Бу дил сенга интиқ, Рамазон!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қоп-қора туннинг сукунатидан, ваҳшатидан зада бўлган борлиқ тонг отиши билан эзгуликлар домига чўкади. Мунаввар тонгнинг мусаффо иси барча ёвузликларни куйдириб, борлиққа хотиржамлик, осудалик улашади гўё. Менинг  бироз хира кўнглим бир тонгга интиқ. Унинг йўлига кўз тиккан куйи хотиржамликни, кўнгил сокинлигини олиб келувчи тонгни кутмоқда...

Турмуш ташвиши, кундалик важ юзасидан бозор оралаб юрарканман, сотувчи боланинг «Рамазон тақвимини олишни унутманг!» деган сўзларини эшитдим-у ўша томонга отилдим. Шоша-пиша пул чиқариб тақвимни олдим. Бутун борлиқни, тала-тўполон бозорда турганимни ҳам унутиб, тақвимни кўздан кечира бошладим. Саҳарлик пайти – ифтор вақтини кўриб, ўша фараҳли онларнинг мунис шукуҳини кўнглим бир қур ҳис этди. «Оғиз ёпиш дуоси», «Ифтор дуоси»ни ўқиб чиқдим-у, кўзларимда ёш айланди. Бутун борлиғимни алланечук ҳислар қамраб олди. Шунда дилим кутаётган тонг – эзгулик олиб келувчи Моҳи Рамазон эканини тушундим.

Рамазон! Унинг ташрифи мен илҳақ бўлган туйғулар, барча бандаи ожизлар туйишини истаганим ҳислар олиб келади дилларга. Шунда бутун инсоният эзгуликка юз тутади. Ҳар томонга йўрғалаётган карвон нор туялари бир йўлга тушади, уларни ягона ҳажаф – рамазон номи остида бирлаштиради, улар ягона Холиққа бўйин эгиб, ибодат қиладилар. Бой- камбағал – барча баробар: очлик, қўрқув, умид, ишонч, илинж....

Тонг! Рамазон тонги! Ҳеч уни жимгина тинглаб, туйиб ҳидлаганмисиз? Ундан иймоннинг иси, умиднинг товуши келади гўё. Унда мақсадлар умумийлашиб, қалблар муштараклашади. Ҳали тонг насими эсмасданоқ, уйғоқ қалблар кўзларини уйқудан уйғотади. Ғафлатдан огоҳлантиради. Аллоҳ таоло берган неъмат ила ризқланиб, унга шукрона айтадилар. Ҳатто шу таомланишнинг ўзи ҳам ибодат, ундан мурод – равзаи жаннат. Шундан сўнг ҳар бир муслим то белгиланган муддатгача ўзини ейиш-ичишдан, ёмон сўз-амалдан, ҳатто ёмон ўйдан ҳам тийишга ният қилади. Тонгги ибодат – ибратли ҳикоят –  дилга равшанлик бахш этади.

Кун! Рамазон куни! Унинг файзини яшаб ўтган умрингнинг боридан топиш маҳол. Эл-юртга, оилага наф келтирмоқ учун йўл олган муслимлар кўзида қувонч. Уларнинг қилар иши, борар йўли, турлича, лекин ҳадафи бир – охират сафарига арзигулик бир сармоя йиға билиш, Аллоҳ ризосига эришмоқ. Аллоҳ берган ризқни ўз ҳалол меҳнати ҳалол йўл билан топиб, фарзандлари, аҳли оиласига тутмоқ. Аллоҳнинг яна бир амрини бажармоқ.

Кун буйи замин узра нур таратган, барча мусулмонларни нурлари билан эркалаган қуёш ҳориб уфққа бош қўяди. Ифтор вақти кириб, Аллоҳ учун очлик, ташналикка бардош берган барча жонлар ифторга етказгани учун Яратганга шукрона айтиб, дуо қиладилар: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳим, сен учун рўза тутдим ва Сенга таваккал қилдим. Ўзинг барча нуқсонлардан поксан. Ҳамд Ўзинггга хосдир. Мендан (рўзамни) қабул қилгин. Албатта Сен эшитгувчи ва билгувчисан!»

Тонгдан тунгача Аллоҳ ризосини истаб, нафақат очлик ва ташналикка чидаган, ғийбат, чақимчилик, ёлғончилик ва ёмонликдан ўзини тийган муслимлар биргаликда галдаги ибодатга юзланадилар. Қалбларидаги кибр салтанати парчаланган, тақво аталмиш иморат юксалган ҳолда Таровеҳ намозига саф тортадилар. Аллоҳдан гуноҳларга мағфират, дилларга мустаҳкам иймон сўраб илтижо қиладилар. Ҳар кун шу тарзда янги-янги ҳислар оғушида такрор бўлади. Бу ойни узоқроқ давом этишини истайди кўнгил. Йил давомида Рамазонга интиқ кўнгил бу ой орасида яна бир ажиб неъматни, Қадр кечасини кутиб яшайди. Юлдузлар билан тўлган осмон, ишқ ва мусаффо ҳаво, қалбларида илинж тўла умидлар билан бир ерга жам бўлиб ибодатга киришган муслиму муслима Қадр кечасининг файзли бир томонида. Қалбимда Рамазон ойи ва Қадр кечасига нисбатан меҳр нурини товлантирган бувижоним ҳозир орамизда йўқлар. Улар менга тинмай ривоят айтардилар. Мен уларга тинмай саволлар берардим: — Бувижон, нега бугун жуда кўп бувижонлар бизникига келишаяпти? — Болагинам-а, ахир бугун Қадр кечаси-ку. Айтиб бергандим-ку, бу кеча ким тинмай ибодат қилса, унинг аввалги ва кейинги гуноҳлари кечирилади. — Нега бошқа кун эмас, айнан бугун гуноҳлар кечирилади? — Қизалоғим, чунки бугун Аллоҳнинг фаришталари ер юзига тушади. Улар Аллоҳнинг амри билан ибодат қилган бандалар атрофида тонгга қадар айланиб турадилар. Аллоҳ таолонинг саломи солиҳ бандаларига юборилади. Бу муборак кечада қилинган дуолар рад этилмайди. —Бувижон, мен ҳам дуо қилсам бўладими? —Албатта, бўталоғим. Нега бўлмас экан. Ўзим сенга ўргатиб тураман... «Пўшт арава!» деган овоз чўчитиб юборди. Атрофимга қараб ҳали-ҳали бояги ўрнимда турганимни англадим. «Уйга бориб бувимнинг ҳақларига дуои фотиҳа қиламан», деган ўй билан йўлимда давом этдим. Бувимнинг яна бир ривоятлари бўларди. Мен шу ривоятни кўп тинглагандим....

Бир шаҳардан икки дўст сафарга отланибдилар. Узоқ йўллар кўплаб шаҳарлардан ўтибдилар. Навбатдаги шаҳарга етганларида тақдирнинг чархпалаги чаппасига айланибди. Икковлон ўғриликда айбланиб ҳибс этилибдилар ва миршаблар уларни буткул унутибдилар. Орадан бир ҳафта ўтгач, уларнинг айбсизлиги маълум бўлибди. Миршаблар зиндон эшигини очсалар, маҳкумлардан бири вафот этган, иккинчиси эса ибодат билан машғул экан. Бунинг сир-синоати барчани қизиқтириб қўйибди. Бунга маҳкум шундай изоҳ берибди: — Мен Аллоҳнинг барча амрини бажаришга интилиб яшадим. Жумладан, Рамазон рўзасини тўлиқ тутдим. Рўза тутиб ўзимни чиниқтирдим. Сабр-тоқат, ирода-матонат аслида рўза тутиш оқибатида пайдо бўлади. Менинг тириклигимнинг асосий сабаби, Аллоҳ берган ризқим бу дунёдан ҳали узилмагани, кейин рўзанинг бир фазилати – мени чиниқтирганлиги .

Бувим шу ривоятни такрорлашни хуш кўрардилар. Ривоятни такрорлаганларида эса ўзларининг ота-оналарини қийналиб дин амалларини бажарганларини, уммон-уммон китобларни зўравон сиёсатдан чўчиб, ерга қабр қазиб кўмганларини ёдлаб, йиғлаб ҳам олардилар. Шундай дорул омон замонларни кўрганлари учун Аллоҳга шукрона айтардилар.

Яқинда бир китобда ўқиб қолдим, жисмимизда қон ҳажмини камайиши юракка жиддий хавф келтиради. Янада муҳимроғи, тўқималар орасидаги ортиқча сувни йўқ қилиб, тўқима босимини камайтиради. Рўза пайтида эса ўша босим пасаяди. Бу эса юракка биз инъом этишимиз мумкин бўлган энг катта яхшиликдир. Тўқима босимини рўзадан бошқа йўл билан тушириш қийин. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Одам фарзандларининг барча амаллари ўзи учундир, фақат рўза Мен учундир, унинг савобини Ўзим бераман» , деб амр қилган.

Бу рўзанинг турган-битгани жисмга фойда бўлса-ю, яна унинг учун кўп ажру савоб олсанг, бу қандай неъмат! Бу дин қандай улуғ рушду ҳидоят! Ё Аллоҳим, уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берган бу неъматинг учун Сенга беадад шукрлар бўлсин. Бизни яна Моҳи Рамазонга соғ-омон етказганингга шукур! Бизнинг қалбимизни ҳидоятингга кенг қилиб қўй. Сен Меҳрибон ва Раҳимли Зотсан.

Нигора Мамасаидова

Мавзуга оид мақолалар
Адҳам фақирона ҳаёт кечирарди. Уни таниганлар «Адҳам ямоқчи» дейишади. Тирикчилиги ёнатрофдаги давоми...

21:00 / 15.11.2019 3487
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Ассалому алайкум, азиз мухлисалар Бугун 29 декабрь куни Мавлиди шариф давоми...

09:41 / 23.02.2017 5450
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу Ушбу муборак ойда, сайтимиз томонидан Расулуллоҳ давоми...

15:17 / 09.12.2016 2657
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар давоми...

17:42 / 14.02.2017 5760