Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотлари ҳақидаги хабарни қабул қилишим жуда қийин бўлди. Шайхнинг илмларидан баҳраманд бўлган ҳар бир мусулмон учун нақадар катта мусибат бўлгани шундан ҳам маълум бўлса керак. Бу хабарни менга Озерск шаҳри, Челябинск тумани Дин ишлари қўмитасининг раиси ва имоми Шоймардонов Абдулла Ҳуснуллович етказдилар.
Мен 15 ёшларимдан Ўзбекистондаги Рус Православ Черковида руҳоний бўлиб ишлаганман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан танишувим менинг яккахудоликка қайтишим билан бир пайтга тўғри келган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Устоз мени ўшанда «Исломнинг биринчи қалдирғочи», деб атадилар. Кўпгина саволларимга жавоб бердилар ва бир Қуръон китоби совға қилдилар. Кейин ҳам турли шароитларда ёрдам қўлини чўзиб, ўзларининг оқилона маслаҳатлари билан қўллаб-қувватлаб турдилар. Илтимосмга кўра баъзи исломий китобларни русийзабонлар учун таржима қилдириб бердилар.
Ота-онам, қариндошларим бўлмагани сабабли Шайх ҳазратлари менга нафақат устоз ва ўз даврининг улуғ намоёндаси, балки қадрдон биродарим, ер юзидаги энг яқин кишим бўлиб қолгандилар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, таржимаи ҳолим шундай инсон билан чамбарчас боғлиқдир. Бу кишининг асосий фазилатларидан бири барчага бир хилда эътиборли бўлишлари, мусулмонлар билан ҳам, жамиятнинг бошқа қатламлари билан ҳам бир хилда самимий, яқиндан муносабатда бўлишлари эди. Менимча, бу каби хислатга ҳамма ҳам эга бўла олмайди. Айниқса, одамлар орасида ўзига яраша ҳурмат қозонганлар одатда бундай фазилатлардан анча йироқ бўладилар.
Аллоҳ таоло айтади:
مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир. Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу, худди, уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар. Кофирларнинг ғазабини қўзитиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва улкан ажрни ваъда қилди» (Фатҳ сураси, 29-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар: «Сизларнинг яхшиларингиз менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин келганлардир. Сўнгра улардан кейин келганлардир».
Инсон жаннатга лойиқ бўлиш учун бир умр меҳнат қилади. Аммо энг асосийси – у шу меҳнатни қандай қилишидадир. Ҳадиси шарифларга кўра, гўзал хулқ-атвор ҳисоб-китоб КУНи тарозунинг палласида салмоқли оғирликка эга бўлар экан. Шайхимизнинг ҳаёт йўллари ана шундай муҳим хислатлар ва ютуқларга бойдир. У кишининг қилган меҳнатларининг дунё бўйлаб кўрсатаётган мевалари бунга ёрқин мисол. У киши буларнинг барчасини Исломнинг юзи қилиб кўрсатдилар.
Қадрдонларим! Шайхимизнинг вафотлари ҳаммамиз учун ҳам қаттиқ зарба бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таъзия билдираман! Мусибатингизга шерикман. У кишининг Сиз азизлар учун, халқ учун қилган хизматлари ўзларига ҳамроҳ бўлиб, жаннатда тақводорлар сафида бўлишларига сабабчи айласин!
Азиз ака‑укаларим, опа-сингилларим! Шайх ҳазратлари қалбимизда биз учун ким бўлган бўлсалар, ана шу сиймода абадий қолсинлар. Кимгадир буюк олим, кимгадир устоз ёки устозларнинг устози, яна кимгадир ўз даврининг намоёндаси, Ислом нурини таратувчи машъал, ким учундир бугунги кун мусулмонининг ёрқин тимсоли, самимийликнинг гўзал намунаси ва яна кимлар учундир азиз меҳмон ёки оила аъзосидирлар.
Қуръони Каримнинг оятларидан бирида шундай дейилади:
إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُمْ مَيِّتُونَ
«Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар» (Зумар сураси, 30-оят).
У киши жисмонан вафот этган бўлсалар‑да, қалбларда абадий барҳаёт ва ибрат бўлиб қоладилар.
Рус тилидан Гўзал таржимаси
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид таҳрири остида