Рамазон фазилатлари (муқаддима)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Рамазон ойини фазилатлар билан тўлдирган ва бу ойнинг рўзасини динимизнинг рукни қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон ойининг фазилатларини умматларига етказган ва уларни ҳосил қилишни ўргатган Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!

Рамазон ойини ёппасига Қуръон ва қурбат ойи қилиб ўтказган саҳобаи киромларга ва уларга эргашган солиҳ кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмату баракоти бўлсин!

Бутун мавжудотни йўқдан бор қилиб, истаганини бошқасидан афзал қилган Холиқ таоло замон ва маконни яратиб, уларни қисмларга бўлиб, орасидан истаганини фазилатли қилган, шарафлаган, афзал деб танлаган ҳамда эълон қилган. Маконда икки Ҳарам ва Ақсони афзал қилганидек, замонда айрим пайтларни, хусусан, Рамазон ойини афзал қилиб қўйган.

Рамазон ойининг фазилатлари бисёр. Асосийси унда башарият учун шараф ва нур бўлган Каломуллоҳ нозил бўлган.

Рамазон ҳақида жуда кўп асарлар битилган. Уларнинг орасида муҳаддисларнинг бу ойга доир ҳадисларни тўплаб тузган асарлари алоҳида ўрин тутади ва ўз бобида асос бўлиб хизмат қилади. Шундай дурдоналардан бири Абдулғаний Мақдисийнинг «Рамазон фазли» асаридир.

Асар Абдулғаний Мақдисий ўзидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган санадлари билан ривоят қилган 62 ҳадисдан иборат. Рисола Рамазон фазилатига бағишланган.

Китоб уч қисмдан иборат:

  • Рамазон фазилати;
  • Қадр кечаси фазилати;
  • Саҳарлик фазилати.

Биз билган маълумотга кўра, асарнинг танқидий матни дастлаб Абу Абдуллоҳ Аммор ибн Саъид Жазоирий таҳқиқи билан 1999 йили “Ибн Ҳазм” нашриётида нашр қилинган. 2003 йилга келиб Доктор Рифъат Фавзий Абдулмутталиб – Аллоҳ таоло у кишини саломат қилсин – жуда ҳам мукаммал тарзда таҳқиқ қилиб нашр қилди. Доктор Рифъат асардаги ҳар бир ҳадиснинг санадини алоҳида ўрганиб, унинг ҳадис илми асосидаги даражасини баён қилиб берган. Улар саҳиҳ, ҳасан, заиф ва баъзиси ўта заиф ҳадислардир.

Ҳадис илмидан хабардор кишилар яхши биладиларки, шаръий ҳукм бўлмаган қўшимча амалларда, тарғиб мавзуларда заиф ҳадислар ҳам олинаверади. Фақат ўта заиф ва тўқима ҳадислар олинмайди.

Ҳадислар қуйидаги даражаларда берилган:

*Саҳиҳ: санади узилмаган, санаддаги кишиларнинг ҳар бири адл ва забт эгаси бўлган, ўзидан кўра қувватли ҳадисга зид бўлмаган, махфий айби йўқ ҳадис. Бу ҳадис тўлиқ ҳужжат бўла оладиган, қувватли далил бўлади.

Адл – катта гуноҳлардан ўзини сақлаш, кичик гуноҳларда давом этмаслик, олийжаноблик хулқларига зид иш қилмаслик сифати.

Забт – қабул қилиб олган ҳадисларини китобида ва хотирасида бехато сақлай олиш иқтидори.

*Саҳиҳ лиғойриҳи: бу ҳадис ўзи саҳиҳлик даражасида бўлмай, ҳасан даражасида бўлади, аммо бошқа бир ҳадис қувватлови билан саҳиҳ даражасига кўтарилган бўлади.

*Ҳасан: саҳиҳ ҳадисдаги ҳамма шартларга эга, фақатгина ровийларидан бирида «забт» сифати етарли бўлмайди.

*Ҳасан лиғойриҳи: ўзи заиф бўлиб, бошқа бир заиф ҳадиснинг қувватлови билан ҳасан даражасига кўтарилган ҳадис.

Юқоридаги навларнинг ҳаммаси шаръий ҳукмларда ҳужжат бўла олади.

*Заиф: саҳиҳлик шартларидан бирортасига халал етган ҳадис.

Бу турдаги ҳадиси шарифлар шаръий ҳукмларда тўлақонли ҳужжат сифатида олинмаса‑да, тарғиб, ундов бобларида, қўшимча амалларга тегишли ўринларда қабул қилинади ва амалга ярайди.

Бу муборак асарни ушбу 1439 сана Рамазонига бағишлаб нашр қилишни, ҳар куни иккитадан ҳадисни қўлдан келганча таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қилиб боришни ният қилдик. Асарни Доктор Рифъат таҳқиқи асосидаги нусхадан олдик.

Ҳадисларни таржима қиларканмиз, узун бўлгани ва илмий доирага тегишли экани нуқтаи назаридан ҳамда ўқувчига осонлик истаган ҳолда санадларни бермаймиз, балки ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳобани зикр қилиш билан кифояланамиз. Ҳар бир ҳадисга унинг илмий даражасини мазкур таҳқиқ асосида бериб борамиз.  Асардан мақсад ундаги ҳадисларга кўра амал қилиш бўлгани ва амалга ўта заиф ҳадислар олинмаслиги эътиборидан уларнинг орасидан ўта заиф ёки мункар бўлганларини (инкор қилинган, қабул қилинмаган) тушириб қолдирамиз. Бу ҳам бўлса, ўқувчиларимизга осон бўлиши ва ҳеч иккиланмай китобдаги ҳадисларга кўра амал қила олишлари учундир. Бирор шарҳталаб гап бўлса, уни баён қиламиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таолодан бу амални ёлғиз Ўзининг розилиги учун бўлишини насиб этишини, унга амал қилишга аввало ўзимизни муваффақ қилишини сўраб қоламан.

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvRPDfUvtnKSEembed

16:27 / 24.05.2017 3648
Исломий либослар IV халқаро конференцияси жорий йилнинг 1316 сентябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида давоми...

08:02 / 28.11.2016 5282
Роббим қалбингизга соф иймон берсин, Қутлуғ қадамингиз нурларга тўлсин, Аллоҳдан сиз учун эзгулик давоми...

11:31 / 01.03.2017 4209
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим эдилар. У зотнинг саҳобаларга таълимтарбия бериш давоми...

21:00 / 14.10.2019 3528