Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси
Жунайд СУАВИ
– Чақалоғимни кўришим мумкинми? – илк маротаба фарзанд кўрган ёш она шифокордан сўради. Унга юмшоққина “тугун” тутқаздилар. Ёш она гўдагининг беғубор юзчасини кўриш учун ҳайрат ва муҳаббат билан шундоқ пардани кўтарди ва... нафаси ичига қайтди. Шифокор бир сўз демай ортга тисарилди ва ойнадан онани кузатди. Чақалоқнинг қулоқлари йўқ эди!..
Чақалоқ муддати етмагани боис туғма нуқсонбилан туғилганди. Бошқа аъзолари соппа-соғ,фақат қулоқлари йўқлиги учун кўриниши ғалатироқ эди.
Орадан йиллар ўтди, бола мактаб ёшига етди. Бир куни дарси тугамай уйига югуриб келди. Ўзини онасининг қучоғига отиб, ҳўнграб йиғлади.
– Мактабда ёши катта бола мени “қулоқсиз ногирон” деди...
Бола ана шундай изтироблар билан улғайди.
У ниҳоятда зукко, билимдон ўқувчи эди. Аммо тенгдошларидан ҳар қанча ақлли, ҳатто заковати ила синфбоши бўлишга-да муносиб бўлсин, одамлардан ўзини четга тортиб юрарди.
Онаси ўғлига:
– Одамлардан тортинма! Тенгдошларинг орасига қўшилиб юр, – дея кўп бора уқтирарди. Аммо онаизор ўғлининг жисмидаги нуқсонидан уялишини ҳис қилиб кўнгли оғрир, боласининг кемтиклик билан туғилишида ўзини айбдор ҳис этарди.
Бола йигит ёшига етганида отаси шифокорларга қайта мурожаат этди.
– Наҳотки ҳеч нарса қилолмасак?! Ўғлимнинг дардига даво топишга тиббиёт ожизлик қиладими?– деб сўради ота изтироб билан.
Шифокор:
– Агар бир жуфт қулоқ тополсангиз,трансплантация амалиётини ўтказиш мумкин. Фақат шу йўлгина ўғлингизни нуқсонидан халос қила олади, – деди.
Шундай қилиб, йигитга қулоқларини берадиган инсон қидирила бошланди. Бу қидирув икки йил давом этди.
Бир куни отаси ўғлига:
– Касалхонага борамиз, болам. Сенга қулоқларини берадиган одам топдик. Энди амалиётни тезлаштириш керак, – деди.
Йигит ота-онаси ҳамроҳлигида касалхонага келди. Ота-она фарзандини узоқ дуо қилиб,жарроҳлик хонасига киргизиб юборишди.
Амалиёт муваффақиятли ўтди. Нуқсонли бола гўзал шамоилдаги инсонга айланди. Ташқи кўриниши руҳиятини ўзгартириб юборган йигит аввалгидан-да яхши ўқиди. Ўқиш ва жамоат ишларида барчага ибрат бўлгулик муваффақиятларни қўлга киритди. Олий ўқув юртида ўқиди. Уйланди. Дипломат бўлди. Орадан йиллар ўтиб, бир куни отасидан сўради:
– Отажон, менга бу қадар яхшилик қилган инсон ким? Мен уни билишни, кўришни истайман. Менга қулоқларини бериб фидоийлик қилган нисонга ҳалигача ҳеч қандай миннатдорчилик билдирмадим.
– У инсонга бирор нарса қилишинг шарт эмас. Вақти келганда ҳаммасини тушунасан, унинг кимлигини биласан. Аммо ҳозир эмас, – деди отаси ўғлига маҳзунгина кулимсираб боқар экан.
... Бу сир йиллар бўйи ҳеч кимга, ҳатто ўғилга ҳам ошкор бўлмади.
Бир куни ўғил бу махфий сирдан хабар топди. Ўша мудҳиш кун отаси билан онасининг жасади устида қайғуга ботиб ўтирарди. Жаноза ўқилишидан аввал отаси:
– Онанг ҳеч қачон сочини кестиришга зарурат туғилмаганидан мамнун бўлиб яшади. Ҳеч ким онангнинг ҳусни кемтиклигини билмади! – дея туриб секин марҳуманинг бошига қўлини узатди ва унинг қаҳваранг сочларини четга кўтарди. Онанинг қулоқлари йўқ эди...
Мукаммал гўзаллик – жисмоний кўриниш билан боғлиқ эмас, аксинча, қалб гўзаллигидандир.
Ҳақиқий бахт кўраётган нарсангда эмас, асли кўринмаётган ердадир.
Ҳақиқий севги ҳаммага кўрсатиб қилинган ишда эмас, ким қилгани номаълум яхшиликда намоёндир.
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси