эътибор бериб, уларни турли хатарлар гирдобидан сақлаб, тинчлик, бунёдкорлик йўлида бақувват мушт каби бирга бўлмоғимиз керак. Шу туфайли маҳалла-кўй ёки қишлоғимизга келган бегона кишилардан нима мақсадда келганини суриштириб қўймоғимиз, ҳар бир ҳодисага лоқайд бўлмаслигимиз даркор. Дўстларимизнинг фикру дунёқарашларини сўраш, теран фикр-мулоҳаза юритишга ундаш, уларни тарихимиз билан янада яқинроқ таништиришга, шунингдек, ота-она, маҳалла-кўй, эл-юртга меҳр-муҳаббатини юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз, халқимизнинг доно мақоллари-ю ҳикматли сўзларига амал қилишимиз бизнинг лоқайд бўлиб қолишимизга йўл бермайди.

Амир Темур бобомиз: “Тажрибамдан кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деб бежизга айтмаган.

Агар биз кечаги кунимизни унутсак, мозийдан сабоқ олмасак, тинчликнинг қадрига етмасак, огоҳ бўлмасак, машаққат билан эришилган бебаҳо мустақилликнинг қадрига етмаган бўламиз. Ахир бу мустақилликка осонлик билан эришилган эмас. У Яратганнинг бизга берган энг азиз неъматидир. Унга эришиш учун не-не ҳақиқий халқ фидоийлари жон олиб-жон бермади, дейсиз. Шундай экан, жаннатмакон Ватанда яшаётганимиз учун шукроналар айтиб, ҳамиша огоҳ бўлиб, лоқайдликка йўл қўймай, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйиб, элим деб, юртим деб ёниб яшайлик! Зеро, баркамол авлод ҳамиша огоҳдир.  

 

      Иродахон Нодирова,                                                                

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юртининг 2-курс талабаси

 

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим «Албатта, бир кун келиб, Ҳазрат ҳақларида ёзаман. Ахир оддий бир инсоннинг чин давоми...

11:05 / 05.02.2017 7192
2013 йил 1 февралда АҚШдаги муслима аёллар ташкилоти мусулмон бўлмаган аёллар ҳамда ҳижоб киймайдиган давоми...

18:55 / 09.12.2016 2648
  Қисқача иймон Маъноси Аллоҳга Ўз исму сифатларидагидек иймон келтирдим ва Унинг барча давоми...

11:09 / 27.04.2017 5498
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламин, вассолату вассаламу ала Муҳаммадин ва ала давоми...

01:08 / 23.10.2017 4348