Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Қуръон.уз» сайтининг 10 йиллигига бағишланган танлов шартлари
«Қуръон.уз» сайтининг 10 йиллигига бағишланган танловдан мақсад, жаннатмакон юртимизнинг улуғ фарзандлари – солиҳ аждодларимиз, улуғ алломаларимизнинг Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатиш борасидаги анъаналарини давом эттириш, Каломи шарифни ўрганиш ва унинг таълимотларини халқаро ахборот тармоқларида, ўзбекзабон интернет сарҳадларида тарғиб қилиш, халқимизнинг Қуръон нури ила йўғрилган маънавий, миллий, маданий ва диний меросини авайлаб-асраш ва келгуси авлодларимизга омонат етказишдан иборатдир.
Мазкур танловда Қуръони Карим мавзусига оид илмий-маърифий, насрий ва назмий адабий асарлар, тасвирий санъат асарлари, ҳамда рақамли дастурлар билан иштирок этишингиз мумкин.
Иштирокчиларнинг яшаш жойи, миллати, дини, жинси, ёши, савия ва малакаси, шунингдек, танловга юбориладиган асарларни тайёрлаш воситалари чегараланмайди (асарлар анъанавий ва электрон тасвир воситаларида тайёрланиши мумкин). Юборилган асарлар рўйхати «islom.uz» ва «қуръон.уз» сайтида маълум қилиб борилади. Тақдим қилинган асарларга ҳакамлар ҳайъати, ҳамда интернет фойдаланувчилари томонидан баҳо берилади. Энг юқори баҳо берилган асарлар ўз мезонлари бўйича танлов ғолиблари деб топилади. Диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим қилинади. Танлов 2014 йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
«www.islom.uz» портали маъмурияти
Танлов учун тақдим қилинмоқчи бўлган материаллар admin@islom.uz электрон почтасига юборилади