Менинг Рамазондаги режаларим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менинг Рамазондаги режаларим

Мен сизларга ҳар йилги Рамазонда амал қиладиган оддий бир режамни баҳам кўрмоқчиман. Мен бу йилги Рамазонда биринчи навбатда Қуръони Карим билан янада яхшироқ танишмоқчиман, бунинг учун уни ўрганиш, ундаги илоҳий ваҳийнинг маъноларини англаб етишни биринчи ўринга қўяман. Бир ой давомида мунтазам равишда Қуръонни тиловат қилиб, Иншаааллоҳ, насиб қилса, машҳур олим ёзган мўътабар тафсир топиб, оятларнинг тафсирини ҳам ўқиб бораман.

Рамазоннинг бошидан охиригача Бомдоддан кейин ухламайман, бунинг ўрнига ишга ёки ўқишга борадиган пайт бўлгунча Қуръон ўқийман. Кун давомида вақт топиб, аввал ёдлаган сура ва оятларни такрорлаб, мустаҳкамлаб тураман. Кейин ҳар куни ҳеч бўлмаганда битта оят ёдлашни бошлайман. Бу йилги Рамазонда мен эрта ётаман – таровиҳдан келаман-у, ухлайман. Ухлашда эрта туриб, таҳажжуд ўқишга, кейин саҳарлик қилиб, шомгача рўза тутишга ният қилиб ётаман. Уйқуга кетаётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб ётаман. Саҳардан анча аввал уйғонаман, уйқудан турганда ўқиладиган дуони айтиб, Аллоҳга ҳамду санолар айтаман, сўнг таҳажжуд ўқиб, умматимизга хайр-барака тилаб, шайтоннинг шарридан паноҳ сўраб дуолар қиламан. Аллоҳ таолога бутун умматни, яқинларимни ва ўзимни Дажжолнинг фитнасидан сақлашини сўраб алоҳида дуолар қиламан.

Мен бу йилги Рамазонни ўз-ўзимни такомиллаштириш, маънавий ўсиш ва Аллоҳ Таолога яқинлик ҳосил қилишга бағишлайман. Сиёсий фаолиятни мақола ёзаётган, оммавий ахборот воситаларида нашр этаётган ёки бошқа бирор йўл билан уммат манфаатларига хизмат қилаётган, ўз саъй-ҳаракатини шу муқаддас ойда ҳам давом эттираётган мусулмонларга бердим. Рўзадор ҳолимда фақат тўғри сўзлашга, сўзлаганда ҳам фақат фойдали сўзни, кишиларга ижобий таъсир кўрсатадиган сўзнигина сўзлашга алоҳида эътибор қиламан. Яхши ва фойдали сўз топмасам, беҳуда сўзламай, Аллоҳ Таолони Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган гўзал сўзлар билан зикр қиламан. Мен бу сўзларни қуруқ айтиб қўя қолмай, балки уларнинг маъносини чуқур англаб етишга интиламан, уларнинг қалбимга, ақлимга ва ҳаётга муносабатимга таъсир қилиши учун ҳаракат қиламан. Агар зикр ва дуоларни кўп ва яхши билмасам, янгиларини ўрганаман, илмимни ошираман. Хуллас, ҳар бир бўш қолган дақиқамни Қуръон ўқиш ёки ёдлашга сарфлашга ҳаракат қиламан.

Нигоҳимни бефойда, номуносиб, салбий, ёмон ёки уят нарсаларга қаратмайман. Машинамда ҳам фақат Қуръон ёки машҳур олимларнинг маърузаларини тинглаб юраман. Компьютеримни ҳам фақат Қуръон ўрганиш, ёдлаш учунгина ёқаман, ундан фақат шу мақсадда, шу ниятда фойдаланаман. Исталган сура ёки оятни то мен уни ёд олмагунимча такрорлайверадиган бундай ёрдамчини яна қаердан ҳам топаман? Сафарга чиқсам ҳам, Қуръон ёки ҳадис китобларини ўзим билан олиб кетаман.

Айниқса, Рамазон ойида кўзимни зинодан сақлашга қаттиқ киришаман. Номаҳрам кишига кўзим тушса, уни томоша қилиб, ташқи кўринишидан завқлана бошламасимдан тезда нигоҳимни олиб қочаман. Мишмишлар, ғийбатлар сўзланаётган жойдан тезда қочаман, таниш-билишлар, ишхонадагиларнинг беҳуда гап-сўзларига аралашмайман ҳам, уларни тингламайман ҳам. Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида Аллоҳдан раҳмат, иккинчи ўн кунлигида мағфират сўрайман, учинчи кунида эса жаҳаннамдан озод қилишини сўраб, илтижо қиламан.

Бу Рамазонда ҳар доимгидан сахий, мурувватли бўламан. Дунёнинг турли чеккаларидаги мусулмонларнинг ҳаққига дуо қиламан, тақдирнинг оғир синовларига учраган биродарларимга руҳан ҳамдард бўламан. Иншааллоҳ, молим нисобга етган бўлса, бу Рамазонда берадиган закотимни айнан ана шундай муҳтожларга деб ният қиламан. Авваллари закотни бирорта қийналиб қолган яқинимга бериб келган бўлсам, энди бу ишга ўз молимдан пул сарфлаб, ҳақиқий муҳтожларни топиб, закотни уларга бераман. Беш кунлик дунёда қолиб кетадиган уй-жойимга, кийим-бошимга, компьютер ўйинлари ва DVD-дискларга иложи борича камроқ пул сарфлашга ҳаракат қиламан. Бунга сарфлайдиган пулларимни менда ҳаққи борларга, Аллоҳ муҳтожлик билан синаётганларга эҳсон қиламан.

Сахийлик билан чекланиб қолмайман, оилам, яқинларим, қариндош-уруғ, дўст-оғайнилар, таниш-билишлар ва умуман, ҳар қандай одам билан хафачилигим бўлса, улардан ўтган бўлса, кечириб, мендан ўтган бўлса, узр сўрайман. Қалбимни ғазаб, шубҳа, ҳасад ва нолишлардан тозалайман. Ҳатто ғайридин бўлса ҳам, қўшниларимга яхшилик қиламан, ҳеч бўлмаса, улар билан чиройли муомала қиламан. Бу йилги муборак Рамазоннинг шарофатидан уларни ҳам баҳраманд қилиб, Ийдул-Фитрда уларга совға-саломлар, ширинликлар улашаман. Бу йилги Рамазоннинг охирги ўн кунлигига тўғрилаб таътилга чиқмоқчиман, Аллоҳ Таолога маънавий, руҳий яқинликнинг ғанимат пайтларини қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаяпман. Шу йилги Рамазон муносабати билан бирорта ёмон одатимни ташлайман, масалан, айтилган вақтга кечикиб бориш ёки ваъдага хилоф қилиш каби ярамас иллатларимдан воз кечаман. Кашанда бўлсам, шу Рамазондан бошлаб чекмаганим бўлсин. Энди кундузи эмас, кечаси ҳам чекмайман, умуман, чекмайман. Мен энди чекмайман! Тилимни, тишларимни Аллоҳнинг зикри учун доимо покиза тутаман, аъзои баданимнинг пок ва соғлом бўлишига эътибор қиламан.

Талаба бўлсам, сессия Рамазонга тўғри келиб қолса, ҳамма имтиҳонларни аъло баҳога топширишга ҳаракат қиламан, лекин Аллоҳни эслаш ва Қуръон ўқишга, барибир, вақт топаман! Ана шундай қилиб, бу йилги Рамазонни унинг руҳиятига мос кайфиятда ўтказаман. Эрта ётиб, тонг ёришмасдан тураман, таҳажжуддан кейинги вақтни илмга сарфлайман. Ҳар куни Бомдоддан кейин 15-20 минут Қуръон тиловат қилиб, тафсир ўқийман. Агар шу йилги Рамазонни ўйлаганимдек ўтказа олсам, Ийдул Фитрни ёруғ юз билан, салим қалб билан кутиб олиб, меҳрибон Аллоҳимдан рўзамнинг ажрини зиёда қилиб беришини сўрашга ботина оламан.

Аййуб Ҳамид

 

 

Мавзуга оид мақолалар
1қисм 1969 йили «Макияж қирол»ларидан бири ҳайвонот боғида дўсти билан сайр қилиб юрарди. Унинг дўсти давоми...

05:49 / 29.11.2016 4618
насиҳат  Aссалому алайкум, қалблари беғубор, кучқувват, ғайрат ва шижоат соҳиблари бўлган азиз ёшлар. давоми...

21:00 / 06.01.2020 2656
  Аллоҳ таоло айтади «Эй Набийнинг аёллари Сизлар аёллардан бирортаси каби давоми...

12:34 / 08.12.2016 4310
Жаннатга кирмай қолиш. Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга чуқур назар соладиган бўлсак, банданинг давоми...

15:27 / 17.11.2016 3833