Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаларидан бири
Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий хазратларининг ўгитлари
Қанча гўзал бўлманг, қанча олима бўлманг, бой-бадавлат бўлманг, эрингиз қалбиниyu маликаси бўлиш учун фаросатни ҳам ишга солинг! Умр сафарини гўзал ўтказиш учун орангиздаги муҳаббат риштасини мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлинг. Эрга муҳаббат изҳор қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, унга садоқатингизни ҳам изҳор қилинг. Шундай қилингки, эрингиз муҳаббатингиз ҳақиқий эканини дилдан ҳис қилсин. Эр-хотин орасидаги жанжалнинг асл ўзаги эр хотиндан, хотин эрдан шу нарсани топа олмаганидандир. Шайтон эса ўта маккордир, аёлни эрининг олдида шарм ҳаёли бўлишга, қариндош-уруғ, дугоналари олдида эса хандон отиб кулиб, ноз-карашмали бўлишга ундайди. Кийиниш, зийнатланишда ҳам эрининг олдида оддий, ўзгалар олдида эса чиройли бўлишга ундайди. Ваҳоланки шариатимиз яхши кўрган кишингизга буни билдириб қўйишни савобли амал деб белгилаган, фақат номаҳрамлар бундан мустасно! Аммо шайтон буни айнан бегоналарга изҳор қилишга ундайверади. Оилавий жанжалларнинг аксариятига эътибор берсангиз, эр аёлини севади, муҳаббат изҳор ҳам қилади, совға-саломлар ҳам беради, хотини дилида бундан хурсанд ҳам бўлади. Лекин шунга жавобан бу муҳаббатнинг ўзаро, иккиёқлама эканини изҳор қилишга келганда буни эр кутгандек изҳор қилмайди ёки ўзини худди бундай эътибор унга керак эмасдек тутади. Бу ўта ахмоқлик бўлиб, аёл киши ҳаётида бундан ортиқ ахмоқлик қилиши мумкин эмас. Муҳаббатнинг жавоби муҳаббат билан бўлиши керак. Эр муҳаббат кутганда аёл бу ҳолатни ғанимат билиш керак, эрининг дилини чаманзор қилиб юборадиган сўзларни айтиши керак. Афсуски, кўпинча аёлларимиз бу борада ношудлик қилиб, бундай ҳолатда эрнинг қалбини доғ қилиб қўйишади. Ваҳоланки бу шариатимизда уят саналган иш эмас. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатларини очиқ ойдин изҳор қилар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирганларида у зот: «Оиша, сиз менга сариёғ билан хурмо солинган таомдан ҳам маҳбубсиз», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо табассум қилиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз эса мен учун сариёғ билан асал солинган таомдан ҳам ортиқроқ маҳбубсиз», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам табассум қилиб, «Сизнинг жавобингиз гўзалроқ бўлди», дедилар. Кўринг! Эр бир сўз айтди, аёл эса ундан ўтказиб жавоб қайтарди. Муҳаббатнинг изҳори эрга қилинмаса, кимга қилинади?! Ҳозиргилар эса эрга қилинадиган муҳаббатни элга қиладиган бўлиб қолишди. Ёдда тутинг, ишқ билан мушки анбарнинг оғзини беркитиб, сақлаб қўйилмайди. Улар ўз ўрнида очилиб, ифори атрофга таралиб туришини хоҳлайди. Қаерда бўлмасин, ўзини изҳор қилмай тура олмайди. Худди шунингдек, эр ўз аёлидан муҳаббат кутганида аёл ҳам бунинг изҳоридан ожиз қолса, эрнинг наздида аёлнинг қадри тушади.
Бир ачинарли воқеага қулоқ солинг.
Шаҳримизда ғарибона бир хонадоннинг гўзал қизи бор эди. Унга обрўли хонадон ўғлидан совчи келди. Тўй бўлди. Икки томон хурсанд. Йигитнинг қувончига эса чек-чегара йўқ. Қиз ҳақиқатдан ҳам гўзал эди. Келин бўлгач, гўзаллиги ўн чандон зиёда бўлди. Буни кўрган куёв ичига сиғмай, «дод» деб юборди. Иккови ёлғиз қолишса, куёв дарҳол изҳори муҳббат қилар, қувончидан еру кўкка сиғмас эди, эртаю кеч «Сен нафақат уйимнинг маликаси, балки қалбимнинг маликасисан. Сен менинг уйимни жаннатга айлантирдинг» деб, оғзидан бол томар эди. Келин бундай эътибордан маст бўлар, аммо афсуски, унинг жавобини ўрнига қўя олмасди. Бир неча кун ўтгач, келин йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди. Ҳамма ҳайрон. Сабабини сўрашса, «Эримнинг изҳорларига яраша жавоб қайтара олмадим. Бир кун ҳазиллашиб, «Сиз эса менга ёқмайсиз» деб юборибман. Эримнинг жаҳли чиқиб, «Мени яхши кўрмаган аёл менга керак эмас. Уч талоқсан!» деб юборди», деди… Бир лаҳзалик хатонинг жазоси йилларга татийди деб бежиз айтилмаган. Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бу жувонга «эрдан қайтган», «турмуш кўрган» деб, ёш йигитлардан совчи келмади. Иккинчи хотин бўлишга сўраб келганларга ёки ёши катта кишилардан келган совчиларга эса унинг ўзи рози бўлмади. Шундай қилиб, бир гўзал қиз ёш умрини хазон қилди, йиғлаб йиғлаб ўтди. Айб ўзида. Бу қандай ахмоқликки, умр йўлдоши ундан меҳр кутса-ю, аёл ноз қилса.
Оиша розияллоҳу анҳонинг муҳаббат изҳори
Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳнинг ишқида шеърлар ёзган ва бу шеърлар Расулуллоҳнинг замонларида машҳур бўлган. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан кейин аҳлияларининг олдига кирар эдилар. Оиша онамизнинг ҳузурларига кирганларида табассум билан, чиройли овозда салом берар эдилар. Жавобига Оиша онамиз қуйидагича шеър ўқир эканлар:
لَنا شَمْسٌ و لِلْآفاقِ شَمْسٌ و شَمْسى خَيْرٌ مِنْ شَمْسِ السَّماءِ فَاِنَّ الشَّمْس تَطْلُعُ بَعْدَ الفَجْرِ و شَمْسى طَالِعٌ بَعدَ الْعِشاءِ
Қуёши бор самонинг, Менинг-да қуёшим бор, Унинг қуёшидан лек, Қуёшим афзал минг бор. Зотан само қуёши Чиқар фақат кундузи, Менинг қуёшим эса Тунда ҳам порлар юзи.
Абдуманнон Абдуллоҳ таржимаси