Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
[embed]https://www.youtube.com/watch?v=fdgdpPc3fqg&feature=youtu.be[/embed]
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизларга: «Агар мусулмонлар хуфтон ва бомдод намозида нима борлигини билганларида эди», яъни ушбу икки намозларни жамоат билан ўқиш учун масжидларга чиқишнинг қандай савоби борлигини билганларида эди, «Ушбу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам борар эдилар», деганлар.
Аҳволимизга бир бор назар солиб кўрайлик: кеч кириши билан меҳмонхоналарда уюштириладиган базму жамшидларга интиламиз, ошхона ва ресторанларга талпинамиз, беҳуда ўйин-кулгилар макони томон йўл оламиз. Ярим кечасигача давом этадиган ўйин-кулгилардан кейин, кўзимизга уйқу келгандагина уйга қайтамиз. Қарабсизки, бомдод вақти кириб, намозхонларни кутиб олиш учун масжид эшиклари очилганда, хонақоҳнинг катта қисми бўшлигини, намозхонларнинг аксарияти фақатгина қалбларига Аллоҳнинг муҳаббати ўрнашиб, уларни масжид сари етаклаган озчилик ўсмирлардангина иборатлигини кўрамиз.
Аммо жамиятнинг катталари, халқнинг асосий табақаси – ишчиларнинг кўпчилик қисми бошқа ишлар билан банд. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ушбу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам борар эдилар», деган кўрсатмаларини бажаришга уларда вақт йўқ.
Баъзан ўйланиб қоламан: Расулуллоҳнинг замонларида масжидларга олиб борадиган йўллар қай аҳволда эди? Қоронғи, ҳамма ёқ лой ва балчиқ, ўнқир-чўнқир эди. Шунга қарамай, улар бомдод ва хуфтон намозларини масжидларда жамоат билан ўқишга мусобақалашар эдилар. Бугун эса йўллар кенг ва равон, кўчалар чироқлар билан ёритилган, масжидлар кўп, уйимизга узоқ ҳам эмас. Шундай бўлса ҳам, жамиятнинг катталари, шунингдек, асосий синфи вакиллари банд, ҳадиси шарифда айтилган ишни бажаришга уларнинг вақтлари етмайди.
Азиз дўстлар! Бизнинг бугунги кундаги ишимиз билан биринчи авлод ўртасидаги фарқ масиҳий динидаги кишилар таклифига биноан Шомга келган Умар ибн Хаттоб шахсида кўзга ташланади. Ҳазрати Умар ўзи яхши кўрган бир нечта ямоғи бор кийимини ташламасдан, ўша кийимни кийишда қатъий туриб олганида Абу Убайда у кишига мулойимлик билан танбеҳ берди. Шунда ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): «Биз Ислом билан Аллоҳ азиз қилган кишилармиз. Қачонки биз бу азизликни Аллоҳ азиз қилган нарсадан бошқа нарсадан изласак, Аллоҳ таоло бизни хор қилади», деди. Бу сўзларнинг маъносини ўйлаб кўрганмисизлар? Ушбу сўзлар ифодалайдиган маънолар ҳақида мулоҳаза юритганмисизлар?
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий хутбаси.
17-октябр 2008-йил.
Шайхонтоҳур туман Эшонгузар жомеъ
масжиди имом хатиби:
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси