Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу ҳикмат аввалги ҳикматни чегаралаб келган ҳикматдир. Яъни кишининг Аллоҳ таоло ўзига берган иқтидоридан фойдаланишга шўнғиб кетиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йўналтирган эканлар, дея фақат ризқ топиб, касб қилишга киришиб кетиши оқибатида тоат-ибодатни кейинга суриши бефаҳмлик экан.
Минг афсуслар бўлсинки, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин... Кўпчилик ҳали ёшман, нафақага чиқиб олай, ибодатларимни эса кейин қиламан, деб охиратга озуқа бўлгувчи амалларни кейинга суради. Бундай одамларнинг наздида гўё ёшлик пайтида фақат ишлаб, ўйнаб-кулиб олиш керак, ибодат кексайганидан кейин қилинади. Аммо кимнинг қанча яшаши номаълум-ку? Ёки бирортамиз неча йил умр кўришимизни олдиндан биламизми? У ҳолда қандай қилиб олдин ишлаб олай, дунёвий ишларимни битказиб олай, кейин ибодат қилавераман, деб айтиш мумкин?!
Ёки яна бошқа мисол: ёшларнинг ичида ҳам учрайди – ҳозир ибодат қилишнинг фурсати бўлмаяпти, болалар катта бўлиб қолди ёки ҳозир мен қаттиқ ишлашим зарур, дейишади. Аслида ундай эмас. Банда балоғатга етдими, бўлди, дарҳол ибодатларини тўлиқ бажариши керак. У энди мукаллаф, яъни ҳар бир тарк қилган ибодатидан сўралади, демак, ҳеч қайси ибодатни четга суриб қўйиб бўлмайди. Ибодат тирикчилик билан бирга олиб борилиши керак, иккисини бир-биридан ажратиш нотўғри. Аслида касб қилиш ҳам ибодатдир. Нима соҳа бўлишидан қатъи назар, хоҳ шифокор, хоҳ ёзувчи, хоҳ қурувчи, хоҳ тижоратчи – шу ишимни Аллоҳнинг розилиги учун бажараман, деб ният қилса бас, буларнинг бари ибодатга айланади.
Инсон ўзига қачон ажал етишини билмайди. Шу боис Аллоҳ таоло берган умрини унумли яшаши, ибодатларга шошилиши керак.
Кўпчилик Қуръон ёдлашга вақтим йўқ дейди, лекин бошқа беҳуда нарсаларга вақт топади. Тажрибадан маълумки, ким Қуръон ёдласа, унинг қолган ишлари ҳамда вақтига барака киради. Чунки Қуръон баракадир. Қуръон ўқиб ёдлагани сабабли зеҳни ўткирлашади, жисми соғлом бўлади ва бошқа ишларига ҳам жидду жаҳд билан кириша олади.
Инсонларда жуда нотўғри тушунча ҳосил бўлган. Ибодатга вақтим кетиб қолиб, бошқа ишларга улгурмайман, деб ўйлашади. Аслида эса вақтни тўғри тасарруф қилишмайди.
Ҳатто илм олаётган одам ҳам кун тартибида зикрга вақт ажратиши керак.
Эрталабдан ишга, ўқишга кетишдан аввал зикр, салавотлар айтиб уйдан чиқиб кетилса, кун давомида ҳам барака бўлади.
Ҳар бир банда ўзига маълум тартиб тузиб олиши керак. Бандалигимизни англаб, шунга мувофиқ ҳаёт кечиришимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни диний амалларни фориғ бўлишдан кейинга суриб, нафснинг бефаҳмлигига дучор бўлишимиздан Ўзи асрасин!
Одинахон Муҳаммад СОДИҚ